Линклар

logo-print

Нодавлат ташкилотлар бошига қора кун тушди...ми?


Аваз Алиев Россияда нодавлат ташкилотларни қайта рўйхатга олиш жараёни 18 октябрда тугайди. Бу муддатгача Адлия вазирлигига ҳужжат топширишга улгурмаган нодавлат ташкилотлар Россияда фаолият юритиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади.

“Озодлик”нинг Москвадаги мухбири Клаир Бигнинг хабар беришича, кўпгина нодавлат ташкилотлар ҳунуз қоғоз йиғиш билан овора.

Франциянинг тиббиёт соҳасида фаолият юритувчи “Медсинс ду Монде” нодавлат ташкилоти Москва ваколатхонаси ходимлари юрак чангаллаб ўтирибди. Бунга ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун зарур ҳужжатларнинг ҳали ҳам Париждан етиб келмагани сабабдир.

Ташкилотнинг Москва бўлими раҳбари Исмоил Шиҳобиддин сўзларига кўра, барча ҳужжатлар Россиянинг Рўйхатдан ўтказиш федерал комиссиясига топширилиши керак.

Ташкилот бу ишни 18 октябргача битказишни ният қилган. Акс ҳолда ташкилот рўйхатдан ўта олмай, ёпилиши мумкин.

“Биз жуда кўп ҳужжат тўплашга мажбур бўлдик. Булар сирасига ҳатто ташкилотимизга асос солганларнинг паспорт рақамлари ҳам киради. Рўйхатдан ўтказиш комиссияси фақат бир кун - 18 октябрда ишлайди. Менимча, ўша куни у ерда кўп одам бўлади. Навбат олиш учун биз эрта туриб, у ерга боришимиз даркор. Албатта, бундай ҳолатда маълум муддат қонуний ишлашнинг имкони бўлмайди”, - деди И.Шиҳобиддин.

Рўйхатдан ўтиш учун ташкилотда ишлаётган ҳар бир ходимнинг паспорт рақами, турар-жой манзили, ташкилотнинг Россияда ҳаққонний фаолият юритиши тўғрисидаги кафолат қоғози даркор бўлади.

“Медсинс ду Монде” ходимаси Гулнора ташкилотни рўйхатдан ўтказиш жараёни эълон қилингандан буён кўпгина тушунмовчиликлар юз бераётганини айтади.

“Мана бу қоғозга кўра биз еттита ҳужжат тўплашимиз шарт. Лекин юристимиз билан бўлган учрашувдан сўнг биз бунга қўшимча яна анчагина ҳужжат тўплашимиз кераклиги аён бўлди. Биринчидан, қайтадан рўйхатдан ўтишимиз кераклигини биз умуман билмаганмиз. Мазкур жараён бошланганда расмийлардан ҳеч ким бизни телефон орқали ёки оғзаки тарзда огоҳлантирмади ҳам”, - дейди Гулнора бир қоғозни кўрсатар экан.

Нодавлат ташкилотларнинг Россияда фаолият юритиш тартибини белгиловчи янги қонун йил бошида қабул қилинган эди. Орадан олти ҳафта ўтиб эса ташкилотларни қайта рўйхатдан ўтказиш тартиб-қоидалари эълон қилинди.

Москвадаги “Мерос” ташкилоти раҳбари Евгений Волкнинг айтишича, барча керакли ҳужжатлар тўпланиб, рўйхатдан ўтказиш учун комиссияга аллақачон топширилган. Лекин мазкур жараён кўп вақт талаб этмоқда.

“Биз топширган ҳужжат икки юз бетдан иборат эди. Ташкилот низоми, асосчилари ҳамда Москва шаҳрида фаолият юритишга асос солганларнинг махсус рухсатномаси каби ҳужжатларни тўплашимиз ва топширишимиз шарт эди. Бир тасаввур қилинг-а, “Мерос” ташкилотига 1973 йилда асос солинган. Биз мазкур ташкилотнинг отахонларини топишимиз керак эди. Ўттиз уч йил ичида бу ташкилотга кимлар келди-ю, кимлар кетди. Айримлари оламдан кўз юмган, бошқалари эса ташкилот билан ишламай қўйган”, - деди Е.Волк.

Нодавлат ташкилотларни қайта рўйхатдан ўтказиш ҳақидаги қонуннинг қабул қилиниши кўпгина кузатувчилар томонидан танқид ҳам қилинган эди. Уларнинг таъкидлашича, мазкур қонун Кремлнинг жамият устидан назоратини янада мустаҳкамлайди.

“Сиёсий нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, бундай ҳаракатлар очиқчасига нодавлат ташкилотларни Россиядан сиқиб чиқаришга қаратилган. Агар норози бўлсангиз, марҳамат, ҳужжат тўлдирмаслигингиз мумкин, бу ерда ишлашингиздан манфаатдорлар йўқ, деб бизга расман, очиқчасига маълум қилганлар”, - дейди “Мерос” ташкилоти раҳбари Е.Волк.

Маълумотларга кўра, 12 октябргача Рўйхатдан ўтказиш федерал комиссияси Россияда фаолият юритувчи беш юз халқаро нодавлат ташкилотдан фақатгина 80 тасини рўйхатдан ўтказган.
XS
SM
MD
LG