Линклар

Кечаги “оқ” бугун “қора”, бугунги “қора” кеча “оқ” эди

  • Барно Анвар

Барча ҳоким олиш “маросимлари”да бўлгани каби Андижон вилояти ҳокими Сайдулло Бегалиевни ишдан бўшатаётганда ҳам президент Ислом Каримов вилоятдаги камчиликлар ҳақида кўплаб далиллар келтирди.

У Андижон вилояти халқ депутатлари кенгашидаги маърузасида вилоят ҳокимини ўз хизмат вазифасини суиистеъмол қилганлик, аҳоли қолиб “етти пуштини ўйлаганлик” ва шу туфайли вилоят аҳолисини оғир аҳволда қолдирганликда айблади. Шунингдек, Каримов сўзларига кўра, ана шу жиддий хатолар оқибатида Андижон аҳлида “адолат борми ўзи”, деган савол туғилгани табиийдир.

Ўзбекистон телевидениеси президентнинг Андижон вилоятига сафарига бағишлаб тайёрлаган махсус кўрсатувда айтилишича, вилоят ҳокимлиги раҳбарлари ўз вазифасини ўта даражада суиистеъмол қилган ва 1 миллирад 200 миллион сўм маблағни ўзлаштирган. Оқибатда вилоят халқи 2005 йил ва 2006 йилнинг дастлабки 9 ойи давомида жуда катта иқтисодий қийинчиликларга учраган.

Бошқача айтганда, С.Бегалиев бошчилигидаги маъмурият Андижон вилоятида 2005 ва 2006 йилнинг шу кунига қадар юз берган хато ва камчиликларда бош айбдор саналмоқда. Шу жумладан, Андижон фожеаларида ҳам. Буни И.Каримовнинг ўзи шахсан эътироф этди.

Аммо Ўзбекистон раҳбарининг Андижон сафари ҳамда Андижон фожеалари айбдорлари ошкор эълон қилганига оид тафсилотларга ўтишдан олдин унинг аввалги айрим чиқишларини ёдга олсак.

“Бу ниманинг далолати, деб сўрашса, мен бу авваламбор, одамларнинг, халқнинг, жамоатчиликнинг ички норозлигидир, деган бўлардим. Украинадаги ҳозирги аҳвол ва ўзининг ҳаёт даражасидан... Бу авваламбор мамлакатдаги сиёсий инқирознинг далолатидир. Буни украиналикларнинг ўзи ҳам яхши билади ва буни четдан келиб қўзғатишнинг ҳожати йўқ”, - деган эди И.Каримов Украинада содир бўлган зарғалдоқ инқилоб юзасидан фикр билдириб.

Ўшанда – 2004 йилнинг декабрь ойида президент И.Каримов минглаб одамларнинг Украинадаги каби бир майдонга, норозилик йиғинига тўпланиши сабаби, шаксиз, халқнинг ички норозилиги, сиёсий инқироз далолатидир, бунда ташқи таъсирга ўрин йўқ, дея комил ишонч билан таъкидлаган эди.

Орадан кўп ўтмади – 2005 йилнинг май ойида минглаб норози одамлар яна бир майдонда, энди Ўзбекистоннинг аҳоли энг зич яшайдиган вилояти маркази Андижон шаҳри бош майдонида йиғилди. Улар ўз норозилиги учун келтирган сабаблар эса салкам беш ой муқаддам И.Каримов тилга олган айни сабаблар эди.

“Биз Каримов келади, бизнинг дардимизни эшитади, деб чиқдик. Масалан, менинг ўзимда қанча муаммо: эрим ишламайди, мен ишламайман. Уйга бирон жойдан пул келмаса, газ ҳақини қандай тўлаймиз?! Ойликларни оширсин, вақтида берсин ахир! Халқнинг дардини ҳам кимдир эшитиши керакми, халқнинг муаммосини ҳал қилиб бериши керак-ку ахир?!”, - дейди Андижон фожеаси иштирокчиси, 35 ёшли аёл.

“Фалончи гўшт солиб, овқат қилибди, дейдиган қишлоқлар бор, ишонасизми? Чунки ойлаб қозони гўшт кўрмайдиган оилалар сероб. Аллоҳ насиб қилса, ўша хонадонларни шахсан олиб бориб кўрсатаман ишонмасангиз! Оқ нон биз учун обрў белгиси, гапнинг тўғриси айтсам”, - дейди андижонлик 40 ёшли эркак.

“Биз неча кун бўлса ҳам тинчгина ўтириб, мамлакат раҳбарларига муаммоларимизни айтамиз, деб чиққан эдик. Ҳамма йиғилган аёллар, болалар, қариялар эди. Қўлида умуман қурол тутмаган. Аммо улар қулоқ солмади. Огоҳлантирмасдан тариллатиб отиб ташлади. Қўрққанимиздан болаларимизни тагимизга босиб, ётиб олдик ерга”, - дейди андижонлик 30 ёшлар атрофидаги аёл.

Улар 2005 йилнинг 13 майида Андижонда ўз ҳақини сўраб чиққан ва ўқ ёмғири остида ўз ҳукумати қўшинидан қочган андижонликлар.

Президент Каримов ўшанда беш ой аввалги гапига мутлақо зид равишда Андижон майдонида йиғилган минглаб норози одамларга ўша заҳотиёқ “террорчи”, “диний экстремист” тамғасини ёпиштирди, бу воқеаларда “ёт кучларнинг қўли борлигини” яна ўша комил ишонч билан таъкидлади.

“Улар, яъни жангарилар орасида қўшни давлатлардан келган иштирокчилар ҳам бор. Уларнинг исм-фамилиялари, шахси ҳақида яна қўшимча маълумот берамиз. Бу масала бугун ўрганиляпти. Айтмоқчиманки, четдан ёрдам бўлмаса, маблағ бўлмаса, улар ўз чиқишларини қила олмаган бўлар эди. Бундай дейишимизга бизда ҳамма асос бор. Конституцивий ҳукуматни ағдариб, мусулмонлар халифати, деган афсонавий давлатнинг бир шахобчасини ўрнатиш, ўз ҳукмронлигини ўрнатиш мақсадидир бу”, - деганди президент Андижон воқеаларидан сал ўтмай.

Шундай қилиб, Ўзбекистон ҳукумати Андижон фожеасини тўла-тўкис хориждан туриб уюштирилган экстремистик хуруж, Ўзбекистон конституциявий тузумини ағдаришга уриниш, дея баҳолади. Минглаб аҳолининг ҳукумат қўшинлари томонидан ўққа тутилиши эса диний экстремист, жангари гуруҳларнинг шу мақсаддаги уринишни тўхтатишга қаратилган ягона чора, деб таъкидланди.

Аммо президентнинг куни-кеча кутилмаганда Андижонга қилган сафари ва вилоят ҳокимини 2005 йил май воқеаларининг бош айбдори сифатида ишдан бўшатиши унинг бундан бир ярим йил аввалги таъкидларига яна зид келмоқда.

“Биринчи раҳбарга кўп нарса боғлиқ. Баъзи раҳбарлар ўйлайдики, бизлар қилган ишларни, кирдикорларни оддий одамлар билмайди, деб. Аммо шу ерда қаттиқ адашади. Одамлар ҳаммасини билади. Фақат бу раҳбарлар халқнинг андишаси, чидамини, ўзбекчилигини суиистеъмол қилишини мен хиёнат, деб ҳисоблайман. Иш топмаса агар: “Эй барака топгур, адолат борми дунёда”, деган савол пайдо бўладими ёки йўқми? Андижон воқеаларида қатнашганларнинг 80 фоизи, фикримча, алданган одамлардир”, - деди президент Андижондаги сессияда.

Демак, Ўзбекистон раҳбарининг фикрича, Андижон фожеалари сабаби шу вақтгача таъкидлаб келингани каби тўлалигича конституцивий тузумга четдан уюштирилган тажовуз эмас, балки минглаб одамларнинг ижтимоий аҳвол, мавжуд иқтисодий-сиёсий тузумдан норозилигидир, деган хулосага келиш мумкинми?

У ҳолда 2005 йилнинг 13 май куни “жангарилар”, “диний экстремистлар” дея бир чеккадан ўққа тутилган оломоннинг 80 фоизи орасида минглаб бегуноҳ одамлар увол кетгани энди тан олиняпти-ю, орадан бир ярим йил ўтиб бунга Андижон вилояти ҳокими айбдор бўлиб чиқяптими?

“Ҳозир президент Каримов учун асосий иш – айбдорни топиб, халққа кўрсатиш. Ҳукумат қилган айбни қайсидир амалдорга тўнкаб қўйиш тажрибаси эса кенг тарқалган тажриба. Ўзбекистон ўз сиёсий айбини тан олишни истамайди ва бунга бир ёки бир неча амалдорни айбдор қилиб кўрсатади, тамом. Буни халқ ҳам билади ва шунга рози бўлиб яшайверади. Икки томонлама ўйин бу”, - дейди Ўзбекистон мухолифати вакилларидан бири Пўлат Охун.

“Бирлик халқ ҳаракати” партияси аъзоси Абдуманноп Пўлатов ҳам Ўзбекистон ҳукуматининг ўз айбини бир амалдорга тўнкаб, қутулиши бор ҳақиқат эканини таъкидлади.

“Бу (президентнинг сессиядаги гаплари) ўша халқ қўзғолонида бегуноҳ қурбонлар ҳам бўлган, деган гапни очиқ, бевосита бўлмаса-да, билвосита тан олишдир. Яъни Ўзбекистон ҳукумати Андижон воқеаларига нисбатан муносабатини аста-секин юмшатмоқчи ва шу билан Ғарб, хусусан, АҚШ ва Европа Иттифоқининг унга нисбатан юмшоқлашган муносабатига шу тариқа жавоб қилмоқчи”, - деди А.Пўлатов.
XS
SM
MD
LG