Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:30

Журналистлар қамалди, аммо ҳақиқат учун кураш давом этади


Товламачиликда айбланиб, ўтган ҳафтада суд қарори билан 6 йилга қамалган жиззахлик мустақил журналист Улуғбек Ҳайдаров айни пайтда Сирдарёнинг Ховос туманидаги вақтинчалик сақлаш изоляторида сақланмоқда.

Ўтган якшанба куни опаси Нортожи Ҳайдарова журналист укасининг ҳолидан хабар олиб келди.

“Бир марта бордим. Яна келсин, деб хат бериб юборибди. Боришим керак. Нима бўлди экан? Мазаси йўқ. Соғлиғи яхши эмас”, - дейди Н.Ҳайдарова.

Гувоҳлар ва даъвогарлар гарчи аввалги даъволаридан воз кечганига қарамай, Жиззах суди У.Ҳайдаровни айбдор топган эди. Ҳозир унинг опаси суд қароридан норози бўлиб, юқори инстанцияларга мурожаат қилиш ҳаракатида юрибди.

“Қайта суд бўлади. Адвокат олдик яна. Ордерлар олдим. Адвокат ишлаяпти”, - деди Н.Ҳайдарова.

Бир ой аввал бедарак йўқолган жиззахлик журналист Жамшид Каримовнинг эса Самарқанддаги руҳий хасталар шифохонасида мажбуран даволанаётгани ва унга нисбатан психотроп моддалар қўлланилаётгани борасида ҳам хавотирлар бор. Жиззахлик таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Бахтиёр Ҳамроевнинг билдиришича, Жамшид у ерда яна камида тўрт ой қолиши мумкин.

Ўзбекистон президентининг жияни бўлган Ж.Каримовнинг Самарқанддаги руҳий хасталар шифохонасида эканини журналист Галима Бухорбоева ҳам тасдиқлаган.

“Мен шифохона вакилларидан бири билан суҳбатлашдим. Ўша одам Жамшид Каримовнинг у ерда даволанаётганини тасдиқлади. Уни айтишича, Жамшиднинг асаби ишдан чиққан ва уни даволаш учун яна тўрт-беш ой керак бўлар экан. Мен ундан Жамшид журналист экани ва журналистлиги учун у ерга жойлаштирилган бўлиши мумкинлиги ҳақида биласизми, деб сўраганимда, у Жамшид ҳақиқатан ҳам даволанишга муҳтожлигини айтди. Жамшид алоҳида палатада экан. Лекин даҳшатлиси, докторнинг айтишича, муолажа бошланган ва туппа-тузук одамга қандайдир психотроп воситалар қўлланилмоқда. Гўё у руҳий хастадай”, - дейди Г.Бухорбоева.

Балки Жамшид Каримов қамоққа ташланган дўсти Улуғбек Ҳайдаровдан олдин озодликка чиқар. Лекин у руҳий хасталар шифохонасидан қандай аҳволда чиқади? Руҳий хасталар шифохонасига уч марта мажбуран тиқилган ўзбекистонлик таниқли инсон ҳуқуқ ҳимоячиси Елена Урлаева буни ўз бошидан кечирган.

“Иккинчи марта руҳий хасталар шифхонасига тиқишганида менга кучли воситаларни қўллашди. Шундан кейин ярим йил давомида қўл-оёғим ишламай қолди, ҳаракатлана олмайдиган бўлиб қолдим. Мана шундай аҳволга солишди мени. Кейин Тошкентдаги Америка шифохонасида мени оёққа турғизишди. Уларнинг ёрдамисиз ўзимга кела олмасдим”, - дейди Е.Урлаева.

Ж.Каримов ўзи жиннихонага тиқилиши, дўсти Улуғбек эса қамалиши мумкинлигини олдиндан билган. У бу ҳақда июль ойида швециялик ҳамкасби Элин Йонсонга ёзган мактубида билдирган эди. Стокгольмда яшаётган журналист Элин Йонсон ўшанда Жамшиднинг хатини жиддий қабул қилмаганини айтган. Бугун эса жиззахлик журналистларнинг хавотирлари асосли бўлгани кўриниб қолди.

“Улар буни олдиндан билган, демак уларнинг манбаси ҳар галгидек ишончли бўлган”, - дейди швециялик журналист.

Ж.Каримов ва У.Ҳайдаров Уруш ва тинчликни ёритиш институти мухбирлари сифатида Жиззаҳдаги иқтисодий ва ижтимоий муаммолар ҳақида Интернетга мақолалар ёзиб келган. Андижон воқеаларидан кейин бу институт фаолияти Ўзбекистонда тўхтаган бўлса-да, улар мустақил журналист сифатида Интернетга мақолалар ёзишни давом эттирди. Бугун эса уларнинг ўзи журналистик репортажлар мавзусига айланган.

“Агар унинг ўзи янгилик мавзусига айланса, журналист учун энг ёмонидир. Мен учун бугун ҳамкасбларим ҳақида ёзиш жуда оғир. Энди Жиззаҳдаги, умуман мамлакатдаги воқеаларни ким ёритар экан, билмадим”, - дейди Г.Бухорбоева.

Аммо ҳуқуқ ҳимоячиси Б.Ҳамроев инсон ҳуқуқлари учун кураш мамлакат ичида ҳали давом этишини айтиб: “Демократия қўрғонининг яна икки устунидан айрилдик. Лекин бу ерда қолган ҳуқуқ ҳимоячилари, албатта, Жиззаҳда бўлаётган жараёнлар, ноҳақликлар, инсон ҳуқуқлари бузилаётгани ҳақида Жиззаҳдан бутун дунёга, биринчи навбатда, маҳаллий ҳукуматга хабар беришни давом эттирамиз”, - деди.
XS
SM
MD
LG