Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:19

КХДРнинг ядровий синови Ўзбекистон масаласини четга сурди


Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирларининг Люксембург учрашуви кун тартибидан Ўзбекистон масаласи ўрин олмади. Бу ҳақда Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳининг ЕИ билан алоқалар дастури раҳбари Алба Ламберди маълум қилди.

Илгарироқ айни учрашув кун тартибига ЕИнинг Ўзбекистонга қарши жорий этган санкцияларини қайта кўриб чиқиш бўйича дастлабки муҳокамалар ўтказиш масаласи ҳам киритилганди.

“Учрашув кун тартиби бир ой аввал эълон қилинган эди. Аммо учрашувга бир-икки кун қолганда ЕИ бошқа кун тартибини эълон қилди. Ўзбекистонга оид муҳокамалар кун тартибидан чиқиб қолган”, - дейди А.Ламберти.

ЕИ ташқи ишлар вазирларининг 16-17 октябрь кунлари Люксембургда ўтган учрашувида, асосан, Грузия ва Россия муносабатлари ҳамда Шимолий Кореянинг ядровий синови билан боғлиқ вазият муҳокамалар марказида бўлди. А.Ламберти бу долзарб муаммолар ўртага чиқиб, Ўзбекистон масаласи четга чиқиб қолган бўлиши мумкинлигини айтади.

“Бугун ўтказилиши керак бўлган муҳокамалар Ўзбекистонга қарши санкцияларни қайта кўриб чиқишга қаратилган муҳокамаларнинг дастлабкиси бўлиши керак эди. Бу юзадан тўла-тўкис қарор ноябрь ойида, яъни Ўзбекистонга санкциялар жорий этилгандан бир йил ўтиб қабул қилиниши керак. 13-14 ноябрь кунлари ЕИ вазирлари яна учрашади. Ўша учрашувда ЕИ, тушунишимизча, Ўзбекистонга жорий этилган санкцияларни қайта кўриб чиқиб, уларни кучайтириш ёки бекор қилиш борасида бир тўхтамга келса керак”, - дейди Алба Ламберти.

Ўзбекистон Андижондаги исённинг шафқатсиз бостирилиши юзасидан мустақил текширув ўтказишни рад этгани сабабли ЕИ Тошкентнинг 12 амалдорига виза чеклови ва мамлакатга қурол-яроғ эмбаргоси жорий этганди. Бу санкциялар ҳали ҳам кучда. Аммо айни пайтда ЕИга аъзо айрим давлатлар, айниқса, Германия бу санкциялар натижа бермаётгани, Тошкент билан мулоқот зарурлигини айтиб келади.

Ўтган ҳафтада ЕИнинг Марказий Осиё ва бошқа минтақалар бўйича комиссияси бошлиғи Ҳьюго Мингарелли Ўзбекистонга жорий этилган санкциялар қайта кўриб чиқилиши мумкинлигини билдирганди. У ЕИ бу санкцияларни енгиллаштириши мумкинлигига ҳам ишора қилганди. Аммо кўпгина ташкилотлар, жумладан, Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи ҳам ЕИ талабини бажармаётган Ўзбекистонга қарши санкцияларни янада кучайтириш лозимлигини таъкидламоқда.

“Ўтган йили Каримов режимига санкциялар жорий этилганда ЕИ икки нарсани, биринчиси, Андижон воқеалари юзасидан мустақил тергов ўтказишни, иккинчиси, бу воқеа билан боғлиқ судларни кузатишга рухсат сўраган эди. Ўзбекистон на унисини, на бунисини бажарди. Аксинча инсон ҳуқуқлари фаоллари, ўзгача фикрловчиларга нисбатан тазйиқлар кучайди. Бизнингча, вазият фақат ёмон томонга ўзгармоқда. Шу боис, ЕИнинг Ўзбекистонга санкцияларни бекор қилиши ёки енгиллаштиришини оқловчи бирор асос кўрмаймиз. Мамлакатда сўнгги бир йил ичида вазият яхшиланмаган экан, ЕИ унга қарши чораларни кучайтириши, жумладан, Ўзбекистоннинг ЕИга кириши тақиқланган расмийлари рўйхатини кенгайтириши, бу рўйхатга президент Ислом Каримов номини ҳам киритиши керак”, - деди Алба Ламберти.

Ўтган ойда ЕИнинг Финляндия Ташқи ишлар вазирлиги расмийларидан иборат кичик делегацияси Ўзбекистонга бориб қайтганди. Ўшанда расмий Тошкент ЕИ билан инсон ҳуқуқлари борасида мулоқотга тайёр эканига ишора қилган эди. Аммо, Алба Ламберти фикрича, бу И.Каримов режимига нисбатан жорий этилган санкцияларнинг юмшатилиши учун асос бўла олмайди.

“Ўзбекистон ҳукумати мулоқотни йўлга қўйиш, инсон ҳуқуқлари борасида мулоқотга тайёрлигини вақти-вақти билан айтиб туради. Лекин амалда булар қуруқ баёнотлар эканини кўрамиз. Амалий ўзгаришларни кўрмаймиз”, - деди А.Ламберти.
XS
SM
MD
LG