Линклар

Қарға қарғанинг кўзини ... чўқийди

  • Фаррух Юсуфий

Куни-кеча Тошкент меҳмонхоналаридан бирида бўлиб ўтган давра суҳбатида маҳаллий ноҳукумат ташкилотлар вакиллари хорижлик ҳамкорларининг фаолиятини кескин танқид қилди.

Бу ҳақда “Пресс-уз.инфо” сайтида тарқатилган хабарда айтилишича, “Ноҳукумат ташкилотларнинг фуқаровий жамият қуришдаги роли” мавзусидаги давра суҳбатида маҳаллий ва хорижий нодавлат ташкилотлардан 80 дан ортиқ вакил қатнашган. Бу тадбир “ноҳукумат ташкилотларнинг фуқаровий жамиятни қуриш ҳамда глобаллашув шароитларида маънавий қадриятлар ва миллий анъаналарни сақлаб қолишдаги ролига бағишланган”.

Хабарда ёзилишича, тадбир маҳаллий ноҳукумат ташкилотлар вакилларининг давра суҳбатига бир қатор хорижий ташкилотларнинг вакиллари, таклиф этилганига қарамай, келмаганидан ҳафсаласи пир бўлишдан бошланган. Шундан кейин хориж ташкилотларининг Ўзбекистонда фуқаровий жамият қурилишига жиддий ҳисса қўшаётганини тан олган ҳола давра суҳбати қатнашчилари республикада фаолият олиб бораётган бундай ташкилотларни танқид қила кетган.

Хусусан, бу ташкилотларнинг ишлаш услублари кескин танқид остига олинган. Масалан, инглиз тилини ёки компютер таълимини ўргатиш баҳонасида “Партнершип ин академикс энд девелопмент”, CAFЕ, “Кросслинк девелопмент” каби ташкилотлар миссионерлик билан шуғуллангани айтилган.

Шу ўринда эслатиб ўтиш жоиз, давра суҳбати иштирокчилари тилга олган ташкилотларнинг барчаси Ўзбекистон ҳукумати томонидан сўнгги бир йил ичида ёпилган 20 га яқин хорижий ташкилот қаторидадир.

Американинг Ўзбекистонда фаолияти тўхтатилган ноҳукумат ташкилоти собиқ раҳбари маҳаллий ноҳукумат ташкилотларнинг ичида шунча гапи бор экан, нега бу гапларни ҳамкорлик қилиб юрган пайтларида айтмаганидан ҳайрон бўлди.

“Мен Тошкентда ишлаб юрган пайтларим маҳаллий ноҳукумат ташкилотлар хорижий ташкилотлар молиявий ёрдамига тобеъ бўлган. Албатта, фақатгина хорижликларнинг ёрдамига боғланиб қолиш улар учун ижобий ҳол бўлмагандир, лекин кўп ҳолларда улар молиявий ёрдамни фақатгина хорижий ташкилотлардан олиб келган. Балки шунинг учун ҳам Ўзбекистондаги ноҳукумат ташкилотлар сектори бугун яхши ривожланмагандир. Маҳаллий ноҳукумат ташкилотларнинг танқидларига келсак, улар қўлида аниқ далили бўлмай туриб илгари сураётган айбловларни ўринсиз ҳисоблайман”, - дейди Ўзбекистонда ёпилган ташкилотнинг собиқ раҳбари.

Бундан ташқари, унинг қўшимча қилишича, маҳаллий ноҳукумат ташкилотларнинг собиқ ҳамкорлари шаънига бугун айтаётган танқидлари “тўйдан кейинги хнадек бир гап”.

Ўзбекистондаги ўзини нодавлат ташкилотлари ҳисобловчи “Маҳалла”, “Соғлом авлод учун” жамғармалари, Қизил ярим ой жамиятидан бирор вакил “Озодлик” мухбири билан бу мавзуда гаплашишни истамади.

Бугунги кунда Ўзбекистонда қолаётган саноқли нодавлат ташилотлардан бири Конрад Аденауэр жамғармасининг Ўзбекистондаги вакили Грегор Руссел давра суҳбатида, жумладан, у раҳбарлик қилаётган ташкилотга нисбатан айтилган танқидлардан ҳайрон қолганини билдирди. У жамғарманинг маҳаллий ноҳукумат ташкилотлар билан алоқаси яхшилиги ва ўзаро ҳамкорлик жараёнида улардан бундай танқидларни эшитмаганини айтади.

“Биласизми, маҳаллий ноҳукумат ташкилотлар билан алоқаларимиз жуда яхши. Улар билан кундалик мулоқот яхши йўлга қўйилган. Маҳаллий ноҳукумат ташкилотлар бирор ташаббус билан чиқадиган бўлса, биз ҳар доим ўзаро манфаатларни кўзда тутган ҳолда бу ташаббусларни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қиламиз. Сиз айтаётган тадбирдаги танқидларга келсак, мен бундай танқидларнинг ҳар бир ташкилотга шахсан айтилиши тарафдориман. Бизнинг Ўзбекистон Адлия ва Ташқи ишлар вазирликлари билан алоқаларимиз жуда яхши. Бизга бу мамлакатда ишлаш имконини беришган экан, танқидларга тайёрмиз. Фақатгина бу каби масалаларни катта тадбирга олиб чиқишнинг ҳожати бормиди, деган савол туғилади. Маҳаллий ноҳукумат ташкилотларнинг бизнинг фаолиятимизга нисбатан эътирози бор экан, нега менга қўнғироқ қилиб, бу ҳақда очиқ айтмайди”, - дейди доктор Руссел.

Давра суҳбатига таклиф этилганига қарамай, унда қатнашмагани айтилган хорижий ташкилотлар орасида Конрад Аденауэр жамғармаси номи ҳам келтирилган.

Г.Руссел эса бу тадбирга таклифнома олмаганини билдирди.

“Бу тадбирга таклифнама олганим йўқ. Албатта, мен ҳеч кимни айбламоқчи эмасман, балки бунинг техник сабаблари бўлгандир. Лекин нима бўлганда ҳам агар ташкилотимиз фаолиятида нуқсонлар бўлса, буни давра суҳбатида муҳокама этишнинг ҳожати йўқ, деб ҳисоблайман”, - дейди Г.Руссел.
XS
SM
MD
LG