Линклар

logo-print

Туркманбоши чекишни ташлади

  • Абдулла Искандар

Туркманистон президенти Сапармурод Ниёзов анча вақтдан буён юрак хасталигидан азият чекади. Яқинда унинг саломатлигини текшириш учун Германиядан немис врачлари чақиртирилди.

Немис врачлари Туркманистон президентининг соғлиғи ҳақида туркман телевиденияси орқали мунтазам маълумот бериб турибди.

“Туркманбошининг сиҳати барқарор. У ҳар куни эрталаб бадантарбия қилмоқда. Каспий қирғоғида денгиз ҳавосидан нафас олмоқда”, - дейди врачлар.

Немис врачларининг билдиришича, Туркманбоши ўз соғлиғи яхши бўлиши учун тиришмоқда. У соғлиғига хавф борлигини англаб етгани боис чекишни ташлаган.

Дунё туркманларининг Ашхабодда ўтаётган анжуманида С.Ниёзов юрак оғриғига қарши уч маҳал дори ичаётганини, шу сабабли рўза тута олмаганини маълум қилди.

“Ўринбосарларимнинг кўпчилиги рўза тутяпти, мен эса тутмаяпман. Мен юрак оғриғига қарши дори ичяпман - эрталаб, кундузи ва кечқурун. Мени айбламанглар", - деди Туркманбоши.

Немис врачлари эътирофича, С.Ниëзов ўз соғлиғидан кўра халқ фаровонлигини кўпроқ ўйламоқда.

“Нима ҳам дердик, ҳаëт ва иш тарзи унга оид. У фақат шу тахлит бахтли бўлиши мумкин”, - деди туркман телевидениеси орқали чиқиш қилган немис врачи.

Туркман мухолифати арбобларидан бири Худойберди Ўрозов эса Туркманбошининг нафақат юраги, балки мияси ҳам муолажага муҳтожлигини айтади.

“Немис врачлари кўп маълумотлар бермоқда, аммо туркман халқи учун Туркманбошининг мияси соғми ëки йўқми, деган маълумот жуда зарур. Агар унинг мияси жойида бўлганида ўз халқини бундай хор-зор қилмасди”, - дейди Х.Ўрозов.

66 ёшли С.Ниёзов 1997 йил юраги билан боғлиқ жарроҳлик амалиётини бошдан кечирган, бироқ ўшандан бери унинг саломатлигига оид маълумотлар расман сир сақланади.
XS
SM
MD
LG