Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:01

Ўзбекистон фуқароси ўлим жазосига ҳукм қилинди


Қирғизистоннинг Қадамжой тумани суди Ўзбекистон фуқароси Нурилло Хўжаевни, шунингдек, қирғизистонлик Миролим Раҳмонов ва Мадамин Шодиевни ўлим жазосига ҳукм қилди.

Суд уларни Қирғизистон жанубида террорчилик фаолияти билан шуғулланишда айбланди.

Судья Раҳматулла Ирисовнинг айтишича, маҳкумлар 2004 йилдан бошлаб Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистондаги экстремист гуруҳлар билан яқин алоқада бўлган. Улар жорий йилнинг 12 майида қирғиз-тожик чегарасидаги постга ҳужум қилган.



Судланувчилар ва уларнинг яқинлари суд ҳукмидан норози эканини маълум қилди.

Ўзбекистон фуқароси Н.Хўжаевнинг ҳимоячиси Қанибек Шокировнинг сўзларига кўра, суд жараëнида кўп қонунбузарликларга йўл қўйилган.

“Жиноий кодекс талабига кўра, айбланувчига кимнинг ҳаракати қандай оқибатга олиб келгани аниқ исботлаб берилиши лозим. Бу ерда ундай бўлмади. Уларга фабрика конвейеридан чиққандай бир хил тўқима айблар қўйилди”, - деди адвокат.

Давлат айбловчиси Рисқулбек Бахтибоев эса айблар исботини топгани, ҳукм қатъий, шикоятга ўрин йўқлигини таъкидлади.



“Терроризм билан шуғулланиб, бировнинг ҳаëтига чанг солганидан кейин улар оғир жазога тортилиши керак. Бугунги суд жараëни бунга мисолдир. Беш айбланувчидан уч нафарига ўлим жазоси берилди.Суд жараëнида улар содир қилган жиноятлар тўла исботини топди”, - деди прокурор.

Қадамжой тумани суди, шунингдек, ака-ука Таланбек ва Муҳаммаднур Жўраевга 10 йиллик қамоқ жазоси белгилади. Судланувчи Дилноза Нишонбоева уч йилга озодликдан маҳрум қилинди, лекин унинг ëш боласи борлиги инобатга олиниб, жазо ижроси 8 йилга кечиктирилди.

Судланувчилар суд ҳукми юзасидан юқори инстанцияларга шикоят қилишини билдирди.

Қирғизистонда ўлим жазоси ижросига мораторий эълон қилинган. Судьялар ўлим ҳукми чиқарса ҳам жазо ижро қилинмайди.
XS
SM
MD
LG