Линклар

Янги ҳоким ишни чегарадан бошлаяпти


Жанубий Қозоғистон вилоятининг янги ҳокими Умурзоқ Шукеев қозоқ-ўзбек чегарасидаги вазиятни ўз назоратига олишини маълум қилди. Энди бу ҳудудда қозоқ чегарачилари сони кўпайтирилади.

Маълум бўлишича, чегарадан ноқонуний ўтиш ҳолатларига умуман чек қўйиш чоралари кўрилмоқда. Агар шундай ҳолат аниқланса, маъсул шахслар ҳатто ишдан бўшатилиши мумкин.

Сариоғоч туманидаги Жибек жоли овулида яшовчи 12 та оиланинг турар-жойи чегара чизиғига тўғри келиб қолган. Шу сабабли бу уйлар бузилиши лозим. Овул аҳлининг айтишича, улардан кўчиш талаб қилинган, бироқ эвазига ҳеч қандай товон пули берилмаслиги билдирилган.

50 йилдан буён шу овулда яшаётган одамлар уйларидан кўчишга рози. Улар фақат бошқа ердан турар-жой билан таъминланишни сўраяпти. Овулликлар бу ерда яшаш хавфли эканини ҳам айтади.

“Болаларимиз кўчага чиқиб ўйнаши хавфли. Чунки чегарачилар билан бу ердан ўтувчилар ўртасида ҳар хил тўполонлар бўлиб туради. Ўқ отишлар ҳам бўлган”, - дейди овулликлар.

Янги лавозимда илк бор Сариоғочга келган вилоят ҳокими Умурзоқ Шукеев овул аҳолисига ҳукумат томонидан ёрдам берилишини билдирди.

Айни пайтда Қозоғистон томонда чегара демаркацияси туфайли бузилиши лозим бўлган яна 41 та бино ва иншоот мавжуд. Икки давлат ўртасида 2004 йил 19 апрелдан бошланган демаркация жараёни 2007 йилнинг охиригача давом этиши мўлжалланган. Ҳозир Қозоғистоннинг 16 та аҳоли пункти демаркация туфайли қийин аҳволга тушиб қолган. Қозоғистонга қарашли 7 та овулнинг болалари чегарадан ўтиб, Ўзбекистон мактабларига қатнайди. 8 та овул одамлари эса ичимлик сув учун Ўзбекистон ҳудудига ўтади.

Қозоғистон Бош прокуратураси текшируви натижасида аниқланишича, ўзбек-қозоқ чегарасидаги демаркация жараёнида жуда кўплаб хатоликларга йўл қўйилган. Айни камчиликлар боис Сариоғоч тумани ҳокими Жамбил Байгонов ишдан бўшатилган.

Икки давлат чегарасидаги вазият анча мураккаб бўлгани боис, янги ҳоким бу ердаги вазиятни ўз назоратига олишини маълум қилди.

“Жибек жоли” чегара пости ўзбек-қозоқ чегарасидаги асосий пост ҳисобланади. Бу ердан кунига 2 минг одам, 500 дан зиёд автомобиль ўтади. У.Шукеев бу ердаги вазиятдан қониқмаслигини айтиб, шароитни яхшилаш ҳақида кўрсатма берди. Шунингдек, у бу ерда янги божхона маскани қуриш режаси борлигини билдирди. Янги ҳоким ўзбек-қозоқ чегарасидаги коррупцияга ҳам барҳам бериш лозимлигини таъкидлади

Қозоғистоннинг Ўзбекистон билан умумий чегараси узунлиги 2 минг 300 километрни ташкил этади. Бир чақиримга битта чегарачи тўғри келади. Энди чегарани ноқонуний кесиб ўтишга чек қўйиш мақсадида чегарачилар сони кўпайтирилади.

Сўнгги беш йил мобайнида қозоқ чегарачилари 21 мингдан зиёд чегара бузувчини ушлаган. Ўтган 9 ой давомида бу ерда коррупция билан боғлиқ 20 та ҳолат қайд этилган.
XS
SM
MD
LG