Линклар

Ироқлик уламолар “Макка ҳужжати”ни қабул қилди

  • Ҳасанжон

Ироқлик шиа ва сунний уламоларнинг Ислом анжумани ташкилоти ҳомийлигида Маккада ўтган учрашувида мамлакатдаги биродаркушликка чек қўйишга қаратилган ҳужжат қабул қилинди.

“Макка ҳужжати” номини олган бу келишув мусулмонлар қонини тўкиш, одам ўғирлаш, адоват уйғотиш, диний идораларга ҳужумлар уюштирилишини тақиқлайди.

Ҳужжатда мусулмонларнинг “мулки, жони ва шаъни”ни ҳимоя қилиш ва ўғирлаб кетилган бегуноҳ одамлар қўйиб юборилишига, шунингдек, ўз уйларини ташлаб кетган аҳолининг қайтиб келишига рухсат беришга даъват қилинган.

Ислом анжумани ташкилоти бош котиби Акмалиддин Эҳсонўғли ҳужжатда “мусулмонлар бир-бирига қарши урушиши тақиқлангани” тўғрисида бир неча иқтибос келтирилганини айтди.

“Буни маъқуллаб мактуб жўнатган ва жўнатадиган Ислом олами уламолари бу фатво диний кўрсатма ва у амалга тадбиқ этилиши керак, деган фикрда. Агар кимда-ким уни бажармаса, Худонинг олдида гуноҳкор бўлади. Сиз яна нимани истайсиз? Бизда сеҳрли таёқча йўқ. Биз воқеликни тушунишимиз керак”, - деди А.Эҳсонўғли.

Ироқда шиа ва суннийлар ўртасида бир неча ойдан бери давом этаётган мазҳаблараро тўқнашувларда юзлаб мусулмон нобуд бўлди. Террорчи гуруҳлар томонидан содир этилган портлашлар оқибатида ундан ҳам кўп мусулмон ўлди.

Айрим ироқликлар Маккада қабул қилинган ҳужжат Ироқда зўравонликларга чек қўйишда ёрдам беради, деган фикрда. Бошқалар эса мазҳаблараро зўравонлик иштирокчиларининг бу ҳужжатни ҳурмат қилишига шубҳа билдиряпти.

“Бу жуда яхши. Бироқ мен унга ҳеч ким риоя қилмайди, деб ўйлайман. Чунки жангари тўдалар ҳеч қандай диний, ахлоқий ёки маънавий қоидаларга амал қилмайди. Шунинг учун мен бу ҳужжат яқин орада натижа беради, деб ўйламайман”, - дейди бағдодлик Муаян Яссин.

Бошқа бир бағдодлик Муҳаммад Обид Солиҳ эса қабул қилинган ҳужжат амалда натижа бериши мумкинлигига умид билдирди.

“Биз Ироқ халқининг барча мазҳаблари жума куни имзоланган ҳужжатга, Худо хоҳласа, амал қиладилар, деб ўйлаймиз. Биз бу ҳужжат Ироқ халқига яхшилик келтиради, деб умид қиламиз. Аммо биз бошқа оқим ва партиялар манфаати учун ишлаётганлар, ироқлик бўлмаган, шиа ва сунний ёки курд ҳам бўлмаганлардан кўрқамиз”, – деди Муҳаммад Обид Солиҳ.
XS
SM
MD
LG