Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:53

Ҳокимлари “мошхўрда ичиш”га етмаётган ғалати замон ҳақида


Андижон вилояти халқ депутатлари кенгашининг ҳоким алмаштиришга бағишланган 13 октябрь кунги сессиясида Сайдулло Бегалиевнинг ёмон ҳоким бўлгани бирдан маълум бўлиб қолди.

Нега “бирдан”? Қуйида гап шу ҳақда.

Президент Ислом Каримовнинг сессиясида ирод этган нутқи мазмунидан келиб айтилса, С.Бегалиев “Андижонни яхши биладиган, лекин қўлидан иш келмайдиган одам” бўлиб чиқди.

Ўзбекистон телевидениеси мухбирининг айтишича, С.Бегалиев “заиф эканини” тан олди.

Агар вилоятнинг 13 октябргача бўлган раҳбариятига сессияда берилган бу баҳоларни Андижон вилояти тўғрисида расмий газеталарнинг ёзмишларига қиёсланса, уларнинг қай бирига ишонишни билмай бош қотади.

Сессия минбаридан туриб президент И.Каримов, жумладан, бундай деди:

- Эски совет давридаги тушунча ва қарашлар асосида хўжакўрсинга иш қилиш, кўзбўямачиликнинг авж олиши оқибатида вилоят раҳбарлари халқ ҳаётидан, реал воқеликдан узилиб қолди.

Демак, Сайдулло Бегалиев янгича ишлашни билмайдиган, советча типдаги раҳбар. Бас шундай экан, нега унда “Халқ сўзи” газетаси жорий йилнинг 13 май кунги сонида С.Бегалиев бошқариб турган вилоятни “туб бурилиш ва янгиланиш тимсоли”, деб атади?

Худди шу сарлавҳали мақолада вилоят раҳбарининг ёмон ишлаётгани тўғрисида лом-мим дейилмаган, аксинча унинг бошқаруви остидаги Андижон “гуллар вилояти”, “ибрат мактаби” экани айтилган.

Хўш, ким тўғри гапиряпти? Президентми ёки у кишининг измидаги газетами?

Яна президентнинг гапига қайтайлик:

- ...вилоят раҳбарлари халқ ҳаётидан, реал воқеликдан узилиб қолди.

Лекин бундан 3 ойу 13 кун муқаддам - 1 июль куни сенатор Ёрқинбек Одилов “Халқ сўзи”да эълон қилган қарийб бир саҳифалик мақоласида: “Вилоят ҳокимлиги ҳукуматнинг амалий ёрдамига таянган ҳолда, биринчи навбатда, одамларни иш билан таъминлаш учун янги иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратаётир”, - деб ёзганди.

С.Бегалиевнинг ўзи эса вилоят ҳокимлигида ёзда бўлиб ўтган йиғилишлардан бирида “2006 йилнинг биринчи ярмида вилоят бўйлаб 30 мингдан зиёд иш жойи яратилгани” тўғрисида гапирувди.

Хўш, ким тўғри гапиряпти? Президентми, сенаторми ёки ишдан олинган ҳокимми?

Ўзбекистон ТВси мухбирининг сессиядаги гапларга таяниб айтишича, "икки йилдан бери давлатга пахта сотиш шартномавий йиллик режанинг бажарилмаётгани туфайли" давлат ҳам, андижонлик деҳқон ҳам зарар кўриб келяпти.

Бас шундай экан, нима учун “Халқ сўзи”нинг юқорида эслатилган сонида: "(Андижонликлар) ерларни кенгайтирмаган ҳолда ҳосилдорликни оширишга интилмоқда. Бунинг уддасидан чиқдилар ҳам. Агар 2003 йили гектарлар ҳосилдорлиги вилоят бўйича 25,8 центнерни ташкил этган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 29,4 центнерга етди”, - деб ёзилган?

Хўш, ким тўғри гапиряпти? Президентми ёки у кишининг измидаги газетами?

Президентнинг гаплари билан расмий нашрнинг С.Бегалиев бошқаруви давридаги ёзмишларини қиёслашни шу ерда тўхтатамиз.

Охирги гап. Президент Каримовнинг уқтиришича, вилоят раҳбари оддий меҳнаткашга яқин бўлиши керак.

“Ўзи куймаса агар, юрагидан ўтказмаса агар, одамларни қабул қилмаса, қишлоқларга бормаса, уйларга кирмаса, мошхўрдасини емаса – қанақа
раҳбар у?!"
- деди Ислом Каримов.

Демак, ҳокимнинг вазифаларидан бири ўз вилоятидаги ҳар бир фуқаро билан унинг мошхўрдасини ейиш даражасида яқин бўлишдир.

Бас шундай экан, бу ишда Андижоннинг янги ҳокимига мелисадан чиққанлиги қўл келса керак. (Дарвоқе, вилоятга С.Бегалиев ўрнига шу вақтгача Наманган вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи бўлиб келган Аҳмаджон Усмонов тайинланди).

Ким кўп - милиционер кўп, маҳалла посбони кўп. Жадвал тузволиб, бир чеккадан уйма-уй юриб, мошхўрда ейилади-ичилади энди чоғи!!!
XS
SM
MD
LG