Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:07

Ўзбекистонлик қочқин Москвада бедарак йўқолди


Абдуллоҳ Эргаш Ўзбекистон томони сўровига кўра Россияда ҳибсга олиниб, айби исботланмагани учун яқиндагина Липецк суди томонидан ҳибсдан озод этилган ўзбекистонлик қочқин Рустам Мўминов бедарак йўқолди.

Бу ҳақда Москвадаги “Фуқаровий кўмак” қўмитасининг марказий осиёлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш дастури раҳбари Елена Рябинина хабар берди.

Е.Рябинина Р.Мўминов 17 октябрь куни қўққисдан дом-дараксиз кетгани ва уни махсус хизматлар ўғирлаб кетган бўлиши мумкинлигини билдирди.

“Бугун соат 12 лар атрофида идорамиз олдига тахминан 7 киши келган ва улардан 2 нафари – участка нозири ва Федерал хавфсизлик хизмати ходими эканини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатган шахс Р.Мўминовни рўйхатдан ўтмаган, деган сабаб билан олиб кетган. Улар Р.Мўминовни туман милиция бўлимига олиб кетаётганини айтган. Бироқ у ердагилар Рустам олиб келинмаганини айтмоқда. Ҳозир ҳамма жойга телефон қилиб, унинг қаерга олиб кетилганини аниқлашга ҳаракат қиляпмиз”, - деди Е.Рябинина.

Маълум бўлишича, москвалик ҳуқуқ ҳимоячилари Р.Мўминовнинг кейинги тақдиридан ташвишга тушгани боис, уни Москвага чақирган ва шу ерда ўз назорати остида сақламоқчи бўлган. Бироқ бу мақсад амалга ошмай қолган.

Асли сурхондарёлик Р.Мўминов Липецк вилоятида қонуний рўйхатдан ўтган ҳолда маҳаллий қаҳвахоналардан бирида ошпаз бўлиб ишлаб юрган вақтда қўлга олинган. Шундан кейин Россия Бош прокуратураси Р.Мўминовни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш тўғрисида қарор чиқарган эди. Аммо 6 октябрь куни Липецк суди бу қарорни бекор қилиб, қочқинни ҳибсдан озод этиш ҳақида ҳукм чиқарганди. Ўшанда “Озодлик” радиосига берган интервьюсида Р.Мўминов ҳанузгача нега ҳибсга олингани-ю, энди нега озод этилганини умуман тушуна олмаганини айтган эди.

Ўзбекистон томони Р.Мўминовни конституциявий тузумга тажовуз қилиш, ноқонуний диний экстремистик ташкилотларга аъзолик, жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи материаллар тарқатишда айблаб, қидирувга берган. Унинг Россияда ҳибсга олиниши эса 2006 йилнинг 21 мартида “НТВ” телеканали орқали махсус репортаж қилинган ва унда Рустам Андижон исёни иштирокчиси, хавфли террорчи қилиб кўрсатилган эди.
XS
SM
MD
LG