Линклар

Президентни сайлаш эсдан чиқдими?

  • Сарвар Усмон

“Ўзбекистон Республикаси президентини сайлаш тўғрисида”ги қонунга биноан кечи билан яна 3-4 кундан кейин, аниқроғи 22 октябрь куни янги президент сайлови ўтказиладиган кун белгиланиши, бу ҳақда Олий Мажлиснинг қарори чиқиши керак.

Қонунга кўра, 22 октябрь - сайлов эълон қилишнинг энг сўнгги муддати. Чунки янги сайлов амалдаги президентнинг ваколатлари муддати тугашидан камида 3 ой олдин эълон қилиниши лозим.

Демак, янги сайлов кунини белгилаш тўғрисидаги қарор бундан бир ҳафта олдин чиққан бўлиши ҳам мумкин эди.

Лекин, қарор йўқ. У ҳақда гап-сўз ҳам йўқ.

Бундай жимжитлик боисини Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясидан ҳам билишнинг имкони бўлмади. Ҳар ҳолда бу идоранинг телефон гўшагини кўтарган ходимлари жавобидан сайловолди жонланиши ҳам сезилмади.

Юқорида эслатилган қонунга мувофиқ сайлов 2007 йилнинг январида ўтказилиши керак.

Ўзбекистонлик мустақил таҳлилчи Насрулло Саиднинг айтишича, мамлакат Конституциясининг дастлабки таҳриридаги меъёрга кўра, президент сайлови янада эртароққа – 2006 йилнинг декабрига режалаштирилиши лозим эди.

Ўзбекистонда “Референдум натижалари ва давлат бошқарувини ташкил қилишнинг асосий принциплари тўғрисида”ги қонун ҳам бор. Гап 2002 йилнинг 27 январида ўтказилган референдум тўғрисида кетяпти.

Тилга олинган қонунга кўра, ажабтовур юридик ҳолат юзага келганки, бу масалага “Фарғона.ру” сайти ҳам ўзининг куни-кеча эълон қилган мақоласида муштарийлари эътиборини қаратди.

Мустақил таҳлилчи Насрулло Саид сўнгги марта 2000 йилнинг 9 январида сайланган ва ўша йилнинг 22 январида қасамёдга келтирилган Ўзбекистон президентининг кейинроқ 2 йил қўшиб 7 йиллик қилиб қўйилган иккинчи муддати 2007 йилнинг 22 январида тугаши кераклигини эслатади. Бироқ 2002 йилги қонунга кўра, дейди у, амалдаги президент 2007 йилнинг декабригача ўз курсисида ўтираверади.

Ўзбекистон Конституциясининг 90-моддасида президентнинг 7 йиллик муддатга сайланиши аниқ-тиниқ белгилаб қўйилган. Маълумки, ҳар қандай қонун ёки ҳуқуқий меъёрий ҳужжатдан, агар улар асосий қонунга зид бўлса, Конституция устундир.

“Шу нуқтаи назардан, “Референдум натижалари ва давлат бошқарувини ташкил қилишнинг асосий принциплари тўғрисида”ги қонунда белгилаб қўйилган меъёр Конституцияга зид бўлиб чиқяпти”, - дейди Насрулло Саид.

“Конституциявий ваколатлари муддати тугайдиган кун – 2007 йилнинг 22 январидан бошлаб Ислом Каримовнинг бу амалда бўлиши нолегитимдир. Худди шунингдек, ўша кундан бошлаб у чиқарган фармон ва қарорлар, имзолаган қонун ва шартномалар юридик кучга эга бўлмайди. Ҳозирги давлат раҳбарининг айтилган муддатдан у ёғига амалда қолиши Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддасида назарда тутилган жиноят бўлиб, “ҳокимиятни босиб олиш” сифатида баҳоланиши мумкин”, - дейилади “Фергана.ру”да эълон қилинган мақолада.
XS
SM
MD
LG