Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:22

Яна ўзбеклар айбдор...ми?


Жанубий қозоғистонлик ёш гўдакларнинг одам иммун танқислиги вирусидан (ОИТВ) оммавий зарарланиш ҳолатида Ўзбекистон билан боғлиқ янги тахминлар илгари сурилмоқда.

Сал аввал Қозоғистон Бош прокуратураси бемор болалардан беш нафари бу касалликни Ўзбекистонда юқтирган, деган тахминни билдирганди. Энди эса болаларга қуйишда ишлатилган қон донорларининг аксарияти ўзбекистонликлар бўлиши мумкинлиги ҳақида версиялар пайдо бўлди.

Бу тахминлар Қозоғистонга бормоқчи бўлган ўзбекистонликлар ҳаётига ҳам таъсир этадиган кўринади. Кузатувлар шуни кўрсатмоқдаки, қўшни давлатда ўзбекистонликлардан ОИТСга чалинмагани ҳақида махсус ҳужжат талаб қилинмоқда.

Ўзбекистонлик Жансая Мусаева Чимкентдаги олий ўқув юртларидан бирида таҳсил олади. Талаба қиз Чимкентда вақтинча яшаш учун рўйхатдан ўтишга қийналаётганини айтади. Ундан ОИТС марказидан махсус ҳужжат талаб қилишяпти. Акс ҳолда у Қозоғистонда вақтинча яшаш имконидан маҳрум бўлиши мумкин.

Куни-кеча ўзбекистонлик донорларнинг қонини ноқонуний равишда Қозоғистонга сотиш ҳолатлари мавжудлиги ҳақида янги хабар пайдо бўлди.

“Оролман” ноҳукумат ташкилоти раҳбари Зулайҳо Султонова Ўзбекистондан Қозоғистонда сотиш учун қон олиб ўтилаётганига шахсан гувоҳ бўлганини айтади.

Жанубий Қозоғистон ОИТС маркази бош врачи ўринбосари Қурчи Қурбонов бунинг ҳеч қандай ажабланарли жойи йўқлиги, чунки Қозоғистонда қоннинг нархи Ўзбекистондагига нисбатан 6 баробар қиммат эканини маълум қилди.

Жанубий Қозоғистон соғлиқни сақлаш департаменти бўлим бошлиғи Нағима Муҳаммаджонова ҳам қон контрабандаси мавжудлигини инкор этмади. Унинг билдиришича, гўдакларга ОИТВ айнан шу қонлардан юққани масаласида аниқ тўхтамга келингани йўқ. Барчаси тергов натижасида маълум бўлади.

Чимкентлик гўдакларнинг ёппасига “аср вабоси”га чалиниш воқеасида айбдорларни Ўзбекистондан қидириш лозимлигини илк бор Жанубий Қозоғистон вилоятининг эндиликда собиқ ҳокими Бўлат Жилкишиев айтганди. У вилоятда тиббий муаммолар кўпайишида ўзбекистонликларни айблаганди. Собиқ ҳоким Жанубий Қозоғистонда ўзбек гастарбайтерлари ва фоҳишалари кўплиги, шунингдек, ўзбекистонликларнинг турли юмушлар билан вилоятга келиш кўламининг жуда кенглиги бу ерда тиббий эпидемиологик вазиятнинг ёмонлашувига сабаб бўлаётганини таъкидлаганди.

Қозоғистон Бош прокуратураси гўдакларнинг айримлари ОИТВни Ўзбекистонда юқтиргани бўлиши мумкинлиги тўғрисидаги тахминни болаларнинг бир неча Тошкент шифохоналарида даволангани маълум бўлгандан сўнг илгари сурганди.

ОИТВ билан оғриган 8 боланинг оналарида ҳам бу касаллик борлиги аниқланган. Вилоят ҳокимлиги тарқатган маълумотга кўра, аёллардан бири ўзбекистонлик бўлиб, оиласи билан 2005 йилда Жанубий Қозоғистонга кўчиб келган. Унинг бир ёшли гўдаги Олмалиқ шаҳрида туғилган. Бу чақалоқ ОИТВ аниқланган дастлабки беморлардан ҳисобланади. Бу эса касалликнинг бошқа гўдакларга юқиш манбаи айнан шу бола бўлиши мумкин, деган яна бир тахминни келтириб чиқаради.

Айни пайтда бу тахминларнинг барчаси ўрганиб чиқилмокда. Шу пайтгача касалликнинг юқиш манбаи аниқ маълум эмас. Расмийлар фикрича, бу касаллик болаларга стерилизация қилинмаган шприц ёки ОИТВ бўлган қонни қуйиш жараёнида юққан бўлиши мумкин. Аммо бу тахминлар ҳам ҳозирча ўз тасдиғини топгани йўқ.

Айни пайтда вилоятда ОИТВ аниқланган болалар сони 75 нафарга етди. Уларнинг олтитаси оламдан ўтди. Бироқ бу рақамлар охиргиси эмаслиги айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG