Линклар

АҚШ Президенти Жорж Буш Ироқдаги зўравонликлар шиддати ошиб бораётганини тан олди ва хунрезликни камайтириш учун уруш тактикасини тегишли равишда ўзгартиришини маълум қилди


"Озодлик" Лекин, деди Буш, Америка Ироқда демократик тузумни ўрнатиш мақсадидан чикмайди. Айни пайтда, АҚШ Давлат Департаменти мулозими, Қўшма Штатлар Ироқдаги уруш давомида “такаббурлик” ва “ахмоқлик” қилганини айтган.

АҚШ Президенти Жорж Буш ўз етакчилигидаги ҳукумат Ироқдаги жанггарилар олдида чекинмаслигини яна бир бор таъкидлаб, Ироқдаги вазиятни яхшилаш мақсадида уруш тактикасини ўзгартиришни ваъда қилди.

“Ироқдаги мақсадимиз аниқ ва ўзгармасдир: мақсадимиз ғалабага эришиш. Бу мақсадга эришиш учун тактикани ўзгартиришимиз мумкин. Жойлардаги қўмондонларимиз доимий равишда душманларимиздан устун келиш учун тегишли ўзгартишларни амалга ошириб бормоқда, айниқса Бағдодда”, - деди Буш.

Буш, ўзининг радио орқали одатдаги ҳафталик мурожаатида, сўнгги пайтларда Ироқда ҳалок бўлаётган америкалик аскарлар сонининг кўпайганини АҚШ қўшинларининг кўпроқ ва фаолроқ операциялар ўтказаётгани билан изоҳлади. Шунингдек, жанггарилар олиб бораётган ташвиқотнинг самараси ҳам бунга ҳисса қўшяпти, деди Оқ уй раҳбари.

7 ноябрга белгиланган конгресс сайловларидан олдин, Ироқдаги уруш сабабли жамоатчилик танқидларига учраётган президент Буш Қўшма Штатлар танлаган йўлидан қайтмаслигини таъкидлади.

“Биз ўз вазифамизни адо этмагунимизча ўз қўшинларимизни жанг майдонидан олиб чиқмаймиз. Буни аниқ айтишим керак. Вашингтонда Ироқдан қўшинларни олиб чиқиш билан хавфсизлигимизни оширамиз, дейдиганлар ҳам бор. мен бундай фиркларга қаршиман. Ироқдан чиқиб кетсак, у ерда террорчилар учун макон яратган бўламиз, у ердан туриб улар Америкага янги ҳужумларни уюштиришади”, - деди Оқ уй раҳбари.

Президент Буш бу сўзларни АҚШ армияси генераллари билан бўлиб ўтган учрашувдан кейин айтди.

Айни пайтда, АҚШ Давлат котиби Кондолиза Райс Қўшма Штатларнинг уруш стратегиясини қайта кўриб чиқиш учун “жиддий сабаблар йўқлигини” таъкидлади.

Ироқда кучайиб бораётган зўравонликлар оқибатида, у ерда сўнгги бир ой давомида америкалик 75 аскар ўлдирилди.

Айни пайтда, АҚШ Давлат Департаментининг мулозими Алберто Фернандез Ал-Жазира телеканалига берган суҳбатида, Қўшма Штатлар Ироқда “такаббурлик” ва “ахмоқлик” қилганини айтган.

АҚШ Давлат Департаментида Яқин Шарқ масалалари бюросининг дипломатия бўлими раҳбари лавозимини эгаллайдиган Фернандез суҳбат пайтида араб тилида гапирган.

Бироқ, Давлат Департаменти матбуот котиби Шон МакКормак Фернандезнинг баёнотига муносабат билдирар экан, дипломатнинг сўзлари араб тилида нотўғри талқин қилинган, дейиш билан чекланди.
XS
SM
MD
LG