Линклар

logo-print

БМТ КХДРга қарши резолюцияни қабул қилди

  • Фаррух Юсуфий

14 октябрь куни БМТ Хавфсизлик кенгаши ядровий синов ўтказганига жавобан Шимолий Кореяга қарши жазо чоралари қўллашни назарда тутувчи резолюцияни бир овоздан маъқуллади.

Амал қилиниши мажбурий бўлган санкцияларга кўра, БМТга аъзо давлатлар Шимолий Кореяга бораётган ёхуд у ердан келаётган юк транспортларида оммавий қирғин қуролларига алоқаси бўлган материаллар бор-йўқлигини текшириш ҳуқуқига эга бўлади. Пхеньяннинг мунозарали қуроллар дастурида ишлатилиши мумкин бўлган материал ёки ускуналарни Шимолий Кореяга сотиш ёки бериш тақиқланади ҳамда давлатлар Шимолий Кореянинг қуроллар дастурига алоқаси бўлган шахслар ёки ширкатларнинг пул маблағларини музлатишга чақирилади.

Хавфсизлик кенгашининг вето ваколатига эга бўлган аъзолари Россия ва Хитойнинг розилигига эришиш учун АҚШ томонидан ишлаб чиқилган резолюция лойиҳасига жиддий ўзгартишлар киритилди.

Резолюция бўйича якдилликка эришиш учун кенгаш аъзоларининг ёпиқ эшиклар ортида дипломатик савдолашувлари талаб этилди. Хитой ва Россиянинг розилигини олиш учун АҚШ сендан угина, мендан бугина қабилида бошқа масалалар бўйича муроса қилишига тўғри келди.

Буюк Британиянинг БМТдаги элчиси Эмир Жонс-Перри охир-оқибат эришилган келишув халқаро бирдамликнинг рамзи бўлганини таъкидлади.

“Халқаро ҳамжамиятнинг Пхеньянга кескин муждани юбориши ўта муҳим эди ва шундай бўлди ҳам. Лекин шуни айтиб қўйишим керак, резолюция оммавий қирғин қуроллари ва ракета дастурларини тўхтатиш ҳамда Пхеньян ҳокимияти тепасидагиларнинг хатти-ҳаракатларини ўзгартиришга қаратилган”, - деди британиялик дипломат.

Шимолий Кореянинг БМТдаги вакили Пак Гил Йон Хавфсизлик кенгаши мажлиси ўртасида намойишкорона чиқиб кетди. Резолюция қабул қилингандан кейин Пхеньян вакили уни “адолатсиз”, дея баҳолаб, АҚШни Шимолий Кореяга босимни кучайтирмаслик ҳақида огоҳлантирди.

“Бу резолюция Хавфсизлик кенгашининг мутлақ нохолис тузилмага айлангани ҳамда ўз ишида иккиюзламачилик сиёсатини олиб бораётганидан далолат беради. Агар АҚШ КХДРга босимни кучайтирадиган бўлса, Шимолий Корея буни ўзига қарши уруш эълон қилиниши сифатида талқин этиб, тегишли жисмоний чораларни кўришда давом этади”,- деди Пхеньян дипломати.

Резолюция бир овоздан қабул қилинганига қарамай, уни амалда қўллаш бироз мушкул масала бўлиши мумкин.

Хитойнинг БМТдаги элчиси Уанг Гуангя Пекин Шимолий Кореяга бораётган ёки у ердан келаётган транспортни текшириш чораларини кучайтириш ниятида эмаслигини маълум қилди.

“Хитойнинг сиёсий позицияси текширув чораларини кучайтириш тарафида эмас. Чунки ўтмишдаги тажрибадан келиб чиқиб, бу салбий оқибатларга олиб келиши мумкин, деб ҳисоблаймиз. Шунинг учун резолюциянинг бироз юмшатилганини инобатга олиб, бу текширувлар жуда эҳтиёткорлик билан амалга оширилишига умид қиламиз”, - деди Хитой расмийси.

АҚШнинг БМТдаги дипломати Жон Болтоннинг таъкидлашича, Хитой Ташқи ишлар вазирлигининг ҳуқуқий масалалар бўйича мутахассиси резолюциянинг матнига кўра мамлакати бундай текширувларни амалга оширишга мажбур бўлишини эътироф этган.

“БМТ низомининг еттинчи моддасига кўра, Хитой мазкур резолюцияга амал қилишга мажбур. Зеро, БМТ резолюцияларини бажариш ташкилотга аъзо давлатлар учун мажбурийдир. Мен Хитойнинг Хавфсизлик кенгаши жорий қилган мажбуриятларга амал қилмаслигини тасаввур қила олмайман”, - деди Жон Болтон.

Россиянинг БМТдаги элчиси Виталий Чуркин қабул қилинган резолюция Шимолий Кореяни ўзининг хавфли ядровий сиёсатини қайта кўриб чиқиш ва олти томонлама музокараларга қайтишга кўндиришга қаратилганини қайд этди.
XS
SM
MD
LG