Линклар

Россия меҳнат бозорини тартибга солиш ҳаракатига тушди

  • Барно Анвар

Россия ҳукумати мамлакатга иш ахтариб келаётган меҳнат муҳожирлари учун квота жорий этишга ҳаракат қилмоқда. Бу иш президент Владимир Путиннинг махсус топшириғига биноан амалга оширилаётир.

Россия соғлиқни сақлаш ва ижтимоий тараққиёт вазири Михаил Зурабов бу жараёнда собиқ иттифоқ даврида қўлланилган “режалаштирилган меҳнат миграцияси” сиёсатидан фойдаланишни таклиф қилди. Унинг фикрича, Россия ҳукумати ҳозир ана шу сиёсатни тиклаш ва мамлакатда хорижий ишчи кучига эҳтиёж кўламини аниқлаш ҳамда шунга кўра квота жорий этиш устида иш олиб бормоқда.

Унинг бу таклифи ўтган ҳафта шахсан президент В.Путиннинг мамлакатда миграция жараёнини тартибга солиш ва меҳнат бозорини тўлдириб бораётган муҳожирлар миқдорини назорат қилиш тўғрисида ҳукуматга махсус топшириқ берганидан сўнг янграмоқда.

“Мен улгуржи ва чакана савдо бозорларида савдони тартибга солиш, хорижлик ишчилар сонини назоратга олиш, шунингдек, бозор ходимлари ва савдогарлар томонидан миграция тартибининг бузилишида маъмурият вакиллари жавобгарлигини ошириш бўйича Россия ҳукуматига зудлик билан чора кўриш вазифасини топшираман. Шунингдек, Россия қонунчилигини бузган хорижлик фуқароларга нисбатан ҳам виза тартиби кучайтирилсин”, - дея кўрсатма берганди В.Путин.

Россия президенти, шунингдек, бундан кўзланган мақсад мамлакат “туб аҳолисини миллий криминал гуруҳлардан ҳимоя қилиш экани”ни ҳам алоҳида таъкидлаганди.

Россия Федерал миграция хизматининг Иваново вилояти бўлими ходими Михаил Павлов бу ўта зарур ва ўз вақтида кўрилаётган чора, деб ҳисоблайди.

“Алоҳида мамлакатлар ва алоҳида касб йўналишлари бўйича квоталар жорий этилиши кутиляпти. Яъни қаерга, қайси соҳада ва қанча мутахассис керак бўлса, шунча муҳожир қабул қилинади. Шундай қилиниши зарур. Чунки кейинги йилдан бошлаб мамлакатда аҳолини иш билан таъминлаш бўйича мавжуд қонуний чора-тадбирлар эркинлаштирилади. Биз учун бирламчи вазифа эса мамлакат аҳолиси – россияликларни иш билан таъминлаш. Ундан кейин эса меҳнат муҳожирлари, биринчи навбатда, МДҲ мамлакатларидан келган мигрантларни қонуний тартибда иш билан таъминлаш”, - дейди М.Павлов.

Унинг қўшимча қилишича, биргина Иваново вилоятида ҳозир ўзбекистонлик 300 дан ортиқ фуқаро қонуний рўйхатдан ўтган ҳолда ишламоқда.

“Улар, асосан, тўқимачилик фабрикалари, машинасозлик ва озиқ-овқат саноати корхоналарида ишламоқда. Фикримча, квота жорий этилган тақдирда ҳам бу ишчилардан воз кечилмайди. Асосан, виза тартиби мавжуд бўлган мамлакатлар, масалан, Грузия, Болтиқбўйи давлатлари, Туркманистон каби мамлакатларга нисбатан квота жорий этилади, менимча. Қолаверса, квота жорий этиш ноқонуний миграциянинг ҳам олдини олади”, - деди М.Павлов.

Россияга пул топиш илинжида келаётган ноқонуний муҳожирлар орасида эса ўзбекистонликлар етакчи экани ҳақида расмий маълумотлар ҳам эълон қилинди. Улар сафида бўлган самарқандлик собиқ ўқитувчи, ҳозир эса Москва шаҳридаги бозорлардан бирида озарбойжонларнинг қўлида ишлаётган Наргиза эса буни ўз кўрганлари мисолида тасдиқлайди.

“Москва яқинида жуда катта озиқ-овқат, мева-сабзавот комбинати бор. Шунинг атрофидаги ўрмонларда Сурхондарёдан келган, менимча, икки мингга яқин аёл, асосан, ёш қизлар яшайди. Шундай очиқ ҳаво остида, битта қалин жун ёпинчиққа ўраниб, ерда ухлайди. Кундузи комбинатда ишлайди, кечаси эса иш берувчи озарбойжонларга фоҳишалик қилади. Мен ўзим бориб, кўриб келдим. Жуда оғир аҳволда. Баҳордан то қишгача ишлаб, 400-500 доллар пул топишади-да, қиш келганда яна Ўзбекистонга қайтиб кетишади. Чунки Сурхондарёда аҳвол жуда оғир экан. Баҳорда буғдой даласидан бошоқ териб кун кўрдик, дейишяпти. Шунинг учун улар ўта оғир бўлса ҳам шу ерга келишга мажбур”, - деди Наргиза.

Наргизанинг сўзларига кўра, ҳозир Россияга иш ахтариб келган мардикорларни икки табақага бўлиш мумкин. Биринчиси, россияликларнинг қўлида ишлаётган озарбойжон ва арманилар. Кейингиси эса озарбойжон ва арманистонликлар қўлида ишлаётган ҳамда энг қора меҳнатга маҳкум бўлган тожик, қирғиз ва ўзбеклардир.
XS
SM
MD
LG