Линклар

Французлар Туркиянинг “нозик жойи”га зарба берди


Аваз Алиев Франция парламенти қуйи палатаси - Миллий ассамблея 1910 йиллар охири ва 20-йиллар бошларида Усмонли турк империясида арманларга қарши кўрилган чоралар геноцид экани таъкидланган қонун лойиҳасини маъқуллади.

Франция Ташқи ишлар вазирлиги ҳукумат мазкур қонун лойиҳасини қўллаб-қувватламаслигини ҳақида дарҳол баёнот берди. Баёнотда мазкур қонуннинг қабул қилиниши “ҳозир даврга тўғри келмаслиги” таъкидланган.

Қонун лойиҳасида 90 йил аввал арманларга қарши қўлланилган чоралар геноцид эканини рад этувчи шахслар 5 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши ёки 45 минг еврогача жаримага тортилиши белгилаб қўйилган.

Тарихчиларнинг билдиришича, 1915-1922 йиллар оралиғида бир миллион беш юз мингга яқин армани Усмонли Туркия ҳукумати қўллаган қатағонлар қурбони бўлган.

Туркия ҳам ўша даврда арманлар ўлганини тан олмоқда, ҳаттоки расмий рақамлар ҳам эълон қилинган. Турк расмийлари қурбон бўлганлар сони уч юз минг атрофида бўлганини айтади. Лекин Анқара уларнинг ўлимига Биринчи жаҳон уруши сабаб бўлганини, бу урушда кўплаб турклар ҳам ўлганини таъкидлайди.

Туркия бу даврда арманларга қарши қатағонлар умуман бўлмаганини узоқ йиллар мобайнида билдириб келади.

Аслида бу масала Туркия учун жуда нозик ҳисобланади. Мамлакатда ҳаттоки бир неча ёзувчи, сиёсат арбоблари арманлар фожеаси ёки курдлар муаммоси ҳақида гапиргани учун судга тортилган. Бунга куни-кеча адабиёт соҳасида Нобель мукофотига сазовор бўлган Ўрхон Памукни мисол келтириш мумкин.

Француз парламенти юқорида айтилган қонун лойиҳасини овозга қўйишидан аввал турк расмийлари агар бу қонун қабул қилингудек бўлса, Франция Туркия томонидан иқтисодий жазо чоралари қўлланишига тайёр туриши ҳақида огоҳлантирилган эди.

Бироқ мазкур қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаган депутатлар фикрича, бу масалани кун тартибига чиқариш Франция ҳамда жаҳон ҳамжамияти учун муҳимдир.

“Оммавий тарзда, пухта ўйланиб содир этилган ўша ҳаракатлар айнан геноцид экани кўриниб турибди. Аёлу эркак бўлишига қарамай, бошқа миллатга тегишлилиги сабабли уларга қарши қатағон сиёсати юргизиш, ҳуқуқшунос Рафаэл Лемкин тасниф бергандай, ҳақиқий геноциднинг асл кўринишидир”, - дейди француз депутатларидан бири Эрик Раул.

Сиёсатшунос Ричард Малиенинг таъкидлашича, расмий Анқаранинг Францияга қарши бойкот эълон қилиш таҳдиди Туркиянинг Европа Иттифоқи аъзолигига тайёр эмаслигини кўрсатди.

“Мудҳиш қатлиомнинг тан олиниши бугунги Туркия ҳукумати ёки турк халқига қарши қаратилмаган. Агар бу қонун кучга кирса, Туркия иқтисодий чоралар кўриш билан қўрқитмоқда. Туркиянинг бундай ҳаракатлари эса бу давлат ЕИга аъзо бўлишга умуман тайёр эмаслигининг исботидир”, - деди Р.Малие.

Туркия парламенти спикери бу қонун лойиҳаси “уятли қарорлар” сирасига киришини билдирди. Анқаранинг ЕИ билан бош музокарачиси Али Бабачан эса мазкур муаммо оқибатлари хақида гапиришга ҳали эрта эканини таъкидлади.

Франция парламентининг қуйи палатаси қабул қилган қонун лойиҳаси кучга кириши учун уни Сенат тасдиқлаши ва президент имзолаши шарт.
XS
SM
MD
LG