Линклар

Нефть ўғриси ўзбекистонлик бўлиб чиқди


Қозоғистоннинг Отров вилоятида 10 тонна нефтни ўғирлашда гумон қилиниб Ўзбекистон фуқароси қўлга олинди. Бу ҳақда “Kazakhstan Today” ахборот агентлиги хабар тарқатди.

Маълум бўлишича, ўзбекистонлик шахс вилоятнинг Жилиой туманида ушланган. Отров вилояти ички ишлар департаменти уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими ходимлари Жилиой даштида ўтказаётган махсус рейд пайтида “К-700” русумли трактор тўхтатилган. Тракторга тиркама уланган бўлиб, ундаги 10 тонналик цистерна нефть билан тўла бўлган.

Жилиой тумани ички ишлар бўлими бошлиғи Бауржон Раҳметовнинг билдиришича, тракторни бошқараётган шахс Ўзбекистон фуқароси бўлиб, унинг ёнида юкка тегишли ҳеч қандай ҳужжат бўлмаган. Отровда бир тонна нефть 30 минг танга ёки 240 АҚШ доллари атрофида туради.

Суриштирув чоғида ўзбекистонлик шахс нефтни Макат туманининг Байчунас овулидан харид қилганини билдирган. Полиция идоралари маълумотида эса Ўзбекистон фуқароси нефтни “Доссорнефть” компаниясидан ўғирлагани, унга ўғирликни амалга оширишда компания ишчилари ёрдам бергани айтилади.

Полициячилар ўзбекистонлик шахс доимий равишда нефть ўғирлаш билан шуғулланиб келганини тахмин қилмоқда. Айни пайтда бу иш юзасидан тергов-суриштирув ишлари олиб бориляпти.
XS
SM
MD
LG