Линклар

Немис депутатларининг ташрифи сезилмай ўтяпти

  • Алишер Сиддиқ

Германия парламенти - Бундестагнинг инсон ҳуқуқлари қўмитаси делегацияси Ўзбекистонга 5 кунлик сафари давомида бу мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазиятини батафсил ўрганишни мақсад қилган.

Бундестаг қўмитасининг делегацияга раҳбарлик қилаётган вакили Ҳолгер Ҳайбах Ўзбекистон расмийлари билан учрашув ўтказяпти.

“Ташрифи давомида немис парламентарийлари илк бор Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган маҳаллий ва халқаро инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари билан юз-юзма кўришишни режалаштирган. Делегация диққат-марказида фақатгина инсон ҳуқуқлари вазиятини ўрганиш бўлади. Делегация Бундестаг инсон ҳуқуқлари қўмитасининг беш вакилидан таркиб топган. Вазиятни ўрганиш учун улар қарийб бир ҳафта давомида мамлакатнинг қишлоқ жойларига боришни ҳам режалаштирган”, - деб маълум қилди Бундестаг мулозими Анке Зайдл.

Делегация аъзоларининг маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари билан учрашуви сабаб бўлса керак, бу ташрифга ҳам Германия, ҳам Ўзбекистон томони алоҳида эътиборни жалб этишни хоҳламаяпти.

Ўзбекистон ҳақида кўпгина мақолалар муаллифи бўлмиш германиялик журналист Маркус Бенсманн сўзларига кўра, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятидан хавотир билдириб келган немис парламентида Германиянинг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятига кўз юмиш сиёсатини қўллаб-қувватламайдиганлар талайгина.


Аммо Ўзбекистонга келган делегация вакиллари бу ердаги инсон ҳуқуқлари вазияти борасида ширин гаплар айтмаса ҳам бу Германиянинг Ўзбекистонга сиёсатини ўзгартиришга ожиз кўринади.

“Германиянинг амалдаги ҳукумати парламентда катта коалицияга эга. Бу эса Бундестагда ҳукумат қарорлари юзасидан катта мунозаралар кўтарилмаслигини англатади. Парламент вакилларининг аксари Ўзбекистонда нималар содир бўлаётганини билмайди ҳам. Бу эса парламент инсон ҳуқуқлари комиссиясининг таъсири катта бўлмаслигидан далолат”, - дейди М.Бенсманн.


Афтидан Германия ҳукуматининг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари борасидаги вазиятга юмшоқроқ сиёсатини ўзгартириш учун Бундестагнинг инсон ҳуқуқлари қўмитаси Ўзбекистон борасида ўта кескин баёнот қилиши ҳам кифоя эмасдек кўринади.

Келаси йилдан бошлаб Европа Иттифоқида амалда ва расман етакчилик қила бошлайдиган Германия Ўзбекистон борасида бутун ЕИ сиёсатини тақдим этади. Германиянинг Тошкентга серқатнов бўлиб қолган турли миссиялари Ўзбекистон борасида ана шу ягона сиёсатни қуришга қаратилган.

“Германия томони ЕИнинг Марказий Осиёга нисбатан сиёсатини ишлаб чиқмоқда ва сиёсат минтақадаги икки муаммоли давлат - Ўзбекистон ва Турманистон билан муносабатларни жонлантиришни ҳам назарда тутади”, - дейди Германия Ташқи ишлар вазирлигининг ўз исмини ошкор этишни истамаган мулозими.

Германия расмийлари айни пайтда Россиянинг кучайиб бораётган таъсиридан хавотирлана бошлаётган Ўзбекистон раҳбарияти Ғарбда янги иттифоқчи қидира бошлаганини таъкидламоқда.

Журналист М.Бенсманн эса Германия Афғонистондаги операциялар учун ўта муҳим ҳисоблайдиган Термиздаги ҳарбий контингентини сақлаб қолиш ниятида эканини айтади.
XS
SM
MD
LG