Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:55

Қозоғистонда талабаларнинг қурилиш отрядлари ҳали ҳам яшаяпти


Икки йилдирки, қозоғистонлик талабалар ёзги таътилда қурилиш отрядларига жалб қилинади. Жорий йилда 50 мингга яқин талаба таътил пайтида “Жасил ел” номини олган бу акцияда иштирок этди.

бу акцияда иштирок этди.

Куни-кеча Чимкент шаҳрида республика “Жасил ел” акциясининг тантанали ёпилиш маросими бўлди. Ёзнинг жазирама иссиғида қурилиш майдонларида жонбозлик кўрсатган энг фаол ёшлар тантанага таклиф қилинди.

20 ёшли Мелим Қалимов Отров вилоятидаги “Жасил ел” бўлимига раҳбарлик қилади. Чимкентдаги тадбирга Мелим бошчилигида отровлик 11 талаба ташриф буюрди.

М.Қалимовнинг айтишича, ёзги таътилда талабалар ободонлаштириш ва қурилиш ишларига жалб қилинган. Бу ташаббус икки йилдирки, бутун Қозоғистон бўйлаб амалга оширилмоқда.

Мелим Чимкентдаги тадбир орқали бошқа вилоятлардаги тенгдошлари билан тажриба алмашиш имконига эга бўлганини айтди. У ёзги қурилиш отрядларида ишлаб орттирган тажрибалари институтни тугатгач асқотишига ишонади.

Анор Нурмухонова ҳам ёзги таътилда ободонлаштириш ишлари билан шуғулланган. Унинг билдиришича, таътилда тенгдошлари билан Остона шаҳрини чиқиндилардан тозалаш ишлари билан машғул бўлган.

Анор қийинчиликлар деярли бўлмаганини, улар учун яратилган шароитлардан қониққанини таъкидлади.

Пойтахтдаги тенгдошларидан фарқли ўлароқ, қурилиш отрядларида ишлаш жараёнида вилоятдаги ёшлар кўплаб муаммоларга дуч келган. Кўп жойларда талабалар учун яшаш шароити деярли бўлмаган.

”Эрталаб соат саккиздан то кечгача ишлардик. Жуда ҳам чарчардик. Зўрға 1 ой чидадим”, - дейди Ғарбий Қозоғистондаги Техника университети талабаси Гулмира Оспанова жисмоний жиҳатдан қийналганини таъкидлаб.

Талаба ёшларнинг сўзларига кўра, улар таътил пайтидаги меҳнатлари учун ойига 200 долларга яқин маош олган.

Расмий маълумотларга кўра, ёзги таътилда 50 мингга яқин талаба меҳнатга жалб этилган. Ёшлардан иборат 640 та қурилиш отряди мамлакат бўйича 1170 та янги уй қуриб битказган. 19 минг гектар майдонда ободонлаштириш ишлари олиб борилиб, жами 11 миллион дарахт кўчати ўтқазилган.

Маълум бўлишича, кейинги йил ҳам “Жасил ел” акцияси давом эттирилади. Эндиликда талабалар қаторига ишсиз юрган қишлоқ ёшлари ҳамда болалар уйларининг тарбияланувчиларини ҳам қўшиш мўлжалланмоқда.
XS
SM
MD
LG