Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:30

Кейинги станция – Қашқар...ми?


Қирғизистон президенти Қурманбек Бақиев Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши тўғрисида келишиб олди.

Бу янгиликни Қирғизистон президенти маъмурияти ташқи сиёсат бўлими мудири Эрмек Ибраимов маҳаллий газеталардан бирига берган интервьюсида маълум қилди.

Э.Ибраимовнинг билдиришича, темир йўл масаласи Қирғизистон президентининг 3-4 октябрь кунлари Тошкентга қилган сафари чоғида муҳокама қилинган.

Аслида Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши лойиҳасининг қарийб ўн йиллик тарихи бор.

Ҳозир гап ана ўша тариху қурилиши мўлжалланаётган темир йўлнинг фойда-зарари ҳақида.

1997 йилнинг охирида Тошкент, Пекин ва Бишкек вакиллари Қирғизистон пойтахтида йиғилиб, мазкур йўл қаердан тушишини муҳокама қилганди.
Қирғизистоннинг ўша пайтдаги бош вазири ўринбосари Қувончбек Жумалиевнинг айтганларига таяниб, 2003 йил 26 февраль куни тарқатилган хабарга кўра эса Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши 2004 йилнинг охири 2005 йилнинг бошида бошланиши керак эди.

Лекин қурилиш айтилган муддатда бошланмади. 2004 йилнинг охирида собиқ президент Асқар Ақаев мазкур темир йўл қурилишини 2005 йилда Қирғизистон амалга ошириши керак бўлган энг асосий ишлардан бири сифатида баҳолаб: “Агар томонлар келишувни 2005 йили имзолагудай бўлса, яна бир-икки йил лойиҳани ишлаб чиқишга ва олти-етти йил йўлнинг ўзини қуришга кетса, 2015 йилга бориб Шанхайдан Парижга олиб борувчи энг яқин йўлни оча оламиз”, - деган эди.

Демак, собиқ президентнинг гапига қараганда, темир йўлни қуриш тўғрисидаги келишув Пекин, Тошкент ва Бишкек ўртасида 2005 йилда имзоланиши керак эди. Бу гапдан кейин Қирғизистонда инқилоб, Ўзбекистонда Андижон воқелари билан бўлиб, темир йўл қуриш тўғрисида ўйлашга вақт бўлгани йўқ.

Пекинсиз битмайдиган бу ишни Тошкент билан Бишкек иккаловигина ясаб қўёлмайдики, демак, И.Каримов билан Қ.Бақиевнинг темир йўл тўғрисида келишувга эришгани яхши ният изҳоридан бўлак нарса бўлмаса керак. Қолаверса, Ўзбекистон ахборот агентликлари Қ.Бақиевнинг сафарини ёритар экан, президентлар Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши масаласини муҳокама қилгани тўғрисида лом-мим демади.

Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлигига бағишланиб, 2 октябрь куни Тошкентда ўтказилган қўшма анжуманда ҳам темир йўл масаласи кўтарилмади. Ҳар ҳолда кўтарилгани тўғрисида хабар йўқ.

Демак, бир қарашда Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилишига Бишкек қизиқяпти-ю, Тошкент бефарқроқ қарамоқда. Бунинг сабаби балки йўлнинг қаердан тушиши масаласига Тошкент билан Бишкекнинг икки хил ёндашувидир?

Тошкент йўлнинг Андижон-Ўш-Қашқар йўналишида, Бишкек эса Жалолобод-Тўруғарт-Қашқар йўналишида қурилишини истайди. Шу икки йўналишдан қай бири танланиши Тошкент билан Бишкек учун принципиал аҳамиятга эга кўринади.

Қирғизистонликлар бу лойиҳага жуда катта эътибор беряпти. Масалан, собиқ президент А.Ақаев: “Бу йўлнинг ишга тушиши, ундан юкларнинг Қирғизистон орқали ўтиши республика иқтисодиётининг 60 фоиз ўсишига олиб келади, йўл қурилиши даврида 150 мингтагача иш жойи пайдо бўлади", - деган эди.

Ўзбекистонлик таҳлилчи Комрон Алиев фикрича эса: “Қирғизистон, Тожикистон ва ҳатто Туркманистонда ҳам олди-сотди, товарларни транзит қилиш, божлар ҳисобидан мамлакат хазинасига сезиларли фойда тушиши мумкин, лекин 26 миллион аҳолиси бор Ўзбекистон саноат ишлаб чиқаришини ривожлантирмаса, товарларни транзит қилишдан тушадиган пулга қараб ўтирса бўлмайди”.

Туркманистон ҳукуматининг собиқ аъзоси Худойберди Ўрозов Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлини тезроқ қуриш кераклиги, чунки у фақат фойда келтириши мумкинлигини айтади.

Шу ўринда Қозоғистоннинг Хитойдаги собиқ элчиси, хитойшунос олим Мурот Ауэзовнинг бундан 3-4 ой муқаддам “Озодлик”ка берган суҳбати чоғидаги огоҳлантируви ёдга тушади: “Хитой минтақага кириб келар экан, янги иш жойлари пайдо бўлади, деб хомтама бўлмаслик керак, чунки ишчилар у ёқда турсин, ошпазлару дўхтирларниям ўзиникини олиб келади”.
XS
SM
MD
LG