Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:22

Сил Ғарбий Европани ташвишга сола бошлади


Сил касаллиги Ғарбий Европага жиддий таҳдид солмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) расмийлари Иккинчи жаҳон урушидан бери ҳали ҳеч қачон сил касаллигининг мазкур минтақага таҳдиди бунчалик жиддий бўлмаганини айтмоқда.

10 октябрь куни ЖССТ, Қизил хоч ва Қизил ярим ой халқаро федерацияси ҳамда Европада касалликларнинг олдини олиш ва назорат қилиш маркази Ғарбий Европада силга қарши биргаликда курашишга келишиб олди.

“Европада силга қарши ҳамкорлик” номини олган янги лойиҳанинг бошланишига Шарқий Европа ҳамда собиқ иттифоқ, жумладан, Марказий Осиё мамлакатларида касалликнинг дориларга чидамли шакли кўпаяётгани сабаб бўлди.

Яқин-яқинларгача сил Европа мамлакатлари учун жиддий муаммолар сирасидан ўчирилган касаллик ҳисобланарди. Унинг бирданига долзарб муаммога айланишига нима сабаб бўлди?

ЖССТнинг сил касалликлари дастури мутахассиси доктор Лучика Дитиу Европа мамлакатларининг йиллар давомида силга жиддий муаммо сифатида қарамагани бугун бу касаллик Европага жиддий таҳдид солаётганининг асосий сабаби эканини таъкидлайди.

“Айнан шунинг учун ҳам “Европада силга қарши ҳамкорлик” лойиҳасига эҳтиёж пайдо бўлди. Янги лойиҳа жуда долзарб ва муҳимдир. Лойиҳа ўз олдига қўяётган асосий мақсад жаҳон миқёсида силга қарши курашдаги ҳамкорликни давом эттириш ҳамда Европада сил билан боғлиқ вазиятни назорат қилишга алоқаси бўлган барча ташкилотларни бирлаштиришдан иборатдир”, - дейди Л.Дитиу.

“ЕИ мамлакатларига сил касаллиги ҳақиқатан ҳам муаммо эканини етказишни ҳам мақсад қиляпмиз,- сўзини давом эттирди у. - Чунки бу мамлакатларда кўпчилик силни эски ва аллақачон енгилган касаллик ҳисоблайди. Лекин аслида бу касаллик нафақат ривожланяпти, балки бутун жаҳон учун жиддий муаммо ҳамдир”.

Л.Дитиунинг айтишича, сил касаллигининг Ғарбий Европага таҳдиди, асосан, ривожланаётган давлатлар, хусусан, Шарқий Европа ва собиқ иттифоқ мамлакатларидан келаётир. Бу мамлакатларда силнинг дориларга чидамли кўриниши кенг тарқалмоқда.

“Бу касалликни минг йиллар давомида биламиз, у қадимги Миср мумиёларида ҳам топилган. Сўнгги бир неча юз йил давомида уни ташхис қилишни ва дорилар ёрдамида даволашни ўргандик. Лекин энг даҳшатлиси шундаки, ўтган йили жаҳон бўйлаб 9 миллион кишига сил касаллиги ташхиси қўйилган бўлса, шу даврда биргина Европанинг ўзида силга чалинган 360 минг бемор аниқланган. Бу, асосан, Шарқий Европа ва собиқ иттифоқ, жумладан, Марказий Осиё мамлакатларида кузатилади. Лекин бугунги кунда одамлар бир минтақадан бошқа минтақага фаол ҳаракат қилаётгани боис, бу Ғарбий Европа учун ҳам катта муаммога айланиб бормоқда”, - дейди доктор Дитиу.

Марказий Осиё давлатларида силга қарши бир қанча дастурлар ишлаб чиқилган. Бу дастурларни амалга оширишда халқаро ташкилотлар маҳаллий ҳукуматларга ёрдам кўрсатиб келади. АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги - ЮСАИД томонидан молияланган “Ҳоуп” лойиҳаси минтақа мамлакатларида силга қарши биринчи дастурни бошлаган ташкилотлардан биридир. Ташкилот бугун ҳам 10 йил аввал бошланган фаолиятини давом эттирмоқда.

“Ҳоуп” лойиҳасининг Марказий Осиёда сил касаллигига қарши кураш дастури директори Яап Виин минтақада сил касаллиги вазияти ҳамон аянчли қолаётганини айтади.

“Афсуски, вазият жуда аянчли. Агар Европа бўйича рақамларга қарайдиган бўлсак, сил касаллиги чалиниш ҳолатларининг учдан икки қисми собиқ иттифоқ, жумладан, Марказий Осиё мамлакатларида қайд этилган. Собиқ иттифоқда сил билан боғлиқ асосий муаммо унинг дориларга чидамли кўриниши тарқалаётганидадир. Сўнгги пайтларда эса нафақат бу минтақада, балки жаҳоннинг бошқа қитъаларида ҳам силнинг дориларга ўта чидамли кўриниши аниқлади. Бу касалликни деярли ҳеч қайси дори билан даволаб бўлмайди. Бугунги кунда асосий муаммо ҳам шунда”, - Яап Виин.

ЖССТ ҳужжатларида Марказий Осиё минтақаси расман Европанинг бир қисми сифатида кўрилади. Ташкилот ҳисоботларида Европада йилига 450 минг киши силга дучор бўлиши, беморларнинг деярли 75 мингга яқини Марказий Осиё мамлакатлари ҳиссасига тўғри келиши қайд этилади.

Жумладан, ўтган йили Қозоғистонда 27 минг, Ўзбекистонда 26 минг, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистонда 15 мингдан ортиқ кишида сил касаллиги аниқланган. Марказий Осиёда қайд этилаётган касаллар сони жуда юқоридир.

Марказий Осиёда силга қарши кураш дастурлари амалга оширила бошлаганига 10 йилдан ошганига қарамай, докрор Яап Виннинг айтишича, бу давлатлар силнинг жилддий муаммо эканини эндигина тушуна бошлаган.

“Дастурлар бошланганига 10 йил бўлган бўлса, дастлабки беш йил давомида халқаро ташкилотлар маҳаллий ҳукуматлар диққатини бу муаммога қаратиш билан овора бўлди. Дастлаб бу муаммо жиддий қабул қилинмади. Тахминан беш йил аввал беш давлатнинг барчаси муаммони тан ола бошлади. Ҳозирги кунда бу давлатларнинг ҳукуматлари силга қарши кураш муҳим эканини тушунди”, - дейди доктор Виин.

Ҳар йили жаҳон бўйлаб силга дучор бўлган 9 миллион кишидан бир ярим миллиондан ортиғи касалликдан нобуд бўлади. Европада сил касаллиги қурбонларининг сони йилига деярли 80 минг кишини ташкил этади. Уларнинг аксарияти собиқ иттифоқ, жумладан, Марказий Осиё ҳиссасига тўғри келади.
XS
SM
MD
LG