Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:28

АҚШ Шимолий Кореяга қарши санкция жорий қилишга чақирмоқда


Шимолий Корея 9 октябрь куни ер ости ядровий синови ўтказгандан кейин АҚШ БМТ Хавфсизлик кенгашига КХДРга қарши санкциялар жорий этишни кўзда тутган резолюция лойиҳасини тақдим этди.

Шимолий Корея расмийлари мамлакатда ер ости ядровий синови муваффақиятли ўтказилганидан мамнун эканини айтмоқда. Шимолий Кореянинг БМТдаги элчиси Пак Гил Йон ядровий синов муваффақиятли ўтганидан хурсандлигини яширмади.

“Мен олим ва тадқиқотчиларимиз ер ости ядровий синовини жуда- жуда муваффақиятли ўтказганидан ғурурланаман”, - деди у.

Бироқ БМТ бош қароргоҳидаги дипломатлар кайфияти ўзгача. БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзолари Шимолий Корея ядровий синов ўтказганини кескин қоралаб, Пхенян расмийларини жиловлаш йўлларини изламоқда.

“Кенгаш аъзолари Шимолий Корея ядровий синов ўтказганига Хавфсизлик кенгаши кескин, тез ва аниқ жавоб бериши кераклигини таъкидламоқда”, - деди Хавфсизлик кенгашига раислик қилаётган Япония вакили Кензо Ошима.

Хавфсизлик кенгашининг 9 октябрь кунги йиғилишида АҚШ Пхенян расмийларини жазолашни назарда тутган резолюция лойиҳасини тарқатди. Вашингтон расмийлари Хавфсизлик кенгаши аъзоларини БМТ Хартиясининг 7-бандига мувофиқ санкциялар жорий қилишга ундамоқда. Бу банд БМТ қарорини барча восита, жумладан, куч ишлатиш йўли орқали ҳам амалга тадбиқ этишни кўзда тутади. Аммо бу масала ҳали кенгашда муҳокама этилиши керак.

Шунга қарамай, БМТ Шимолий Кореяни бошқа синов ўтказмаслик ва олти томонлама музокараларни давом эттиришга чақирди. АҚШ, Россия, Хитой, Жанубий Корея ва Япония вакиллари билан Пхенян расмийлари ўтказаётган сўзлашувлар эса бир неча ойдан бери тўхтаб қолган.

Кузатувчилар Шимолий Кореяга нисбатан қандай чора қўлланиши кўп жиҳатдан Россия ва Хитойга боғлиқ эканини айтмоқда. Москва ва Пекин расмийлари Шимолий Кореяни қуролсизлантиришни хоҳлашини, аммо юзага келган бўҳрон музокаралар орқали ҳал бўлмаса, минтақада беқарор вазият юзага келиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.

10 октябрь куни Пекинда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили Лиу Жиангчао ўз мамлакати позициясини билдириб: “Хитой Корея ярим оролида ядровий қуролга эга бўлишнинг олдини олиш учун уруш бўлишига қатъиян қарши. Бизнинг бу позициямиз халқаро ҳамжамиятга яхши маълум. Хитой анча вақтдан бери Шимолий Корея билан дўстона ва яхши қўшничилик алоқаларига эга бўлиб келган. Бу муносабатлар ўзгармайди. Айни пайтда Шимолий Кореянинг ядро синови ўтказгани бу муносабатларга салбий таъсир этганини рад этмаймиз. Биз Шимолий Корея халқаро ҳамжамият чақириғига ижобий жавоб бериши, ядро қуролини тарқатмаслик мажбуриятини бажариши ҳамда вазиятни мураккаблаштирувчи хатти-ҳаракатдан ўзини тийишига умид қиламиз”, - деди.
XS
SM
MD
LG