Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:13

Қозоқ бўлсин, ҳақ берсин. Пахтани қаерда теришнинг эса фарқи йўқ


Пахта териш мавсуми келиши билан минглаб ўзбекистонликлар Қозоғистон томон йўл олади. Бу ерда пахтанинг нархи қимматлиги боис, ўзбекистонликлар яхшигина пул ишлаб олиш имконига эга бўлади.

Жанубий Қозоғистон вилоятининг Мақтаорол тумани далаларида оилавий пахта тераётган жиззахлик Рустам аканинг айтишича, улар бу ерга сентябрь ойи бошларида келган. Икки йилдирки, шу ерда хотини, икки қизи, ўғли ва келини билан бирга пахта мавсуми тугагунча пахта теради. Чунки бу ерда терилган пахта учун Ўзбекистондагидан кўп пул тўланади.

Рустам аканинг таъкидлашича, оиласидаги 6 киши кунига ўртача 500 килограммдан пахта теради. Ҳар мавсумда унинг оиласи икки миллион сўмга яқин ёки 1500 АҚШ долларидан зиёдроқ пул ишлайди.

Рустам ака оиласи билан маҳаллий ўзбеклардан бирининг уйида ижарага туради. Кўпчилик ўзбекистонликлар эса дала шийпонларига жойлашади. Умумий ётоқхонага айланган бундай жойларда яшаш учун шароитлар умуман йўқ, деса ҳам бўлади. Айрим жойларда иш берувчиларнинг ўзи ўзбек теримчиларини турар-жой ва озиқ-овқат билан таъминлайди. Албатта, бундай ҳолатларда пахтага тўланадиган ҳақ нисбатан арзон бўлади.

Ўзбекистонда қўлда терилган бир килограмм пахта учун 50 сўм атрофида ҳақ тўланса, Қозоғистонда 100 сўмга яқин, тўғрироғи, 7 тангадан 10 тангагача пул тўланади. Жанубий Қозоғистоннинг Ўзбекистон билан чегара ҳудудларидаги деярли барча пахта далаларида ўзбекистонликлар учрайди. Уларнинг асосий қисми хотин-қизлар ва вояга етмаган болалардир. Эркаклар ҳам кам эмас. Улар кўпинча оилавий ёки яқин қариндошлари билан бирга келади.

“Биз қўшнилар ва яқин қариндошларимиз билан, жами йигирмадан зиёд одам, ҳар йили бу ерга пахта теришга келамиз. Нархи бизга нисбатан қиммат. Тирикчилик учун бир-икки сўм пул ишлаш имкони бўлади”, - дейди Тошкент вилоятининг Янгийўл туманидан келган кишилар.

Расмий маълумотларга кўра, биргина Мақтаорол туманида ўзбекистонлик 2500 дан зиёд одам пахта термоқда.

Кўпайсин Жумахоновнинг пахта далаларида ҳам ўзбекистонлик йигирмадан ортиқ киши пахта теряпти.

“Пахтакорларнинг асосий қисми Тошкент вилояти ва Қорақалпоғистондан келган. Пахта териш машиналарининг йўқлиги боис, бизга уларнинг кўмаги катта бўлади”, - дейди Кўпайсин оға.

Унинг сўзларига кўра, ўзбек теримчилари қозоқларга қараганда анча меҳнаткаш. Ҳар бир ўзбекистонлик кунига ўртача 150 килограммдан пахта теради.

Жанубий Қозоғистонда бу йил 204 минг гектар майдонда пахта етиштирилган. 500 минг тоннага яқин пахта хом-ашёсини йиғиштириб олишда эса Ўзбекистон фуқароларининг хизмати катта бўлмоқда.

Қозоғистонда пахта нархи Ўзбекистондагидан қиммат бўлгани сабабли пахта контрабандаси билан шуғулланувчилар ҳам учраб туради. Жанубий Қозоғистон божхона назоратининг билдиришича, яқинда ўзбек-қозоқ чегарасида пахта контрабандаси билан шуғулланувчи бир гуруҳ шахс қўлга олинган.

Маълум бўлишича, Сариоғоч туманининг Кескен овулида прицеп уланган “Мерседес-Бенц” автомобили ушланган. Машинада Ўзбекистондан контрабанда йўли билан келтирилган 10 тоннадан зиёд пахта борлиги аниқланган. Мазкур ҳолат бўйича суруштирув ишлари олиб борилмоқда.
XS
SM
MD
LG