Линклар

Туркистон исломий ҳаракати бор ташкилотми?

  • Алишер Сиддиқ

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон ҳукуматини ўзига душман бўлган қуролли гуруҳларга қарши бутун минтақа давлатларини сафарбар қилишга уринаётганликда айблади.

Вазирликнинг юқори мартабали мулозими Маҳмадсаид Жўрақуловнинг айтишича, айнан шу мақсадда Ўзбекистон хавфсизлик кучлари Ўзбекистон исломий ҳаракатининг Туркистон исломий ҳаракатига айлантирилганини даъво қилади.

У “Ўзбекистон исломий ҳаракати” номи остида жангари фаолиятини давом эттираётган гуруҳ кўпроқ Ўзбекистондаги тузумгагина таҳдид солишини билдирди.

Тожикистон расмийсининг бутун Марказий Осиёдаги террорчиликка қарши кураш ғоясини шубҳа остига олувчи баёнотига Ўзбекистон томони ортиқча эътибор жалб этишни истамаётган кўринади.

Аммо М.Жўрақулов эътиборсиз қолиши мумкин бўлган баёнот билан чиқдими?

“Туркистон исломий ҳаракати Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати уйдирмасидир. Аслида у Ўзбекистон исломий ҳаракати бўлиб қолмоқда ва ҳамма бугунги кунда ушбу гуруҳнинг Ўзбекистон муаммоси эканини билади. Улар айнан Ўзбекистонга муаммо келтиришни истайди. Тожикистон ва Қирғизистон шунчаки улар учун босиб ўтиладиган йўлдир”, - деди М.Жўрақулов.

“Бу разведканинг иши,- сўзида давом этди у. - Агар номи “Туркистон” бўлса, гўё биз ҳаммамиз бу ташкилот бутун Марказий Осиёга таҳдид соляпти, деб ўйлашимиз керак”.

Тожикистон томони Ўзбекистон исломий ҳаракатига, унинг таҳдидига қарши муносиб равишда кураш олиб бораётганини айтиб келади. Аммо чегараларини миналар билан мустаҳкамлашгача борган Ўзбекистон қўшниларини бу курашда сусткашлик қилаётганликда айблайди.

Ўзбекистон хавфсизлик хизматлари сўнгги 5 йилдан буён Ўзбекистон исломий ҳаракати Туркистон исломий ҳаракатига айлантирилганини даъво қилади. Гап фақатгина унинг номида бўлса-да, “Ўзбекистон исломий ҳаракати” номи остида фаолият юритган ва тарқатиб юборилмаган жангари гуруҳнинг мавжудлиги аниқ.

Жорий йил 11 сентябрь арафасида айрим оммавий ахборот воситалари ЎИҲ раҳбари Тоҳир Йўлдош номидан аудиомурожаат олган эди. Унда Т.Йўлдош бирор марта “Туркистон исломий ҳаркати” деган номни тилга олмаган бўлса-да, ўз баёнотида Марказий Осиёнинг барча раҳбарларига таҳдид қилди.

“Тошкент режими бўлсин, Бишкек ёки Душанбе режимлари бўлсин, шундай огоҳлантирамизки, мусулмонларга, уларнинг пешволарига нисбатан тазийқларини, террорларини, қатағонларини тўхтатишсин. Куфрий ишларига яраша Каримов, Раҳмонов ва Бақиев дунё ва охиратда жазосини олишини эслатиб қўймоқчимиз”, - деган эди Т.Йўлдош.

Марказий Осиёда терроризмга қарши кураш бўйича мутахассис Иқбол Мирсаидовнинг таъкидлашича, ЎИҲнинг таҳдиди бўрттириб кўрсатилса ҳам унинг бутун минтақага хавфини ихтиро қилишга зарурат йўқ.

ЎИҲ кўпроқ Ўзбекистоннинг муаммоси эканини айтган тожикистонлик амалдорнинг баёноти икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар бир қадар совуқлашган манзарада пайдо бўлмоқда.

Жорж Маршал номидаги хавфсизлик масалаларини тадқиқ этиш марказининг террорчилик тадқиқотлари раҳбари профессор Ник Прат фикрича, бундай баёнотлар хавфсизлик масалаларидан ташқари бошқа муаммоларнинг борлигига ҳам ишора қилади.

“Тожикистон томонидан янграган бундай баёнотлар муайян мақсадларни кўзлайди. Ўз муммоларини ҳал қила олмаётган давлат қўшни давлатнинг муаммоларига кўпроқ ишора қилади. Бу Шўро Иттифоқи қулаганидан буён Марказий Осиёнинг барча давлатларига мерос бўлиб қолган хусусиятдир”, - дейди Ник Прат.
XS
SM
MD
LG