Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:15

Қамоқдан 73 га кирганда чиқадиган бўлди


Қашқадарёлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, ёши 69 га чиққан Ёдгор Турлибеков уч ярим йилга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раиси Суръат Икромов хабар қилди.

Унинг камида иккита ишончли манбадан олган маълумотларга таяниб айтишича, Ё.Турлибеков устидан суд ҳукми ўтган ҳафтада чиқарилган.

Бу хабарни қашқадарёлик бошқа бир ҳуқуқ ҳимоячиси, мустақил журналист Тўлқин Қораев ҳам тасдиқлади.

Бироқ “Озодлик” мухбирининг мазкур хабарни ё тасдиқласин, ёки инкор этсин, деб вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари билан боғланишга қилган ҳаракатлари бесамар бўлди.

Маълум бўлишича, Ё.Турлибеков Ўзбекистон Жиноят кодексининг 165-моддасида назарда тутилган айб – таъмагирликда айбланган.

Кейинги бир-бир ярим йил ичида қамалган ўзбекистонлик мустақил журналистлар, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари устидан чиқарилган ҳукмлар бир-бирига ўхшаш: уларнинг аксарияти таъмагирликда айбланган.

Жиззахлик мустақил журналист Улуғбек Ҳайдаров устидан ўтган ҳафтада чиқарилган ҳукм айтилган гапга энг янги далилдир.

У.Ҳайдаровни қўлга олиб, 6 йилга кесиб юбориш учун 3 ҳафтаям кетгани йўқ. Ё.Турлибековни 3,5 йилга қамаш учун эса анча кўп – 3 ойдан зиёдроқ вақт сарфланди.

Сиёсий бошпана олиб, Европа мамлакатларидан бирида яшаётган қашқадарёлик мустақил журналист Тўлқин Қораев сўзларига кўра, ҳамюрти Ё.Турлибеков инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатидаги фаолиятини анча кеч – 2000 йили бошлаган.

“Аслида қаршиликлар Ё.Турлибековни радиоаппаратларнинг яхши устаси сифатида танийди. Кейинги йилларда эса Ё.Турлибековни ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида ҳам яхши таниб қолгандилар”, - дейди Т.Қораев.

Кекса ҳуқуқ ҳимоячисининг фаолияти анча вақтдан буён маҳаллий маъмурларнинг ғашини келтира бошлаган эди. Жорий йил баҳорда Ё.Турлибеков Тошкентга кетаётган жойида йўлдан мажбуран қайтарилгани ҳақида “Озодлик” ҳикоя қилганди.

Ўшандан кўп ўтмай, 2006 йилнинг 16 июнида Ё.Турлибеков ўз уйида Қарши шаҳри ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ҳибсга олинди, тинтув ўтказилиб уйидаги компьютер ва инсон ҳуқуқлари ҳимоясига оид адабиётлар олиб кетилди.

Суръат Икромовнинг айтишича, июнь ойида Ё.Турлибеков қўлга олингач, унга нисбатан 139-, 140-, 158- ва 244-моддалар бўйича жиноят иши очилган. Яъни 3 ой муқаддам 165-модда (таъмагирлик) тўғрисида гап йўқ эди.

Хўш, кейин у қаёқдан пайдо бўлиб қолди?

Ҳуқуқ ҳимоячисининг таъкидлашича, тергов тўрттала моддадан биронтаси бўйича ҳам Ё.Турлибековни жавобгарликка тортиш учун пичоққа илинадиган асос топа олмаган ва шундан сўнг 165-модда бўйича янги жиноят иши қўзғатилган.

С.Икромов аввалги моддалар билан Ё.Турлибеков устидан жиноят иши очишга қанчалик асос йўқ бўлган эса, 165-моддани қўллашга ҳам шунчалик асос бўлмаганини билдирди.
XS
SM
MD
LG