Линклар

logo-print

АҚШ амалий қадамга ўтди

  • Ҳасанжон

АҚШ ер ости ядровий синови ўтказган Шимолий Кореяга қарши санкциялар жорий этиш ҳақидаги резолюция лойиҳасини БМТ Хавфсизлик кенгашига расман тақдим этди.

АҚШ расмийлари ҳафта давомида резолюция лойиҳаси борасида сўзлашувлар ўтказди.

АҚШ президенти Жорж Буш КХДР ўз ҳаракати билан олти давлат вакиллари қўшма баёнотида таклиф этилган истиқболли келажакни яна бир бор рад этгани, Пхенян минтақада кескинликни кучайтириш йўлини танлаганини таъкидлади.

АҚШнинг БМТдаги элчиси Жон Болтон Хавфсизлик кенгашига топширилган резолюция лойиҳаси ҳафта охирида қабул қилинишига умид билдирди.

Бошқа давлатлар Пхенян расмийларига қарши жазо чоралари қўллаш керак, деган фикрга қўшилиш баробарида резолюция лойиҳасини тўлиқ қўллаб-қувватламаяпти. Вашингтон расмийлари мазкур резолюция БМТ Хартиясининг еттинчи бандига мувофиқ қабул қилинишини таклиф этмоқда. Бу банд БМТ талабларини бажариш учун Шимолий Кореяга қарши ҳарбий куч қўллашга йўл очади. Бу эса Хитой ва Россияни ташвишга солмоқда. Москва ва Пекин расмийлари Шимолий Кореяни қуролсизлантиришни хоҳлашини, аммо юзага келган бўҳрон музокаралар орқали ҳал этилмаса, минтақада беқарор вазият юзага келиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили Лиу Жиангчао 10 октябрь куни Пекинда бўлиб ўтган матбуот анжуманида ўз мамлакати позициясини билдирар экан: “Корея ярим оролида ядровий қурол пайдо бўлишининг олдини олиш учун уруш бўлишига биз қатъиян қаршимиз. Бизнинг бу позициямиз халқаро ҳамжамиятга яхши маълум. Хитой анча вақтдан бери Шимолий Корея билан дўстона ва яхши қўшничилик алоқаларига эга бўлиб келган. Бу муносабатлар ўзгармайди. Айни пайтда Шимолий Корея томони ядро синови ўтказгани бу муносабатларга салбий таъсир этганини биз рад қилмаймиз. Биз Шимолий Корея халқаро ҳамжамият чақириғига ижобий жавоб бериши, ядро қуролини тарқатмаслик мажбуриятини бажариши ҳамда вазиятни мураккаблаштирувчи хатти-ҳаракатдан ўзини тийишига умид қиламиз”, - деди.

Хитой Шимолий Кореянинг асосий савдо ҳамкоридир. Россия ҳам Пхенян билан савдо алоқаларига эга. АҚШ таклиф этган резолюция лойиҳасида эса Шимолий Корея ядровий дастури учун фойда келтириши мумкин бўлган ҳар қандай савдо алоқаларини тўхтатиш таклиф этилган.

Кузатувчилар фикрича, агар Россия ва Хитой резолюция лойиҳаси матнини ўзгартиришни талаб қилса, бунинг учун кунлар ва балки ҳафталар керак бўлиши мумкин.

Европа Иттифоқи ташқи сиёсати мутасаддиси Ҳавьер Солана эса Шимолий Кореяга нисбатан тез ва кескин чора кўришга чақирди.

“Шимолий Кореяга қарши санкциялар қўллаш масаласида, менимча, Хавфсизлик кенгаши баёнот ёки декларация қабул қилиш билан чекланиб қолмаслиги, балки ҳаракат қилиши керак. Акс ҳолда Хавфсизлик кенгаши қандай чора кўришини кутиб турган бошқа давлатлар халқаро ҳамжамият бу хатти-ҳаракатни жиддий қабул қилмади, деган хулосага келиши мумкин”, - деди Ҳ.Солана.

Шимолий Корея 9 октябрь куни ер ости ядровий синови ўтказганини халқаро ҳамжамият қораламоқда. Пхенян расмийлари эса АҚШ таҳдидига қарши ўз ҳарбий қудратини кўрсатиш учун синов ўтказганини таъкидламоқда.

11 октябрь куни Шимолий Кореянинг иккинчи юқори лавозимли раҳбари бўлган Ким Йонг Нам АҚШ ўзининг душманлик сиёсатини давом эттираверса, Пхенян расмийлари яна ядровий синов ўтказишини айтди.
XS
SM
MD
LG