Линклар

logo-print

Александр Лукашенкони ранжитган қарор


Абдуллоҳ Эргаш МДҲ мамлакатлари раҳбарларининг 17-18 октябрь кунлари Беларус пойтахти Минскда ўтиши белгиланган навбатдаги саммити Россиянинг таклифи билан ноябрь ойи охирларига кўчирилди.

МДҲ котибиятидан олинган маълумотга кўра, саммитни октябрдан ноябрь ойига кўчириш ҳақида Россия ва Қозоғистон президентларининг Уралск шаҳрида бўлган учрашуви чоғида келишиб олинган. Нурсултон Назарбоев МДҲнинг айни пайтдаги раиси сифатида бунга розилик берган.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги ахборот департаменти вакили Андрей Кравцов саммитнинг бошқа кунга қолдирилишини шарҳлар экан: “Ҳақиқатан ҳам шундай таклифни киритганмиз. Бу кун тартибидаги айрим масалаларни тўла ишлаб чиқа олмаганимиз билан боғлиқдир”, - деди.

Бироқ, кузатувчилар фикрича, МДҲ саммитининг бошқа кунга кўчирилишига норасмий сабаблар ҳам бор. Масалан, Беларус президенти Александр Лукашенко саммит арафасида Россияни танқид қилган ва уни иттифоқдошлик муносабатларини бузаётганликда айблаган эди.

Москвадаги халқаро алоқалар институти ходими Кирил Коктиш А.Лукашенконинг россиялик журналистлар билан ўтказилган сўнгги матбуот анжуманида айтган гаплари Россияга ёқмаганини таъкидлади.

“Россия А.Лукашенконинг Россия журналистларига берган сўнгги матбуот анжумани ёқмаганига шаъма қилмоқда. Бу анжуманда А.Лукашенко Россияни иттифоқдошлик шартларини бузаётганликда, МДҲнинг қолган мамлакатлари фикри билан ҳисоблашмаётганликда айблаган эди. Бу гапларнинг ҳаммаси Россия ва Грузия муносабатлари таранглашган бир пайтда содир бўлди ва аниқки, Россияга иттифоқдоши томонидан тортилган тарсакидек таъсир қилди”, - дейди К.Коктиш.

Айрим кузатувчилар фикрича эса айни пайтда Россия президенти Владимир Путин Грузия президенти Михаил Саакашвили билан саммитда бўладиган учрашувдан қочмоқда ва шунинг учун ҳам Россия-Грузия муносабатлари барқарорлашгунча саммитни бошқа кунга кўчиришга қарор қилган. Иккинчидан, саммит пайтида Россия-Грузия муносабатлари ҳам кун тартибига чиқиши мумкин. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам Россия-Грузия муносабатларига баҳо берилиши зарур, деб ҳисоблайди кузатувчилар.

Ўзбекистон сиёсатчилари ҳозирча бу борада ҳеч гап айтмаган бўлса-да, қирғизистонлик ва тожикистонлик сиёсатчилар Россия-Грузия зиддияти масаласида ўз фикрларини билдирди.

Қирғизистондаги “Менинг ўлкам” партияси раҳбари Зайниддин Қурмановнинг айтишича, бу зиддият Грузиянинг Европа ҳамжамиятига интеграциялашувга интилиши оқибатида келиб чиққан. Россия эса тенглик ҳақида гапирса-да, аслида мана шу тенгликка интилганларга нисбатан босим ўтказади. Россия ўзининг таъсир доирасидан чиқмоқчи бўлган давлатга нисбатан мана шундай сиёсат юргизмоқда.

Тожикистон парламентининг айрим депутатлари эса Россия Грузияга нисбатан жуда тўғри сиёсат юргизаётганини таъкидлаётир.
XS
SM
MD
LG