Линклар

БМТ Хавфсизлик кенгаши Шимолий Корея ерости ядровий синови ўтказгани масаласини муҳокама этиш учун фавқулодда мажлисга йиғилди.


Халқаро ҳамжамият Шимолий Кореянинг бу қадамини қораламоқда. Жумладан, АҚШ бу ядровий синовни “ғаламисона ҳаракат” ўлароқ баҳолади ва БМТ Хавфсизлик кенгашини тезкор чора кўришга чақирди.
АҚШ президенти Жорж Буш Вашингтонда қилган чиқишида Хитой, Жанубий Корея, Россия ва Япония БМТ Хавфсизлик кенгаши Пхеньяннинг синовига жавобан кескин чора кўришига розилик берганини маълум қилди.
“АҚШ бу ғаламисона ҳаракатни қоралайди. Шимолий Корея яна бир бор халқаро ҳамжамият иродасига қарши чиқди ва халқаро ҳамжамият бунга тегишли жавобни беради. Бугун эрталаб бу ҳақда Хитой, Жанубий Корея, Россия ва Япония етакчилари билан келишиб олдим”, - деди Ж.Буш.
Россия президенти Владимир Путин Шимолий Кореянинг ядро синови атом қуролини тарқатмаслик режимига “катта зарар етказгани”ни таъкидлади.
Буюк Британия бош вазири Тони Блэр Пхеньяннинг бу қадами “мутлақ масъулиятсизлик” бўлганини билдирди.
Франция ташқи ишлар вазири Филип Дуст-Блази Пхеньян ўтказган ядровий синов халқаро хавфсизликка путур етказувчи “жуда мудҳиш ҳаракат” бўлганини айтди.
Шимолий Корея ўтказган ерости ядровий синовини, шунингдек, Япония, Жанубий Корея, Австралия, Ҳиндистон, Швеция, Норвегия ва бошқа давлатлар қоралади.
Маълум бўлишича, Шимолий Корея ўтказган ядровий синов Жанубий Кореянинг молиявий бозорига ҳам салбий таъсир ўтказган. Акциялар нархи ва маҳаллий валюта курси тушиб кетгани айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG