Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:43

Ўшликлар депутатнинг қотили тезроқ топилишини талаб қиляпти


17 октябрь куни Ўш ўзбек академик театри биносида шаҳар кенгаши депутати Ойбек Олимжоновнинг ўлдирилиши муносабати билан шаҳар жамоатчилиги вакилларининг норозилик йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда қатнашганлар ёш тадбиркорнинг қотилини топиб, қонун олдида жавоб беришини таъминлаш талаби билан мамлакат президентига мурожаат қилди.

15 октябрь оқшоми, ифтордан сўнг дўстлари билан гурунглашиб ўтирган ерида номаълум кимсалар томонидан отиб кетилган 44 ёшли О.Олимжонов Ўш шаҳри ўзбек миллий-маданий маркази раиси ҳам эди.

Мана шу сўнгги ҳолат қотиллик ортида миллий мотивлар йўқмикан, деган таҳликали саволни пайдо қилди.

Бу саволнинг пайдо бўлиши бежиз эмас. Чунки жорий йилнинг май ойида жалолободлик ўзбеклар вакиллари ўтказган митингда ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш талаби янграгандан сўнг миллатларо муносабатлар бироз таранглашиб қолгандай эди.

Лекин Ўшдаги театр биносида бўлиб ўтган йиғилиш иштирокчилари ҳам, мажлисга қатнашмаган бошқа ўшликлар ҳам депутатни ўзбек бўлгани, ўзбек миллий-маданий маркази раиси бўлгани учун ўлдирдилар, деган фикрдан йироқ.

Қирғизистон парламентининг ўзбек депутатларидан бири Иномжон Абдурасулов О.Олимжоновга: “У мухолифатчи ҳам, ўта йирик бизнесмен ҳам эмасди, ўшликлар яхши кўрадиган яхши инсон эди”, - деб таъриф берди.

Дўсти Рустамжон эса: “100 сўм топса, 100 сўмни камбағалларга бериб, уйига пул олиб кирмайдиган даражада қўли очиқ йигит эди”, - деди.

Қирғизистон парламентининг ўзбек депутатларидан яна бири, Қирғизистон Республикаси ўзбек миллий-маданий маркази раиси Муҳаммаджон Мамасаидов эса “бу ерда миллий масалага ўрин йўқлиги, чунки О.Олимжонов ўзи байналмилалчи бўлганини” айтар экан, унинг ўлимига мамлакатдаги “ҳозирги вазият сабаб бўлгани”ни қўшимча қилди.

Жўғўрқу Кенешнинг яна бир депутати, Ўш вилояти ўзбеклар жамияти раиси Давронбек Собиров О.Олимжоновнинг ўлдирилиши ёлланма қотилнинг иши экани аниқлигини айтиб:“Ойбекнинг ўлими масаласида сиёсий ва миллий масалаларни кун тартибидан олиб ташлаш керак. У криминал гуруҳларнинг ўзаро зиддияти қурбони бўлган бўлиши мумкин. Лекин нима бўлганда ҳам бу ёш йигитнинг ўлдирилиши ўшликларни даҳшатга солди”, - деди.

Ўшлик Ойбек Олимжонов кейинги бир - бир ярим йил ичида ёлланма қотил қурбони бўлган қирғизистонликларнинг дастлабкиси эмас.

17 октябрь кунги йиғилишда қабул қилинган мурожаатнома мана бу жумла билан якунланади:

"Биз ўшликлар республикадаги вазиятни издан чиқаришдан манфаатдор нопок кучлар авжига чиққан жиноятчиликни миллатлараро зиддиятлар ўзанига буриб юборишидан чексиз ташвишга тушаяпмиз".
XS
SM
MD
LG