Линклар

Қамоқда қандай қийнашади


Cарвар Усмон “Иродаси кучли ва принципиал демократлар судларда ўзларини ҳимоя қилишдан бош тортмоқда. Улардан кўпчилигининг уйдирма жиноятларни бўйнига олиши ва авф этишини сўраб президентга ва халққа мурожаат қилиши гумон уйғотади”, - дейилади Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти 20 октябрь куни тарқатган баёнотда.

"Ёзувчи Мамадали Маҳмудов, шоир ва ҳофиз Дадахон Хасан, "Бирлик" партияси фаоллари Хамдам Сулаймон, Акбарали Орипов, Улуғбек Ҳайдаров, Дилмурод Муҳиддинов, Мамаражаб Назаров, "Серқуёш Ўзбекистон" коалицияси мувофиқлаштирувчиси Нодира Ҳидоятова, таниқли тадбиркор Санжар Умаров, ҳуқуқ ҳимоячиси Ёдгор Турлибеков ва бошқалар".

Бу "Эзгулик"нинг баёнотида келтирилган рўйхат бўлиб, ундан жой олганларнинг ҳаммаси турли муддатларга озодликдан маҳрум қилинган, кўпчилиги ўзлари устидан ўтказилган судловда адвокат хизматидан воз кечган, устларидан чиқарилган ҳукмни қайта кўриб чиқиш талаби билан шикоят аризаси ёзишни истамаган.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиларининг баёноти жиззахлик журналист Улуғбек Ҳайдаров устидан яқинда, 5 октябрь куни ўтказилган судлов тафсилотларини ёдимизга солди. Ўша куни инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Бахтиёр Ҳамроев мана бундай хабар қилган эди:

“Суд залига бир амаллаб кириб олдик, лекин афсуски, Улуғбек Ҳайдаровнинг ўзи биздан чиқиб кетишимизни илтимос қилди”.

Буни қандай изоҳлаш мумкин, деган саволимизга Бахтиёр Ҳамроев: "Улуғбекни тергов жараёнидаёқ синдириб бўлишган", - деб жавоб қилди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти ҳам
20 октябрь куни тарқатган баёнотида судланаётган демократлар адвокатлардан воз кечар эканлар, "бу уларнинг иродаси заифлиги ёки ўз ҳуқуқларини билмаслиги аломати эмас, балки уларга нисбатан қўлланилаётган маънавий, руҳий ва жисмоний қийноқлар натижасидир", - деб ёзди.

Хўш, у қандай қийноқларки, киши мен жиноят қилганим йўқ, деган гапни айтишга қўрқса?!

Бу савол жавобини турманинг баландасини емаган одам билмайди. Шунинг учун уни - ўша баландани -еганлардан баъзиларини суҳбатга тортдик.

Ёзувчи Сафар Бекжон "Эзгулик" баёнотида келтирилган рўйхатдагилар каби сиёсий мотивлар билан қамалган эди. У мустақилликнинг дастлабки йилларидаёқ ўтириб чиқишга улгурди. Умрининг 1993-96 йиллар орасидаги 3 йилини зонада ўтказган адиб билан қамоқда қўлланиладиган қийноқлар тўғрисида суҳбатлашдик.

“Кейинги пайтларда қамалаётганларнинг ўз ҳимоячиларидан воз кечаётганлиги уларнинг уриб майиб қилинаётганлигидан эмас, балки уларга руҳий азоб берилаётгани, турли дори-дармонлар берилаётганидандир”, - дейди Сафар Бекжон.

Унинг айтишича, психотроп дорилар озиқ-овқатга қўшиб берилиши мумкин. Бундан ташқари инъекция йўли билан ҳам аристон "муолажа" қилиниши мумкин. Бундай "муолажа"дан сўнг маҳбус ҳалимдай юмшоқ бўлиб қолади.

Сиёсий маҳбусларни синдириш мақсадида психотроп дорилардан-да даҳшатлироқ воситалардан фойдаланишади, дейди адиб:

“Ҳар хил овозлардан ҳам фойдаланишлари мумкин. Масалан, қулоқ эшитмайдиган, лекин мия "эшитадиган" овозлар бор. Шундай воситанинг менинг камерамга ўрнатилганини сезиб қолиб, шикоят қилган эдим. Назоратчилар, ўзинг жинни бўлаётгандирсан, дейишди, масхаралаб. Шундан сўнг камерадаги кўк лампочкани уриб синдирдим. Кейин мени бошқа камерага чиқаришди”.

Мустақил журналист, Андижон воқеаларидан сўнг инсон ҳуқуқлари ва журналистларга нисбатан кучайиб кетган таъқиб тазйиқлардан қочиб, бошқа давлатдан сиёсий бошпана олган Тўлқин Қораев турманинг баландасидан Сафар Бекжондай тўйиб емаганидан бахтли. Лекин тергов изоляторида ўтказган 10 куни ҳам сиёсийларга нисбатан қўлланиладиган қийноқ ва найранглар тўғрисида тушунча ҳосил қилиши учун етарли бўлган кўринади.

“Сиёсий ва журналистик фаолиятим сабабли қамалган эдим. 10 кун давомида ҳар куни эрталаб икки соат ва кечқурун икки соат суроқ қилишди. Ўша "суҳбатлар" мазмуни, бериладиган саволлар мутлақо бир хил бўлар ва охир-оқибат журналистик ва сиёсий фаолиятимни тўхтатишимни талаб қилишар эди”.

Бу Тўлқиннинг ўзига нисбатан қилинган муносабат. У инсоф қилиб, 10 кун давомида ҳеч ким калтакламаганини ҳам таъкидлаб ўтди. Сиёсийларга нисбатан гап жисмоний қийноқ, яъни калтаклаш кўп ҳам қўлланавермаслигини Сафар Бекжон ҳам айтиб ўтган эди.

Тўлқин Қораев нафақат ўзи ўтирган ҳибсхонада, балки журналистик фаолияти давомида ўрганаётганимиз мавзуда кўплаб мақолалар ёзган. Шунинг учун айтиб берадиган гапи кўп. Унинг фикрича, баъзи сиёсий маҳбусларга дори беришга, уларга руҳий азоб беришга ҳам ҳожат йўқ. Терговчилар уларнинг соддадиллигидан усталик билан фойдаланади. Масалан, дейди Тўлқин Қораев, Улуғбек Ҳайдаровни ўшандай алдаган бўлишлари, "қўйнини пуч ёнғоққа тўлдирган" бўлишлари, яъни сен адвокатлардан воз кечсанг, суд залидан озод бўласан, деган бўлишлари мумкин. Амалда эса, бунинг мутлақ акси бўлиб чиқди. Журналист 6 йилга қамалиб кетди.

Сиёсий сабаблар билан турмада ўтириб чиққан ёзувчи ва журналистлар билан бугунги суҳбатимизга Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти 20 октябрь куни тарқатган баёноти туртки бўлди.

Тилга олинган ҳужжат муаллифлари барча жамоат ташкилотлари ва уларнинг фаолларини ўзбекистонлик сиёсий маҳбуслар билан ҳамжиҳат бўлишга чақирган.
XS
SM
MD
LG