Линклар

Душанбе-Хўжанд йўналишида ҳаракатланаётган 3 та “Камаз” автомашинаси текшириб кўрилганда уларнинг биридан катта миқдорда наркотик модда – 60 килограмм героин топилди.

  • Садриддин Ашур

Тожикистон президенти ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш агентлиги Сўғд вилояти бўлими катта назоратчиси Жаъфархон Исҳоқийнинг “Озодлик”ка айтишича, бу машиналар наркотик модда олиб келаётганликда гумон қилиниб, дастлаб агентлик ҳудудига олиб келинган.

“Автомашиналардан бирининг ёнилғи баки текшириб кўрилганда унда махсус яширин туйнук борлиги аниқланди. У ердан елим қоғозларга ўралган 55 дона пакет топилди. Ўтказилган лаборатория текшируви бу елим халталарда 60 килограмм энг юқори сифатли героин моддаси борлигини кўрсатди”, - дейди Ж.Исҳоқий.

Унинг сўзларига кўра, қолган икки автомашина ҳам ҳозир жиддий текширувдан ўтказилмоқда.

Наркотик моддаларнинг эгалари ва бу юк қаерга олиб кетилаётгани ҳақидаги маълумотлар тергов манфаати юзасидан сир сақланмоқда.

Сўнгги вақтларда Тожикистонда наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши кўпаяётгани кузатилмоқда. Жумладан, Сўғд вилояти ички ишлар бошқармаси маълумотларига кўра, бундан бир неча кун олдин Панжакент туманида катта миқдордаги наркотик модда ушлаб қолинди. Тожикистон чегара қўшинлари қўмитасининг “Эсанбой” чегара заставаси бошлиғи ўринбосари Амрулло Арбобовнинг уйи тинтув қилинганда у ердан 4 килограммдан ортиқ героин топилди. Маҳаллий фуқаро Эргаш Қодировнинг уйидан эса 60 килограмм қорадори мусодара қилинди.

Наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши айнан ҳуқуқ-тартибот идораларининг юқори мартабали ходимлари ҳомийлигида ёки уларнинг бевосита иштирокида юз бераётгани наркотикларга қарши курашни оғирлаштирмоқда.

Наркотик моддаларни назорат қилиш агентлиги Сўғд вилояти бўлимининг собиқ бошлиғи генерал-майор Шеравлиё Мирзоавлиёев давлат амалдорлари бундай ишга бош қўшаётганини инкор этмайди.

“Бор, ҳомийлари бор. Давлат идораларида ишлайдиган амалдорларгача ҳомийлари бор. Бизда мавжуд ахборотларга кўра, Сўғд вилояти ҳуқуқ-тартибот идораларида ҳам уларнинг суянган тоғлари бор. Балки бизнинг агентликда ҳам бордир”, - дейди Ш.Мирзоавлиёев.

Кузатувчиларнинг таъкидлашича, Тожикистонда мусодара қилинаётган наркотик моддаларнинг деряли ҳаммаси Ўзбекистон ва Қирғизистон орқали Россияга олиб ўтилиши мўлжалланган.

Ш.Мирзоавлиёев шу йилнинг июль ойида ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон томони тожикистонлик ҳамкасблари билан ҳамкорлик қилмаётгани, оқибатда наркотик моддаларни назорат қилиш анча қийинлашаётганини айган эди.

“Очиқ-ойдин айтмоқчиман. Ўзбекистон билан ҳеч қандай ҳамкорлик алоқаларимиз йўқ. Агентлик кенгаши томонидан қўшни давлатга бир қанча таклифлар, ҳамкорлик ҳақида истаклар юборилган эди. Афсуски, бу таклифларга ҳеч қандай жавоб бўлмади”, - деган эди генерал.

Наркотик моддаларни назорат қилиш агентлигининг ўз исмини ошкор этмаган ходими бугунги кунга келиб ўзбекистонлик касбдошлар билан ҳамкорлик тикланаётганини билдирди. Яқин кунлар ичида эса Хўжандда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондаги агентликлар юқори мартабали мутахассисларининг йиғилиши бўлиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG