Линклар

Шошилинч хабар
27 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:35

Грузин ўгай, ўзбек ўз. Ҳозирча...


Ўта кескинлашиб кетган Грузия-Россия муносабатлари жаҳон жамоатчилиги диққат марказида қолмоқда. Бу тарангликдан одатдагидек сиёсатчиларга эмас, оддий фуқароларга жабр бўлмоқда.

Бир неча ҳарбийсининг айғоқчиликда айбланиб Тбилисида қўлга олинишини ўзига нисбатан кечириб бўлмас ҳақорат сифатида қабул қилган Россия расмийлари тобора жазавага тушмоқда. Тбилиси - Москва муносабатларининг совушидан Россияда яшаб, ўз тирикчилигини ўтказаётган оддий грузинларга оғир бўляпти.

“Озодлик”нинг Москвадаги ҳамкори Имонбек ўзбекистонлик бир қанча мигрант ишчилар билан суҳбатлашди. Уларнинг айтишича, дейди Имонбек, милиция ходимлари кўча-кўйда ҳужжат текширар экан, биринчи навбатда Грузиядан эмасмисан, деб сўраяпти.

Паспортни кўрибоқ, яъни унинг Грузияники эмаслигини билибоқ, ҳужжатни қайтариб, эгасини қўйиб юборишяпти. Грузияликларни излаб топиш учун ҳатто мактабларда текширув ўтказиляпти.

Москвадаги ҳамкоримизнинг бу гаплари мутлақ рост эканига мана бу қисқа хабар ҳам далил бўла олади.

Москва шаҳри ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи Владимир Пронин мактабларда грузин миллатига мансуб ўқувчилар тўғрисида маълумот йиққан милиция ходимларига қарши чоралар кўришга ваъда берди.

Маълумотларга қараганда, грузинлар нафақат Россия пойтахтида, балки мамлакатнинг бошқа шаҳарларида ҳам таъқиб қилинмоқда.

Оренбург шаҳридаги Чет эллик фуқароларга ҳуқуқий кўмак маркази директори Сергей Скобилевский “Озодлик” мухбири билан суҳбатда “Тожикистон, Ўзбекистон ёки Арманистон фуқароларига муносабат ўзгармаганга ўхшаб тургани, лекин грузияликларга муносабат ёмон”лигини билдирди. Унинг айтишича, текширув пайтида Грузиядан экани аниқланган фуқаролар таъқиб қилинмоқда. Уларнинг ҳужжатлари ипидан-игнасигача текширилмоқда.

Тбилиси - Москва муносабатларининг таранглашиб кетгани оқибати ўлароқ оддий грузинлар жабр кўраётгани тўғрисида гапиришдан мақсад аслида шу воқеалар туфайли ўзбекистонлик мигрант ишчиларнинг ҳам аҳволи оғирлашиб кетмадими, деган саволга жавоб топиш эди.

Москвадаги ҳамкоримиз ҳозир Россия пойтахтида ўзбекистонликларга муносабат кескин ўзгаргани йўқлигини маълум қилди.

Оренбургда ишлаётган, исмини айтмасликни сўраган тошкентлик йигитнинг гапларидан Россиянинг бошқа шаҳарларида ҳам ўзбекларга муносабат ўзгармаган, деган фикрга бориш мумкин.

Унинг сўзларига кўра, Оренбургда ўзбекистонликларни жуда кўп учратиш мумкин. Бу шаҳарда ўзбекистонликлар, асосан, икки соҳа - савдо ва қурилишда меҳнат қилади. Ўз вақтида расмий қайддан ўтиб қўйилса - бўлди. Милиция билан ортиқча муаммо бўлмайди.

Агар Тошкент ҳам Тбилисидай Москвадан мустақил равишда сиёсат юритмоқчи бўлиб қолгудай бўлиб қолса, Россияда ишлаётган оддий ўзбеклар грузинлардай Москванинг қўлида гаровда қоладими?

Бу мустақиллиги билан мақтанишдан чарчамаётган ҳукуматлар яхшилаб ўйлаб кўрадиган масаладир.
XS
SM
MD
LG