Линклар

Турк адабиёти илк бор Нобель мукофотига лойиқ кўрилди


Аваз Алиев 12 октябрь куни Туркиянинг энг машҳур ёзувчиларидан бири, истанбуллик 54 ёшли Ўрхон Памук адабиёт бўйича 2006 йилги Нобель мукофотига лойиқ топилди.

Швеция академияси “Памук ўз асарларида маданиятлар тўқнашган ва ўзаро омухта бўлган ҳазин Истанбулни кашф этгани”ни таъкидлади.

Ўрхон Памук ўз асарларида ҳар доим Туркиянинг ўзига хослигини ёритишга ҳаракат қилган. Тарихий роман ёки замонавий ҳикоялар ёзадими, ҳар доим Туркия Памукнинг диққат марказида бўлган.

У ўз асарларида туркийликнинг туб моҳияти, урф-одат ва замонавийлик, диний ҳамда дунёвий ҳаёт каби тушунчаларга жавоб ахтарган.

Ўрхон Памук Нобель мукофотига сазовор бўлган биринчи турк адибидир.

Ў.Памук нафақат ёзувчи, балки сиёсат борасида ҳам ўз чиқишлари билан таниқлидир. Унинг Туркия тарихи ва ўзлиги борасидаги изланишлари ва бу борада қилган хулосалари кўп тортишувларга сабаб бўлган. Унинг бу саъй-ҳаракатлари Туркия расмийларига умуман маъқул келмаган.

Ўтган йили “турк миллатини ҳақоратлаш” каби айбловлар билан ёзувчининг устидан суд иши очилган эди. Бунга Ў.Памукнинг Швейцариянинг “Тагес Анзейгер” газетасига берган интервьюси сабаб бўлганди.

“Швейцария газетасига бир миллион арман ва ўттиз минга яқин курд ўлдирилгани, бу Туркияда умуман ёдга олинмаслиги, биз бу ҳақда гапирмаслигимизни айтгандим. Яъни Туркияда яшовчи ҳар бир шахс Усмонийлар давридаги арманлар фожеасини очиқ-ойдин муҳокама қилиши шартлигини айтганман, холос. Шунинг учун кейинчалик мени Туркияда айблашди”, - дейди адиб.

“Мен ҳар бир айтган сўзимни ҳимоя қиламан, - давом этади Ў.Памук. - Арманларнинг Усмонийлар давридаги фожеаси фақат арманларнинг дарди эмас. Ҳозирга келиб эса Туркия Европа Иттифоқига аъзоликка даъвогарлик қилар экан, бу мамлакатда инсон ҳуқуқлари, сўз эркинлиги хурмат қилиниши керак, деб ҳисоблайман. Ҳар бир шахснинг ўз фикрини очиқ-ойдин айта олиш ҳуқуқи кафолатланиши керак. Ҳар бир сўзим учун масъулиятини ҳис қиламан ҳамда айтган гапимдан қайтмайман”.

Ў.Памукнинг судга тортилиши кўпгина давлатларда норозиликларга сабаб бўлди. Ҳаттоки ЕИ ёзувчи устидан жиноят иши қўзғатилиши Туркиянинг ЕИга қўшилиш йўлидаги музокаралар жараёнига путур етказишини билдирган.

Ёзувчи тақдири юзасидан жаҳон ҳамжамияти билдирган фикрларга қарамай, турк расмийлари Ў.Памукка 3 йиллик қамоқ жазоси белгилади. Лекин шу йилнинг январь ойида Истанбул шаҳри суди ёзувчига қўйилган барча айбловни бекор қилди ҳамда у озод этилди.
XS
SM
MD
LG