Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:00

Қозоқлар учун энг муаммоли чегара


Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Чегара хизмати раҳбарияти ўзбек-қозоқ чегараси мамлакатнинг энг муаммоли ҳудуди экани, бу ерда экстремизм ва терроризм хавфи мавжудлигини айтмоқда.

Чегара хизматининг “Онтустиқ” ҳудудий бошқармаси бошлиғи генерал-майор Талгат Есетов Ўзбекистон билан чегара ҳудудида экстремизм ва терроризм хавфи кучлилигидан ташқари бу ер наркотраффик, ноқонуний миграция ва контрабанда билан шуғулланиш учун қулай жой эканини билдирди. Бу ерда уюшган жиноий гуруҳлар ҳам кенг фаолият олиб боради.

“Чимкентда бирор жиноят қилган одам бемалол Тошкентда яшириниши мумкин. Аксинча, ўзбекистонлик жиноятчилар Чимкентда бекиниб юриш имконига эгадир. Шунинг учун Ўзбекистон билан чегарада назоратни кучайтириш шарт”, - деди Т.Есетов.

Сўнгги пайтда Қозоғистон ҳукумати Ўзбекистон билан чегарага жиддий эътибор бераётир. Расмий Остона ўзбек-қозоқ чегарасида кетма-кет содир бўлаётган можаролардан ташвиш билдириб келяпти. Айниқса, Қозоғистон фуқароси Бауржон Аҳмедовнинг ўзбек чегарачилари томонидан калтакланиб, кейин ўғирланиб кетилиши кўплаб шов-шувларга сабаб бўлганди.

Бу воқеадан сал ўтиб Қозоғистон бош вазири Дониёл Аҳметов Ўзбекистон билан чегарани мустаҳкамлаш учун 3,5 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратилишини маълум қилди. Маблағнинг асосий қисми чегарага сим тўсиқлар ўрнатишга сарфланмоқда.

Сўнгги уч ҳафта давомида “Жибек жоли” чегара пости яқинидаги 50 та турар-жой бузилиб, ўрнига чегара сим тўсиқлари тортилди. Айни пайтгача чегаранинг 18 километри янги сим тўсиқлар билан ўралди. Бундай сим тўсиқлар чегаранинг аҳоли зич яшайдиган 45 километрига ўрнатилиши лозим. Қозоқ чегарачилари кейинги 4 ой ичида бу ишни тугаллашни режалаштирган.

Т.Есетов аҳоли яшайдиган ҳудудларда чегарачилар томонидан қурол ишлатиш хавфли экани, чегарага янги тўсиқлар қўйиш орқали эса контрабанданинг олдини олишга эришиш мумкинлигини таъкидлади.

Сўнгги ойда Ўзбекистондан Қозоғистонга яширинча ўтишга уринган 1700 та юк автомобили ушланди. Уларнинг деярли барчасида контрабанда товарлар бўлган.

Ўтган тўққиз ой давомида қозоқ-ўзбек чегарасида коррупция билан боғлиқ 20 та ҳолат аниқланди. Сўнгги беш йил мобайнида қозоқ чегарачилари 21 мингдан зиёд чегара бузувчини қўлга олди.

Қозоғистоннинг Ўзбекистон билан чегара ҳудудлари умумий узунлиги 2 минг 300 километрни ташкил этади. Чегаранинг ҳар бир километрига битта чегарачи тўғри келади. Эндиликда бунча масофани қўриқлайдиган чегарачилар сони 10-15 тагача кўпайтирилади. Муаммоли ҳудудларга эса аэродром прожекторлари ўрнатилади.

Шундагина қозоқ чегарачилари давлат ҳудудини мустаҳкам қўриқлаш имконига эга бўлади, деб ҳисоблайди генерал-майор Талгат Есетов.
XS
SM
MD
LG