Линклар

Ҳизбчилар Қозоғистонда фаоллашди


Сўнгги пайтларда Қозоғистонда, хусусан, унинг жанубида тақиқланган “Ҳизб ут-таҳрир” партияси аъзолари анча фаоллашди. Буни полиция маҳкамалари маълумотлари ҳам тасдиқлайди.

Жанубий Қозоғистон ички ишлар департаменти матбуот хизмати бошлиғи Салтанат Қоракўзованинг “Озодлик” радиосига билдиришича, партия аъзоларининг фаоллашуви сентябрь ойи бошларига тўғри келади. Бу ойда Чимкент шаҳрида полициячилар томонидан “Ҳизб ут-таҳрир” партияси фаолиятини аниқлаш учун бир қанча тадбирлар амалга оширилган.

Полициячилар томонидан ўтказилган сўнгги тадбирлардан бирида Чимкент шаҳрида “Ҳизб ут-таҳрир”нинг олти аъзоси қўлга олинган.

С.Қоракўзованинг айтишича, партия аъзолари жамоат жойларида варақалар тарқатиб юрган пайтда ушланган. Қўлга олинганларнинг барчаси Жанубий Қозоғистон вилоятида яшовчи фуқаролар бўлиб, улар ёнидан 500 та варақа ва “Ислом низоми” китоби топилган. Айни пайтда мазкур ҳолат бўйича суриштирув-тергов жараёни бормоқда.

“Нима сабабдан бу партия аъзоларининг айнан сентябрь ойида фаоллашгани сабаблари ўрганилмоқда”, - деди С.Қоракўзова.

”Ҳизб ут-таҳрир” диний ташкилоти мамлакат ҳудудида яширин ҳаракат қилади. Партия ғояларини, айниқса, Жанубий Қозоғистонда кенг тарқалган. Мамлакатнинг айнан шу вилоятида ислом дини нисбатан яхши ривожлангани бунга сабаб қилиб кўрсатилади.

Манбаларда айтилишича, вилоят аҳолисининг 80 фоизини мусулмонлар ташкил қилади. Ҳар жума намозларига масжидларда 10 мингтагача одам йиғилади. Ҳайит ва бошқа диний маросимлар пайтида эса бу рақам 300 мингга етади.

Мамлакат миқёсида диний ташкилотлар сонининг ошиши бўйича ҳам Жанубий Қозоғистон биринчи ўринда туради. Расмий маълумотларга кўра, айни пайтда вилоятда 340 та диний ташкилот мавжуд. Улардан 162 таси расман рўйхатдан ўтган.

“Ҳизб ут-таҳрир”га тегишли варақаларни вилоятнинг деярли ҳамма жойида учратиш мумкин. Бу варақалар ўз вақтида шаҳар суди биносидан ҳам топилган эди.

Жанубий Қозоғистон университети профессори Файзулла Исҳоқов вилоятда ҳизбчилар анча фаол ташвиқот олиб боришини айтади.

“Вилоятда ваҳҳобийлар, суфийлар ҳам кўп. Лекин суфийларнинг зарари йўқ. Суфийлар ҳукумат учун фойдали. Чунки улар сиёсий ҳаракатларда қатнашмасликка чақиради. Ҳизбчилар ташвиқоти эса ички сабабларга кўра эмас, ташқаридан бўлаётган таъсирлар сабабли кучлидир. Гап шундаки, қозоқлар ҳеч қачон динга кучли берилган эмас. Улар орасида хурофотга берилган одамлар бўлмаган. Чунки улар кўчманчи бўлган. Ҳозир Қозоғистон муфтияти мадрасалар очди, муллаларни тайёрлаяпти. Лекин Ўзбекистон ёки Тожикистондагига нисбатан бу ерда хурофотга берилган одамлар йўқ”, - дейди профессор.

Полиция маҳкамалари маълумотига қараганда, Қозоғистонда фақат шу йилнинг сентябрь ойида экстремистик руҳдаги адабиётлар тарқатиш билан боғлиқ 20 та ҳолат аниқланган. Йил бошидан буён “Ҳизб ут-таҳрир” партияси билан боғлиқ 45 та жиноят иши очилган.
XS
SM
MD
LG