Линклар

logo-print

КХДР жаҳонни ғазабга келтирди

  • Фаррух Юсуфий

Жаҳон ҳамжамиятининг чақириқлари ва огоҳлантиришларига қарамай, ерости ядровий синови ўтказган Шимолий Корея халқаро майдонда кўплаб давлатларнинг ғазабига учради.

КХДРнинг бу қадами ҳамма учун кутилмаган бўлди. Чунки бундан бор-йўғи икки кун олдин БМТ Хавфсизлик кенгаши Пхеньянни бундай ҳаракатнинг оғир оқибатлари ҳақида огоҳлантирган эди.

Маҳаллий вақт билан 10:36 да, Тошкент вақти билан эса эрталабки соат 6:36 да ўтказилгани айтилаётган ерости синовини Пхеньяндан бошқа манбалар ҳозирча тасдиқлагани йўқ.

Лекин қўшни давлатлар тахминан айтилаётган вақтда Шимолий Корея ҳудудида ерости силкинишлари кузатилганини тасдиқламоқда.

Жанубий Корея президентининг матбуот вакили Юн Тае-Йонг силкинишлар қўшни давлатнинг шимолидаги вилоятлардан бирида кузатилганини маълум қилди.

“Кореянинг Геофанлар ва Минерал бойликлар институти Шимолий Кореянинг шимолида жойлашган Ҳуадай минтақасидаги Ҳамкюнг вилоятида маҳаллий вақт билан соат 10:35ларда 3,58 ва 3,7 балл ўртасидаги силкиниш рўй берганини аниқлади. Бу хабар Жанубий Корея президентига юборилди”, - деди Сеул расмийси.

Шимолий Кореянинг ядровий синов ўтказгани жаҳон ҳамжамияти томонидан қаттиқ норозилик билан кутиб олинди..

Япония Вазирлар Маҳкамаси бош котиби Ясухиса Шиозаки Токиода ўтказилган матбуот анжуманида: “Агар хабарлар тасдиқланса, бу нафақат бизнинг мамлакатимизга, балки Осиёдаги бошқа давлатлар ва халқаро ҳамжамиятга ҳам жиддий таҳдид бўлади. Бу, шунингдек, Пхеньян декларациясининг бузилганини ҳам англатади ва ядровий қуролларни тарқатмаслик режимига жиддий хавф солади”, - деди.

Вашингтон эса агар синов ўтказилгани тасдиқланса, бу Пхеньян томонидан қилинган “ғаламислик ҳаракати” сифатида талқин қилинишини таъкидлади.

Россия президенти Владимир Путин Шимолий Кореянинг синови ядро қуролини тарқатмаслик режимига “катта зарар” етказганини билдирди.

“Россия, шубҳасиз, КХДРда ўтказилган синовларни қоралайди. Гап фақат Шимолий Кореянинг ўзида эмас, гап бу синовлар жаҳонда оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик жараёнларига етказган улкан зарардадир. Шимолий Корея музокаралар жараёнига қайтишига умид қиламан ва Ташқи ишлар вазирлигига БМТ Хавфсизлик кенгашида тегишли маслаҳатлашувларни ўтказишни топшираман”, - деди В.Путин.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Шимолий Кореядан “дарҳол ядровий қуролларни тарқатмаслик келишуви ва олти томонлама музокараларга қайтиш бўйича тегишли чораларни кўришни” талаб қилди. Москва шунингдек, барча томонларни босиқликка чақирди.

Хитой эса Шимолий Кореянинг хатти-ҳаракатини “уятсизлик”, дея баҳолади.

Жанубий Корея ўзининг қўшниси ҳаракатига жавоби кескин бўлишини маълум қилди. Президент матбуот котиби Юн Тае-Йонг: “Биз ва халқаро ҳамжамият такрор ва такрор синовларни ўтказмасликдан огоҳлантириб келганимизга қарамай, Шимолий Корея 9 октябрь куни ядровий синовни амалга оширди. Ҳукуматимиз шимолнинг ядровий қуролни қўлга киритиши номақбул экани ҳақидаги принципимизга кўра, кескин чоралар кўради”, - деди.

Шимолий Кореянинг ядровий синови йиллар давомида Пхеньянни ўз ядровий дастурларидан воз кечишга кўндириш борасидаги дипломатик уринишлар муваффақиятсиз кетганини англатади.

Бу уринишлар АҚШ, Россия, Хитой, Япония, Жанубий Корея ва КХДРнинг ўзи иштирокида бўлаётган эди. Бир бошланиб, бир тўхтаб ўтказиб келинаётган музокаралар ҳозирги пайтда яна тўхтатиб қўйилган. Бунга Шимолий Корея Вашингтондан ўзининг музлатиб қўйилган молиявий воситаларини қайтиб беришни талаб қилгани сабаб бўлган.

Шимолий Корея жаҳоннинг энг қашшоқ давлатларидан бири ҳисобланади ва халқаро гуманитар ёрдам воситасида мамлакатдаги сурункали очарчиликнинг олди олиб келинади.

Мамлакат иқтисоди, асосан, Хитой билан савдо алоқаларга боғлиқ. Шимолий Кореянинг, шунингдек, Россия ва яқиндан бери Жанубий Корея билан ҳам савдо алоқалари бор.

Синовлар ўтказилгани боис, Вашингтон Шимолий Корея билан савдо алоқалари бўлган мамлакатларни у билан муносабатларни узишга кўндиришга ҳаракат қилиши айтилмоқда.

АҚШнинг БМТдаги вакили Жон Болтон ўтган жума куни Пхеньянни ядровий синов жиддий оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирган эди.

“АҚШ ва Хавфсизлик кенгашидаги бошқа кўплаб мамлакатлар ядровий синовлар ўтказилишини истамаслигини Шимолий Корея тушунмоғи даркор. Агар у синовни ўтказадиган бўлса, бунинг эртасига жаҳон унга нисбатан ўзгаришини ҳам тушуниб олиши лозим”, - деганди Жон Болтон.

Бироқ Россия ва Хитой жазо чораларини қувватлайдими - йўқми, ҳозирча номаълум. Москва ҳам, Пекин ҳам Пхеньяннинг ядровий қуролни қўлга киритиш ниятидан воз кечишини исташини айтади, лекин бўҳрон тинч йўл билан ҳал этилмаса, минтақа хавфсизлигига жиддий таҳдид бўлишидан хавотир билдириб келади.
XS
SM
MD
LG