Линклар

Россия президенти Владимир Путин АҚШ президенти Жорж Буш билан телефон суҳбатида Россия ҳукумати таниқли журналист Анна Политковская қотилларини топишда барча воситаларни ишга солишини ваъда қилди.


Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар тарқатди.
В.Путин ўтган шанба куни журналистнинг ўлдириб кетилгани юзасидан биринчи марта баёнот берди.
Россиялик таниқли журналист Анна Политковскаянинг ўлдирилгани Россия ва унинг ташқарисида қораланмоқда.
Европа Иттифоқи қотилликни ҳар томонлама тергов қилишга чақирди. Еврокомиссия матбуот вакили Йоханс Лайтенбергер журналистнинг ўлдирилишини “мудҳиш жиноят”, деб баҳолади.
“Еврокомиссия Россияда сўз эркинлиги ҳимоячиси бўлган жасур журналист А.Политковскаянинг Москвада ўлдирилиб кетилганидан ташвишланмоқда. Бу мудҳиш жиноят тўла тергов қилиниши ва жиноятчилар жавобгарликка тортилиши лозим”, - деди Европа расмийси.
Германия баёнотида мамлакатда “қўрқув кайфияти”нинг олдини олиш Россия ҳукумати зиммасида экани айтилади.
А.Политковская ишлаган “Новая газета” қотилни топишда ёрдам бериши мумкин бўлган маълумот учун қарийб 1 миллион АҚШ доллари миқдорида мукофот эълон қилди.
Чеченистонда инсон ҳуқуқларининг топталишини ёритиб борган Анна Политковская шанба куни отиб кетилган эди. Россия матбуоти қотилнинг шериги бўлганини хабар қилди.
XS
SM
MD
LG