Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:10

Ўзбеклар ҳам Грузиянинг касрига қолмоқда


Абдуллоҳ Эргаш Россия билан Грузия ўртасидаги муносабатларнинг ёмонлашувидан Россияда меҳнат қилаётган марказий осиёликлар, жумладан, ўзбекистонликлар ҳам жабр кўрмоқда.

Россия-Грузия алоқаларида зиддият пайдо бўлгач, Кремль расмийлари грузин диаспорасига қарши ҳаракатларни, жумладан, Россияда яшаётган ва ишлаётган грузинларни ўз ватанига депортация қилишни бошлаган эди.

Грузин мигрантларини ушлаш учун Россия шаҳарларида турли рейдлар ўтказаётган ҳуқуқ-тартибот тизимлари қўлга тушиб қолган ўнлаб ўзбекистонликларни ҳам ўз ватанига депортация қилиши кутилмоқда.

Москвада яшаётган асли ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Баҳром Ҳамроев сўнгги ўн-ўн беш кун ичида Россиянинг турли шаҳарларида ўтказилган текширувлар оқибатида кўплаб ўзбек мардикорлари қўлга олинганини билдиради.

“Авваллари қўлга олинган мигрантлар ватанига жўнатилишни бир йиллар кутар эди. Бироқ бугунги кунда Россия ҳукумати қўлга олинганларни бир –икки кун ичидаёқ депортация қилиб юбормоқда”, - дейди Б.Ҳамроев.

Собиқ иттифоқдан Россияга тирикчилик учун келган мигрантларни текшириш амалиётлари режали равишда мунтазам олиб борилмоқда.

“Кеча Москва федерал миграция хизмати навбатдаги текширувни ўтказди. Текширув натижасида Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон фуқаролари бўлган 50 киши қўлга олинди. Улар Москвада қонунга зид тарзда яшаётгани учун ўз ватанига депортация қилинади”, - деди Москва шаҳри миграция хизмати матбуот котиби Залина Филимонова “Озодлик” мухбири билан суҳбатда.

Унинг қўшимча қилишича, хорижликларнинг Россияда яшашига тааллуқли қонун-қоидаларга риоя қилган мигрантларга ҳеч қандай тазйиқ йўқ.

Бу гапни айни пайтда Тюменда ишлаётган қўқонлик Соҳибжон Акбаров ҳам тасдиқлади. У текширувлар грузинларга нисбатан амалга оширилаётгани, қонуний асосда яшаётган бошқа мигрантларга эътироз билдирилмаётганини айтди.

Афтидан тюменликлар москваликларга нисбатан меҳмондўстроққа ўхшайди. Чунки Москвада тирикчилик ўтказаётган Назира Усмонова қонуний мигрант бўлишига қарамай, ўзбекистонлик 15 аёл шу кунларда кўчага чиқа олмай, уйда қамалиб қолганидан шикоят қилди.

“Кўчага чиқа олмаймиз. Чунки қонуний мигрантлар ҳам қўлга олиниб, депортация қилинаётгани ҳақида турли гапларни эшитдик. Аслида қўлга олишдан мақсад биздан пул ундиришдир. Милициянинг қўлига 2000 рубль пул қистирсак, қўйиб юборади. Бунча пули бўлмаганлар эса барча ҳужжатлари тўғри бўлган тақдирда ҳам депортация қилиб юборилаверади”, - дейди Н.Усмонова.

Россиянинг бошқа вилоятларига нисбатан Москвада марказий осиёлик мигрантларнинг нон топиши қийинлигини миграция хизмати расмийси ҳам тасдиқлайди.

“Йил бошидан буён Марказий Осиёдан келган 9 минг киши Москвадан ҳайдаб чиқарилди. Москва ҳукумати асло Марказий Осиёдан келган мигрантларга қарши эмас. Аксинча, бундан манфаатдор. Бироқ биз барча муҳожирлар шаҳарда қонуний асосда яшашини талаб қиламиз”, - дейди З.Филимонова.

Гарчи Россия расмийлари қонуний муҳожирлар келишидан манфаатдор эканини айтаётган бўлса-да, ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳром Ҳамроев аслида мамлакатда бу манфаатлардан кўра, миллатчилик ғоялари устун келаётганини таъкидлади.

“Владимир Путин ўз чиқишларида Россияда тартиб ўрнатиш кераклигини айтади, - дейди Б.Ҳамроев. – Бироқ бирор марта қонун доирасида тартиб ўрнатиш керак, дегани йўқ. Шу сабабли ҳам президент ўрнатишни талаб қилаётган тартибни ҳар ким ўзича тушуниб, ўзича ҳаракат қилмоқда. Бугунги кунда Москвада марказий осиёлик мигрантлар дуч келаётган муаммолар ҳам ана шу сиёсат натижасидир”.
XS
SM
MD
LG