Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:01

Нотаниш экспертлар айблови қанчалик асосли?


Ўзбекистонлик айрим ҳукуматпараст экспертлар Фарғона водийсида ишлаётган бир қанча хорижий ноҳукумат ташкилотларни аслида жосуслик фаолияти билан шуғулланишда айбламоқда.

Масалан, Минтақавий сиёсат жамғармаси эксперти Бектош Бердиев фикрича, Қочқинлар масаласи бўйича Дания кенгаши молиявий кўмаги остида ишлаётган айрим ноҳукумат ташкилотлар махфий равишда Фарғона водийси чегара олди ҳудудидаги вазиятга доир ахборотни йиғиш ва хорижга узатиш билан шуғулланмоқда.

“Қочқинлар масаласи бўйича Дания кенгаши ҳузуридаги “Тинчлик водийси” минтақалараро ташкилотлар тузилмаси таркибидаги “Ишонч” маркази ҳамда “Аёл ва замон” ташкилоти қайси мақсадлар йўлида Фарғона водийсидаги давлат чегарасига оид қонунбузарликларни кузатмоқда”, - дея савол ташлайди эксперт “Press-uz.info” сайтига берган интервьюсида.

Шу йилнинг август ойи аввалида Улуғбек Муҳаммадиев исмли бошқа бир эксперт ҳам “Press-uz.info” сайти орқали худди шу мазмундаги, бироқ бу сафар “Мерси корпус” халқаро хайрия жамғармаси номига айблов билан чиққанди.

“Озодлик” мухбири исми кўпчиликка нотаниш, аммо минтақаларо сиёсатга доир катта мавзуларни кўтараётган ўзбекистонлик экспертларнинг кетма-кет чиқишидан сўнг улар билан суҳбатлашишга ҳаракат қилди. Бироқ бу экспертлар ва улар тегишли экани айтилаётган Минтақавий сиёсат жамғармасининг ўзи борасида ҳам айтгулик ахборот олишнинг имкони бўлмади.

Шундан сўнг “Озодлик” мухбири улар номидан хорижий ноҳукумат ташкилотлар шаънига янграётган жосуслик ва қўпорувчилик айблари борасида айрим таҳлилчилар фикрини ўрганди.

Эксперт Улуғбек Муҳаммадиев Қирғизистонда содир бўлган 24 март воқеаларига алоқадорликда айблаган “Мерси корпус”ташкилотининг Қирғизистон жанубидаги ваколатхонаси ва яна бошқа бир қанча хорижий ноҳукумат ташкилотлар билан яқин ҳамкорликда ишлаган журналист Абдумўмин Мамараимов фикрича, хорижий ноҳукумат ташкилотларга бу тариқа қўйилаётган айбловлар мутлақо асоссиздир.

“Мен бу ташкилотнинг фаолияти билан 8 йилдан буён танишман. Бу ташкилотнинг иши фақат аҳолига ёрдам бериш, маҳаллий муаммоларни ҳал қилиш. Кўча тозалашдан тортиб, камбағалларга ёрдам беришга қадар. Ёки ўзим икки йил давомида ҳамкорликда ишлаган АЙРЕКС олайлик. Мен ОАВ марказида раҳбар бўлиб ишлаганман. Бундан аввал менда ҳам бу хориж ташкилотлари пулини нега сарфлар экан, деган шубҳа бор эди. Аммо икки йиллик ишим давомида билдимки, фақат ошкор айтилган мақсадлар йўлидагина иш олиб борилади”, - дейди қирғизистонлик А.Мамараимов.

Қирғизистонлик бошқа бир мустақил журналист Жалил Сафаров ҳам айни фикрни тасдиқлар экан, бир вақтнинг ўзида баъзан сиёсатга аралашиб кетаётган хорижий ноҳукумат ташкилотлар борлигини ҳам инкор этмаслик кераклигини таъкидлайди.

“Фикримча, пойтахтдаги айрим ноҳукумат ташкилотлар ўз иши қолиб, сиёсий мухолифат ишларига аралашиб кетмоқда. Бу нотўғри ва мамлакатдаги бошқа ноҳукумат ташкилотлар уларнинг касрига қоляпти. Оқибатда барча хорижий ташкилотлар чет давлат манфаати учун хизмат қилмоқда, деган айбловлар янграяпти. Бироқ бу нотўғри айблов. Барча ноҳукумат ташкилотларни ёмонотлиқ қила олмаймиз, чунки бизнинг бугунги иқтисодий шароитимизда уларнинг кўмаги жуда катта бўлмоқда”, - дейди Ж.Сафаров.

Қирғизистон президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар институти илмий ходими Иқбол Мирсаидов эса қайсидир маънода ўзбекистонлик экспертлар фикрида оз бўлса-да, жон бор, деб ҳисобламоқда.

“Мисол учун Бишкекдаги 24 март воқеаларида хорижий ноҳукумат ташкилотларнинг қўли йўқ, деб айта олмаймиз. Улар озми-кўпми рол ўйнади. Бир тарафдан, уларнинг халққа ўз ҳуқуқини танитгани жуда тўғри, буни инкор қилиб бўлмайди. Аммо улардан айримлари одамларнинг ҳуқуқини ҳимоя қиламан, деб юриб, ўз ваколатидан четга чиқиб кетган ҳоллар ҳам бўлди. 24 март воқеаларида буни кузатиш мумкин. Аммо Фарғона водийси ва умуман собиқ иттифоқ республикалари ҳудудида фаолият олиб бораётган бирорта хорижий ноҳукумат ташкилотни жосуслик ёки қўпорувчилик фаолиятида айблаб бўлмайди”, - дейди И.Мирсаидов.
XS
SM
MD
LG