Линклар

logo-print

Дунё газеталари ва муҳаррирлари Улуғбек Ҳайдаров ҳимоясида

  • Ҳурмат Бобожон

Париждаги Дунё газеталари уюшмаси ҳамда Дунё муҳаррирлари форуми олти йилга қамалган жиззахлик журналист Улуғбек Ҳайдаров тақдири юзасидан хавотир билдириб, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов номига мактуб йўллади.

13 октябрь куни юборилган мактубда бу ташкилотлар У.Ҳайдаровнинг зудликда озод этилиши ва унга қўйилган айблов олиб ташланишини талаб қилган.

У.Ҳайдаров товламачилик айби билан 14 сентябр куни ҳибсга олинган, ўтган ҳафта эса Жиззах суди уни олти йилга озодликдан маҳрум этганди.

Дунё газеталари уюшмаси ҳамда Дунё муҳаррирлари форуми У.Ҳайдаров журналистик фаолияти учун қамалганини айтмоқда.

“Биз қамоққа олинган журналист У.Ҳайдаров тақдиридан жуда хавотирдамиз. У товламачиликда айбланиб олти йилга қамалди. Лекин, бизнингча, бу айбловлар ортида сиёсий сабаблар бор. Биз унинг қамалиши журналистик фаолияти билан боғлиқ, деб ҳисоблаяпмиз ва Ўзбекистон раҳбарига юборилган очиқ хатда унинг зудликда озодликка чиқарилишини талаб этдик”, - деди Дунё газеталари уюшмаси вакили Ларри Киллман.

Аввалроқ У.Ҳайдаров тақдиридан хавотир билдириб бошқа халқаро ташкилотлар ҳам баёнот тарқатганди. Аммо Ўзбекистон ҳукумати бу баёнотлар қаршисида ҳамон жим.

“Афсуски, Ўзбекистон собиқ совет давлатлари орасида энг репрессивларидан бирига айланиб бормоқда. Биз доим бу мамлакатдаги матбуот эркинлиги юзасидан президент Каримовга шикоят қилиб борамиз, аммо ҳеч қачон жавоб олмаганмиз. Бу сафарги хатимизга ҳам жавоб бўлмаслиги мумкин. Лекин биз учун муҳими халқаро жамоатчилик эътиборини мана шу ҳолатга қаратиш ва шунга умид қиляпмиз”, - деди Л.Киллман.

У.Ҳайдаров Ўзбекистонда қамоққа олинган ягона журналист эмас. Авваллари ҳам кўпгина журналистлар қамоққа ташланган ва уларнинг кўпчилиги ҳали ҳам темир панжара ортида ниҳоятда аянчли аҳволда қолаётгани айтилмоқда.

Халқаро ташкилотлар уларнинг ҳимоясига ҳам кампания олиб борган. Мана шу кампанияларнинг ўтмишда самараси қанчалик бўлган?

“Самараси бўлади. Ўтмишда ҳам бунинг таъсири бўлган. Биз ҳар йили “Озодликнинг олтин қалами” мукофотини бериб борамиз. 2004 йилда ана шу мукофотни Ўзбекистонда қамалган журналист Руслан Шариповга берган эдик. Сал ўтиб у озод этилди ва ҳозир АҚШда истиқомат қилмоқда. Бизнингча, унинг озодликка чиқарилишида халқаро жамоатчилик босимлари роли катта бўлган”, - деди Л.Киллман.

У.Ҳайдаров ҳибс этилишидан олдин унинг ҳамкасби Жамшид Каримов Жиззаҳда бедарак йўқолган ва сал вақт ўтиб унинг руҳий хасталар шифохонасига тиқилгани, унга психотроп воситалар қўлланилаётгани хабар қилинганди. У.Ҳайдаровни кўришга борган рафиқаси эса эрини ғалати, носоғлом аҳволда кўрганини айтган эди.

“Бу (маҳбусларга психотроп моддалар қўлланиши) тўғри. Бу совет даврини эслатади. Афсуски, Ўзбекистонда бу усул ҳозир ҳам қўлланилмоқда. Ўзгача фикрловчилар овозини ўчириш учун ҳукумат уларни руҳий хасталар шифохонасига тиқмоқда. Бу жуда даҳшат”, - дейди Л.Киллман.
XS
SM
MD
LG