Линклар

Каримов Андижонни милиционер қўлига топширди

  • Алишер Сиддиқ

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Андижонда 2005 йил 13 май куни содир бўлган ғалаённинг қонли бостирилганидан сўнг илк бор шу вилоятга сафар қилди.

Андижон вилоятидаги жорий вазият билан шахсан танишган президент вилоят ҳокими Сайдулло Бегалиевни вазифасидан озод этди. Унинг ўрнига шу пайтгача Наманган вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган Аҳмаджон Усмонов тайинланди.

Андижондаги қонли воқеалардан сўнг вилоят ҳокими ишдан кетиши ҳақида овозалар тарқаганига қарамай, С.Бегалиевни вазифасидан озод қилиш мавриди энди етиб келган кўринади. У бу вилоятга 2004 йил 25 майда ҳоким этиб тайинланганди.

“С.Бегалиев Андижон вилояти ҳокимлигидан нега бўшатилаётгани кундек аён. Президент Андижондаги ғалаёндан сўнг бир йил ўтгач, вилоятдаги абгор вазият сабабчисини кўрсатиши керак эди”, - дейди сиёсий таҳлилчи Пўлат Охунов.


Икки йил аввал вазифасидан четлаштирилган Қобилжон Обидов ҳам, кейинги ҳоким Сайдулло Бегалиев ҳам аҳолиси энг зич жойлашган, ишсизлик муаммоси эса кундан-кунга кучайиб бораётган Андижондаги ижтимоий вазиятни ўнглашнинг устидан чиқа олмаган кўринади. Андижон ғалаёнига ҳам билвосита аҳолининг абгор яшаш шароити сабаб бўлгани айтилади.

“Қонли воқеалардан сўнг бир йил ўтиб вилоятга кучишлатар идора вакили тайинланиши вазиятнинг ўзгармай қолганидан далолат беради”, - дейди сиёсий таҳлилчи Тошпўлат Йўлдошев. - Сўнгги йилларда Ўзбекистон бошқарув лавозимларига кўпроқ кучишлатар идоралар вакилларининг тайинланиши кузатилмоқда. Мамлакатда юзага келган вазият президент Каримовнинг давлатни янада қаттиққўллик билан бошқаришини тақозо этмоқда”.

Мамлакат ички сиёсатида қаттиққўлликни кучайтириш жараёни айнан Андижондаги норозиликлардан бошлангани кузатилади. Энди эса яна бутун мамлакатга намуна бўлиши тахмин қилинаётган Андижон бошқаруви “давлатни бошқаришнинг андижонча усули” ўлароқ таърифланиши мумкин.
XS
SM
MD
LG