Линклар

logo-print

Собиқ ҳокимга Андижон воқеаларига алоқадорликда айбланмоқда

  • Ҳурмат Бобожон

Андижон вилоятининг собиқ ҳокими Қобилжон Обидов 13 май воқеаларини уюштиришда айбланмоқда. Бу ҳақда унинг қариндошларидан бири “Фергана.Ру” агентлиги мухбирига маълум қилган.

Қ.Обидов 11 йил давомида Андижон вилоятига ҳокимлик қилган. 2004 йилда у вилоятда йўл қўйилган бир қанча нуқсонлар сабаб лавозимидан четлатилган ва ўрнига Сайдулло Бегалиев тайинланган эди. Икки йил аввал лавозимидан олинган собиқ ҳоким энди Андижон воқеалари ташкилотчиси сифатида айбланиб, сўроқ қилинаётгани айтилмоқда. Аммо Қ.Обидовга Андижон воқеаси билан боғлиқ қандай конкрет айблов қўйилаётгани қоронғу, расмий доиралар бу ҳақда ҳеч қандай изоҳ бермаган.

Шу ўринда 13 майда Андижон қамоқхонасидан маҳбусларни олиб чиқиб кетиш режаси айнан собиқ ҳоким Қ.Обидов томонидан илгари сурилгани билдирилаётир. Қонли воқеалардан сал ўтиб Андижонда шундай гап сўзлар тарқалган эди.

“Бунинг сабаби бор. Чунки Қ.Обидовнинг акрамийликда айбланаётган 23 тадбиркор ва улардан кейин судга тортилиши режалаштирилган ишбилармонлар билан муносабати жуда яхши бўлган. Бундан ташқари, бу тадбиркорлар ҳокимият биносига керакли мебелларни ҳам тайёрлаб берган. Лекин мен собиқ ҳоким ва тадбиркорлар ўртасида сиёсий муносабатлар бўлган, деб ўйламайман. Улар ўртасида фақат иқтисодий муносабатлар бўлган”, - дейди андижонлик журналист Матлуба Азаматова.

Ҳозир Қ.Обидов ва унинг қидирув эълон қилинган ўғли Улуғбек иши бўйича барча маълумотлар сир тутиляпти. У.Обидов мамлакатдан қочгани, отаси Қ.Обидов Тошкент ҳибсхонасида сақланаётгани ҳабар қилинаётир.

Андижонлик журналист Зокиржон Иброгимов собиқ ҳокимга қўйилаётган айбловлар кўпроқ унинг ўғли билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини айтади. У.Обидов отасининг соясида анча-мунча жиноятлар қилгани халқ орасида овоза бўлган.

Андижонликлар, жумладан, З.Иброгимов ҳам Қ.Обидов ҳокимлиги даврида вилоятда анча ўсиш кузатилганини билдиради. Ўша пайтлари тадбиркорларга ҳам ҳозиргига нисбатан эркинликлар берилганини эслайди андижонлик журналист.

Собиқ ҳоким ҳақида андижонлик қочқинлар ҳам яхши гапларни айтган. Аммо журналист Матлуба Азаматованинг таъкидлашича, Қ.Обидов порахўрлик ва хизмат вазифасини суиистеъмол қилишда Ўзбекистондаги бошқа амалдорлардан қолишмаган. Унинг Андижонда “Қора шаҳзода” лақаби билан танилган ўғли Улуғбек эса отаси орқасидан кўп қабиҳ ишларни қилганини айтади андижонликлар.

Андижон шаҳрининг собиқ ҳокими Абдуллажон Собиров, ҳоким ўринбосари Акбаржон Ҳамзаев ҳам 13 май воқеаларидан сал вақт ўтиб лавозимларидан бўшатилган ва хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш айби билан қамалган эди.

Фарғоналик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдусалом Эргашев “Озодлик” мухбири билан суҳбатда улар қон тўкилиши олдини олишга ҳаракат қилгани учун қамалганинини айтган эди.

Ўзбекистон расмийлари 13 май кунги воқеаларда Андижонда 187 киши ҳалок бўлганини билдириб келади. Воқеа гувоҳлари ва ҳуқуқ ҳимоячилари эса Андижонда халқ ҳукумат кучлари томонидан қирғин қилингани ва юзлаб одам ҳалок бўлганини айтади. Тошкент ҳукумати эса ҳануз бу юзадан халқаро тергов ўтказишдан бош тортиб келмоқда.
XS
SM
MD
LG