Линклар

logo-print

Қобилжон Обидов Фарғонадаги ҳибсхонада сақланмоқда

  • Фаррух Юсуфий

Ўзбекистонда Андижон вилоятининг собиқ ҳокими Қобилжон Обидов устидан суд бошланиши кутилмоқда. Суднинг қачон ва қаерда ўтказилиши пайшанба куни ҳал этилади.

Бу ҳақда Фарғона вилояти прокуратурасидаги манбага асосланиб хабар қилган шахснинг сўзларига кўра, Қ.Обидов вилоят ҳокими лавозимидаги қилмишлари учун жавобгарликка тортилмоқда. Унга Андижон шаҳрининг яқинда Фарғонада суд қилинган собиқ ҳокимига қўйилган айбловлар илгари сурилмоқда.

“Унинг саломатлиги ҳам анча ёмонлашган”, - дейди суҳбатдош Фарғона вилояти прокуратурасидаги манбага асосланиб.

“Озодлик” мухбири бу хабарларга ойдинлик кириши мақсадида Фарғона вилояти суди вакилларига мурожаат қилди. Улардан бирининг таъкидлашича, Қ.Обидов иши юзасидан тергов ҳали якунланмаган, лекин у ҳақиқатан ҳам Фарғона шаҳридаги ҳибсхонада сақланмоқда.

Бундан аввалроқ “Фергана.ру” ахборот агентлиги собиқ ҳоким Андижондаги 13 май воқеаларини уюштиришда айбланаётганини хабар қилганди.

Қ.Обидов 11 йил давомида Андижон вилоятига ҳокимлик қилган. 2004 йилда у вилоятда йўл қўйилган бир қанча нуқсонлар сабаб лавозимидан четлатилган ва ўрнига Сайдулло Бегалиев тайинланган эди.

Баъзи хабарларга кўра, 13 майда Андижон қамоқхонасидан маҳбусларни олиб чиқиб кетиш режаси айнан собиқ ҳоким Қ.Обидов томонидан илгари сурилган. Қонли воқеалардан сал ўтиб Андижонда шундай гап-сўзлар тарқалган эди.

Ҳозир Швецияда яшаётган андижонлик журналист Матлуба Азаматова бу ҳақда фикрни билдирар экан: “Бунинг сабаби бор. Чунки Қ.Обидовнинг акрамийликда айбланаётган 23 тадбиркор ва улардан кейин судга тортилиши режалаштирилган ишбилармонлар билан муносабати жуда яхши бўлган. Бундан ташқари, бу тадбиркорлар ҳокимлик биносига керакли мебелларни ҳам тайёрлаб берган. Лекин мен собиқ ҳоким ва тадбиркорлар ўртасида сиёсий муносабатлар бўлган, деб ўйламайман. Улар ўртасида фақат иқтисодий муносабатлар бўлган”, - деди.

Шу ўринда эслатиб ўтамиз, Андижон шаҳрининг собиқ ҳокими Абдуллажон Собиров, ҳоким ўринбосари Акбаржон Ҳамзаев ҳам 13 май воқеаларидан сал вақт ўтиб лавозимларидан бўшатилган ва хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш айби билан қамалганди. Бундан бир неча ой аввал Фарғонада улар устидан суд бўлган эди. Норасмий манбалар улар Андижон воқеаларига алоқаси бўлгани учун қамалганини айтганди.

Андижонлик яна бир журналист Зокиржон Иброгимов собиқ ҳокимга қўйилаётган айбловлар кўпроқ унинг айни пайтда қидирувда бўлган ўғли Улуғбек билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини айтади. Улуғбекнинг отаси соясида анча-мунча жиноятлар қилгани халқ орасида овоза бўлган.
XS
SM
MD
LG