Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:41

Яна бир гўдак вафот этди


Жанубий Қозоғистонда орттирилган иммут танқислиги вируси (ОИТВ) билан оғриган болалардан яна бири куни-кеча вафот этди. Айни пайтда шу касалликка чалинган яна икки гўдак вилоят шифохонасининг реанимация бўлимида ётибди.

Маълумотларга кўра, Жанубий Қозоғистонда ОИТВ тарқаган кундан шу пайтгача 173 бола оламдан ўтган. Бу болалар ОИТВ бўйича махсус текширувдан ўтмаган. Шу сабабли уларнинг ўлими сабаби бошқа касаллик экани кўрсатилган. Лекин болаларнинг барчаси ОИТВ юқтирганларга алоқадорлар рўйхатидан ўрин олган. Айни пайтдача вилоятдаги 9 мингдан ортиқ бола текширувдан ўтказилди.

Вилоят соғлиқни сақлаш департаменти бўлим бошлиғи Нагима Муҳаммаджонованинг билдиришича, айни пайтгача 76 гўдакда ва 8 боланинг онасида ОИТВ аниқланди. Гўдаклардан 7 нафари оламдан ўтди.

ОИТВ билан боғлиқ совуқдан совуқ хабарларнинг пайдо бўлиши аҳоли ўртасида ваҳима уйғотяпти.

Чимкентлик 43 ёшли Ботирбек Ибраимов 4 қиз, бир ўғилнинг отаси. У Чимкентда ОИТВ эпидемияси тарқалгач, оиласи билан саросимада яшаяпти.

”Бу фожеа натижасида қанчадан қанча оила азоб чекяпти. Кимдир йиллар давомида кутиб фарзандли бўлганди, бошқа бировнинг ёлғиз фарзанди ҳаёти бугун хавф остида. Мен ҳам отаман. Бу эпидемия тарқалгандан буён ота-оналар саросимада яшаяпти. Бу даҳшат”, - дейди Б.Ибраимов.

Қозоғистон парламенти депутати Ерасил Абулқосимов эса иммун танқислиги билан оғриётган 80га яқин гўдакнинг келажагидан хавотирда.

”Жавобгарлар, айбдорлар, албатта, жазоланиши лозим. Бу болалар тузалиб кетишига ким кафолат бера олади? Уларнинг ҳаёти барбод бўлди. Улар умрбод ярим жон бўлиб яшашга маҳкум қилинди”, - дейди депутат.

Вилоят ҳокими Умурзоқ Шукеевнинг таъкидлашича, ОИТВ билан касалланган болалар ногиронлик нафақасига чиқарилади ва бунга қўшимча равишда ҳар ойда моддий ёрдам пули олади. Қишлоқ жойларда яшовчи болаларнинг оилаларига 22200 танга ёки 170 АҚШ доллари атрофида, шаҳарлик болаларга эса 110 доллардан зиёдроқ миқдорда ёрдам пули берилади.

Расмий маълумотларга қараганда, жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра Қозоғистон бўйича 7 мингга яқин одамда ОИТВ қайд этилган. Улардан 369 нафари оламдан ўтган. Жанубий Қозоғистон бу касаллик тарқалиши бўйича мамлакатда 4-ўринда туради. Айни пайтда олдинги ўринларни эгаллаган Қарағанда, Олмаота ва Павлодар вилоятларида махсус тиббий текширувлар ўтказилмоқда. Шарқий Қозоғистон вилоятида яшовчи бир гўдакда эса ОИТВ аниқланган. Маълум бўлишича, гўдак аввалроқ Чимкентдаги шифохоналардан бирида даволанган.
XS
SM
MD
LG