Линклар

Солиқчилар тутганини қўймаётир

  • Фаррух Юсуфий

Ҳафта бошида Тошкент шаҳри хўжалик суди солиқ идораларининг “Mercy Corps” халқаро нодавлат ташкилоти устидан шикоятини кўриб чиқишни рад этганига қарамай, солиқчилар ўз даъволаридан воз кечиш ниятида эмас.

Хабарларга кўра, солиқ идоралари хўжалик судининг қарори юзасидан апелляция шикояти берган.

Ўтган ойнинг охирида Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси Россиянинг “Регнум” ахборот агентлигига берган маълумотида маркази АҚШда жойлашган “Mercy Corps” ташкилоти ваколатхонасини мамлакат қонунчилигини қўпол тарзда бузишда айблаган эди.

Солиқ қўмитасининг 27 сентябрь куни берган баёнотида айтилишича, ўтказилган текширув натижасида “Mercy Corps” 2005 йилда Ўзбекистон қонунларига хилоф равишда нақд пул кўринишидаги даромадни яширгани аниқланган. Гап оз эмас, кўп эмас 690 миллион сўм ҳақида бораётган эди.

Солиқчиларнинг даъвосига қарамай, хўжалик суди халқаро ташкилот ваколатхонасини жаримага тортишни рад этди. “Пресс-уз.инфо” сайти суд бундай қарорга келинишига солиқ қўмитасининг аризасида “Mercy Corps” ташкилотининг юридик шахс эканини тасдиқловчи ҳужжатлар йўқлигини сабаб қилиб кўрсатганини хабар қилди.

Шу сайтнинг чоршанба кунги хабарида солиқ идоралари суднинг қарорига апелляция шикоятини бергани ва бу шикоят жорий ҳафта охиригача кўриб чиқилиши мумкинлиги айтилади.

Ўтган ҳафтада “Mercy Corps” ташкилоти солиқ идоралари билан вужудга келган вазият ҳақида пресс-релиз эълон қилди. Мазкур расмий хабарномада ташкилот ўзига нисбатан айтилган айбловларни рад этиб, Ўзбекистондаги фаолияти давомида мамлакат қонунларига амал қилганини таъкидлайди.

“Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси айтганидек, ташкилот 690 миллион сўмга тенг миқдордаги нақд пул даромадини яширганига оид бирор далил топилгани йўқ”, - дейилади баёнотда.

Лекин солиқ қўмитасининг 27 сентябрь куни “Регнум” ахборот агентлигига берган маълумотида “Mercy Corps” раҳбарияти айтилаётган ҳуқуқбузарликларни тан олгани ва бу ҳақда тузилган актларга имзо чеккани билдирилади.

“Озодлик” мухбирининг бу маълумотларни изоҳлаб беришни сўраб Давлат солиқ қўмитасига, хўжалик судига қилган мурожаатлари жавобсиз қолди.

Нима бўлганда ҳам Тошкент хўжалик судининг бу баҳсдаги дастлабки қарори сўнгги бир йил ичида анъана бўлиб қолган қоидага зид равишда Ўзбекистон ҳукумати фойдасига эмас, балки АҚШга тегишли ташкилот фойдасига бўлди.

Ўзбекистонлик кузатувчилар хўжалик суди мавжуд анъанани бузганига бир неча сабабларни кўрсатади.

Биринчиси, уларнинг фикрича, солиқ идорасининг хўжалик судига берган аризаси шунчалик номукаммал бўлганки, унинг қалбаки экани яққол кўриниб қолган. Суд бундай иш кўриб чиқиладиган бўлса, якуний қарор Америка ташкилоти фойдасига ҳал бўлишини англаб етган.

Кузатувчилардан бири эса бу анъанада истисно бўлмаслиги, “Mercy Corps” устидан берилган апелляция шикояти, албатта, солиқ идоралари фойдасига ҳал бўлишини башорат қилди.

Ўзбекистон ҳукумати охирги бир йил ичида 20 га яқин, асосан, АҚШга тегишли халқаро нодавлат ташкилотлар ваколатхоналарини ёпди. Бундан ташқари, БМТнинг Қочқинлар иши бўйича олий комиссарлиги ваколатхонаси ва олтин қазиб олувчи “Зарафшон-Ньюмонт” АҚШ-Ўзбекистон қўшма корхонаси фаолияти тўхтатилди.

“Mercy Corps” халқаро хайрия ташкилоти 1979 йилда тузилган бўлиб, шу пайтгача 82 мамлакатда олиб борган фаолияти давомида бир миллиард доллар, жумладан, 1992 йилдан бери Марказий Осиё мамлакатларида 7 миллион АҚШ доллари миқдорида ёрдам кўрсатган.

Ўзбекистонда 1994 йилдан бери фаолият юритаётган ташкилотнинг бугунги кундаги дастурлари ярим миллиондан ортиқ ўзбекистонликни қамраб олган.
XS
SM
MD
LG