Линклар

logo-print

Ғоясизликнинг номи "янги сиёсатми"?

  • Сарвар Усмон

Радио ёки телесюжетларни диққат билан эшитиб – кўрсангиз ва баъзида кеча эшитганингизга бугунгисини қиёсласангиз, ажабтовур эврилишлар гувоҳи бўласиз.

Мана бир мисол. Президент Каримовнинг Фарғона вилоятига сентябрь ойида қилган сафари тўғрисида Ўзбекистон ТВси тайёрлаган сюжетда мана бу гап бор эди:

"Фарғона вилоятида сўнгги йилларда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг самараси водийга кириб келишдаёқ яққол кўзга ташланади".

Орадан бир ой ўтиб-ўтмай, президент Каримов яна Фарғонага борди ва вилоят ҳокимини ишдан олди. Шундан сўнг Ўзбекистон ТВсининг вилоятга берган баҳоси кескин ўзгарди. Бир ой муқаддам айтилган гапнинг акси айтилди:

"Қишлоқ хўжалигидаги, саноатдаги, ижтимоий ҳаётдаги Фарғонада юзага келган бугунги вазиятни эътиборга оладиган бўлсак, аҳволни кўнгилдагидай, деб бўлмайдида..."

Фарғона вилоятининг, тўғрироғи вилоят раҳбарияти ва шахсан собиқ ҳокимнинг сентябрда айтилгандай "зўр"лиги ростмиди ёхуд октябрда айтилганидай "заиф"лиги ростми – бу савол жавобини бугун изламай қўяқолайлик.

Чунки бошқа бир гап бор. Маълум бўлишича, президент Каримов куни кеча Фарғонада, вилоят ҳокимини ишдан олгач, мана бу гапни айтган:

"Раҳбар ўзгарибди, деган маносабат, хулоса – бу нотўғри. Шуниям эшитинглар: "Раҳбар ўзгарибди, эмас, раҳбар ўзгариши билан сиёсат ўзгараяпти", деган хулосага одамлар келсин".

Аслида, Ўзбекистон раҳбарининг сиёсати ўзгарувчанлиги билан ажралиб туради. Тошкент у ёки бу ташкилотга (ГУ(У)АМ, КХШТлар каби), дам киради, дам чиқади, дам АҚШ билан яхши бўлади, дам Россия билан...

Бироқ Ўзбекистон раҳбарининг сиёсати ўзгарувчан бўладими ёки аксинча, изчил бўладими – бундан қатиъназар, у "раҳбар ўзгариши билан сиёсат ўзгараяпти", деган хулосага одамлар келсин" дер экан, бирдан ҳушёр тортасиз.

Фарғоналик Абдусалом Эргашев ўз президенти уқтираётгандай хулосага кела олмаслигини айтиб, мана бундай деди:

“Бу президентнинг ҳар галгидай, катта бир умид билан гапирган гапи. Деярли ҳаммаям сиёсат ўзгаришини кутади, лекин ҳали бирорта вилоятда раҳбарнинг ўзгариши билан сиёсат ўзгарганини ҳеч ким билмайди”.

Ўзбекистонлик таҳлилчи Комрон Алиевнинг фикрича, сиёсатдаги ўзгаришнинг йўналишини Андижон вилоятининг милициядан чиққан кадрга – Наманган вилоят Ички ишлар бошқармасининг собиқ бошлиғига топширилишида – қаттиққўллик сиёсатининг кучайтирилишида кўриш мумкин.

“Андижон – контрабанданинг бошланиш нуқтаси. Қорасувнинг уёғи Қирғизистон. Хитойнинг товарлари ўша ерга келиб тушади. У ердан эса товарларни, керак бўлса, ерни қазиб бўлса ҳам олиб киришади Ўзбекистонга. Тошкентнинг бозорлари Хитойнинг контрабанда товарларига тиқилиб кетган", - дейди Комрон Алиев. Унинг айтишича, Тошкентдаги, масалан электротехника асбоб-ускуналари ишлаб чиқарувчи корхоналар шунинг учун ишлолмай турибди.

“Давлат шу пайтгча вилоятдаги кучишлатар идоралар раҳбарларини алмаштириб кўрди. Лекин контрабандага барҳам беролмади ва натижада у ерда янаям қаттиққўлроқ сиёсат олиб борадиган раҳбарга муҳтожлик пайдо бўлди”, - дейди Комрон Алиев.

Ўзбекистонлик таҳлилчининг фикрича, у ёки бу вилоят раҳбарининг ўзгартирилиши Оқсарой олиб бораётган сиёсатнинг ўзгартирилаётгани белгиси эмас. "Сиёсатнинг тубдан ўзгартирилиши учун янги ғоялар керак, янги мафкура керак. Бундай ғоялар эса йўқ", - дейди Комрон Алиев.

Мамлакат олдида катта ғоялар турмаган, халқ ўша ғоялар атрофида жипслашмаган вазиятда муаммолар ечилаётгандай қилиб кўрсатишнинг энг осон йўли кадрларни тез-тез алмаштириб туришдир.

Ўзбекистонда худди шундай вазият ҳукм сураяпти, деган фикрдамисиз? Ғоя йўқми, халқни бирлаштирадиган?

Бугунги кунда бундай ғоя йўқ, чунки мафкуранинг ўзи йўқ. Биттагина мустақиллик ғояси бор. Лекин биргина мустақиллик ғояси атрофида халқни бирлаштириш имконсиздир. Чунки мустақиллигимизни халқаро ҳамжамият тан олган, унга ҳеч ким таҳдид қилаётгани йўқ.

Демак, Ўзбекистон раҳбари куни кеча Фарғонада "раҳбар ўзгариши билан сиёсат ўзгараяпти, деган хулосага одамлар келсин", дер экан, бу унинг ўша сиз айтаётган янги ғояни таклиф қилгани эмас?

Албатта, гап бу ерда ғоя тўғрисида бораётгани йўқ, балки бугунги кунда ҳукумат учун долзарб бўлган масалани шижоат билан бажарадиган раҳбарларни ишга тайинлаш холос.
XS
SM
MD
LG