Линклар

Европа Иттифоқи Грузиянинг ёнини олди

  • Ҳасанжон

Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирларининг сешанба куни Люксембургда ўтган учрашувида Россиянинг Грузияга нисбатан юритаётган сиёсатини кескин танқид қилувчи декларация қабул қилинди.

Мазкур декларация, аввало, Грузияни дипломатик соҳада ҳимоя қилишга қаратилган.

Учрашувдан сўнг Евврокомиссиянинг ташқи алоқалар бўйича мутасаддиси Бенита Ферреро-Валднер хоним ЕИ Россиянинг Грузияга қарши чораларини меъёрдан ортиқ ва адолатсиз, деб ҳисоблашини айтди.

“Россияда ишлаётган грузияликлар, айниқса, Россия мактабларидаги грузин ўқувчиларга нисбатан кўрилган чоралар, грузин тадбиркорларига кўрсатилаётган босим, Грузияга қарши жорий қилинган иқтисодий санкциялар, транспорт қатновининг чеклаб қўйилгани, Грузияда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар импортини тақиқлаш ва чегаранинг ёпиб қўйилгани жуда ташвишли ҳолдир. Бизнингча, Россия томони кўрган чоралар вазиятни барқарорлаштиришга ҳисса қўшмайди. Бу чоралар бекор қилиниши керак”, - деди Ферреро-Валднер.

Ташқи ишлар вазирлари Москвани танқид қилувчи декларация қабул қилган бўлса-да, ЕИ расмийлари бу ҳужжат Россия билан муносабатларга салбий таъсир этмаслиги устида ишламоқда.

ЕИга раислик қилаётган Финляндия ташқи ишлар вазири Эркки Туомиоя Россия масаласида ЕИ аъзолари орасида бўлиниш борлиги тўғрисида матбуотда тарқатилган хабарлар асоссиз эканига ишонтиришга ҳаракат қилди.

“Мен шуни мамнуният билан айтмоқчиманки, вазирлар барча масалалар хусусида якдил бўлиб муҳокамаларни тугатди. Хулосалар қайта муҳокама қилинмайди. Чунки кўрилган масалалар бўйича ҳамма бир хил фикр билдирди. ЕИ аъзолари орасида бўлиниш ҳақидаги иддаолар асоссиз”, - деди Эркки Туомиоя.

Бироқ ЕИдаги ишончли манбанинг “Озодлик” радиосига айтишича, ўтган ҳафта элчилар ўртасида Брюсселда бўлиб ўтган учрашувда Грузия ҳақидаги ҳужжатнинг матни борасида қизғин мунозара бўлган. Скандинавия ва Болтиқбўйи давлатлари Марказий Европа мамлакатлари элчиларининг қўллаб-қувватлаши билан Россияни кескин танқид қилиш кераклигини таъкидлаган. Бироқ Россиянинг анъанавий иттифоқчиси бўлган Франция, Италия, Португалия ва Греция элчилари бу фикрга қарши чиққан.

20 октябрь куни Финляндиянинг Лахти шаҳрида ЕИ раҳбарлари учрашуви бўлади. Унда Россия президенти Владимир Путин ҳам қатнашади. Мазкур учрашувда ЕИ раҳбарлари В.Путин билан бир позициядан туриб гаплашса ҳам ЕИ Россия билан узоқ муддатли ҳамкорлик қилишдан манфаатдор бўлиб қолаверади. Бу эса Грузия каби давлатлар уларни Москвадан ҳимоя қилишда ЕИнинг ёрдами чекланган бўлишини англаб етишига ишорадир.

ЕИ Россиянинг нефть ва газига қарам бўлиб бормоқда. Шимолий Корея ва Эроннинг ядровий дастури борасидаги бўҳронни ҳал қилишда, Косово келажагини белгилаш ва бошқа халқаро масалаларга ечим топишда БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси бўлган Россиянинг ЕИ билан ҳамкорлик қилиши муҳим бўлиб бормоқда. ЕИнинг Франция ва Германия етакчилигидаги йирик давлатлари эса Россияни муҳим геосиёсий ҳамкор сифатида кўрмоқда.
XS
SM
MD
LG