Линклар

logo-print

“Зиг хайль” русларнинг чақириғига айланмоқда

  • Озодлик

4 ноябрда Россияда Халқ бирдамлиги куни нишонланади. Аммо бу сана ноқонуний муҳожирликка қарши ҳаракат кунига айланиб кетиши ҳақида хавотирлар мавжуд ва бу хавотирларга тўла асос бор.

2005 йил 4 ноябрда шу сана муносабати билан Москвада уч мингга яқин ирқчи иштирок этган катта тадбирда улар фашистлар доҳийси Гитлер каби “Зиг хайль!” дея баралла қичқирган эди.

Бу йил ҳам мамлакатда шунга ўхшаш тадбирлар бўлиши кутиляпти. Пойтахт ва мамлакатнинг йирик шаҳарларида тадбирга тайëргарлик кетмоқда.

Шундай тадбир ташкилотчиларидан бири, “Ноқонуний муҳожирликка қарши ҳаракат”нинг жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари ўринбосари Игорь Подовкин “Озодлик”ка берган интервьюсида бу ҳаракат тузилганига тўрт йил бўлгани ва унинг асосий мақсади ноқонуний муҳожирликка ҳукумат ва жамоатчилик эътиборини қаратиш эканини эслатди.

“Россияда расман 7 миллионга яқин ишсиз қайд қилинган. Норасмий маълумотларда эса бу кўрсаткич янада каттароқ. Биз Россиядаги ишсизлардан фойдаланишимиз керак. Уларни иш билан таъминлашимиз зарур. Уларнинг иш билан таъминланиши учун ноқонуний муҳожирлар тўғаноқ бўлиб турибди”, - деди И.Подовкин.

Россия фуқароларининг ишсиз қолаëтганига гастарбайтерларни айблаш қанчалик тўғри бўлади?

“Улар бу ердагиларнинг нонини яримта қилиб қўймоқда. Чунки улар арзимас пулга (бир бурда нон учун) ишлашга ҳам тайëр. Масалан, бу ерга келган одам ойига 100 АҚШ долларига ишлаши мумкин, маҳаллий аҳолига эса бу пул етмайди. Иш берувчига қайси бири маъқул? Албатта, кам пул бериб ишлатиш-да”, - дейди И.Подовкин.

Руслар гастарбайтерлар қиладиган ишга ишламайди, деган гаплар юради. И.Подовкин эса бу каби иддаоларни рад этди.

“Бекор гап! Москвада фаррошга 20 минг рубль маош тўланади. Бу 700 АҚШ долларига тенгдир. Бундай маошга ким ишлагиси келмайди, дейсиз.Агар танлов ўтказсангиз бир жойга 100 та одам тўғри келади. Коррупциялашган амалдорга, айтайлик, тожикларни олиб келиб, уларга йигирма минг эмас, беш минг бериб, қолганини ўзига олиб қолгани маъқул эмасми? Биз эса шунга қарши курашмоқчимиз”, - деди И.Подовкин.

Россияда ҳар йили бу каби ўнлаб тадбирларда ирқчилар ҳам фаол иштирок этиши сир эмас. Бироқ И.Подовкин ўз ташкилотининг ирқчиларга алоқаси йўқлигини айтади. Аммо шу жойда Россияда ўтган йили шунга ўхшаш тадбирда бир эмас, юз эмас, 3 минг ирқчи қатнашганини эслатиш ўтиш ўринли бўлади.

Бу каби тадбирлар Россиядаги ирқчилик кайфияти тобора кучайиб бораëтгани ва Кремль Тбилиси билан юзага келган зиддиятдан сўнг тўнини тескари кийиб олгани ҳақидаги иддаолар кучайиб боришига туртки бўлмоқда.

4 ноябрь куни ўтиши мўлжалланган ноқонуний муҳожирликка қарши тадбир гастербайтерларни овлаш учун янги баҳона бўладими ëки ...?

Ҳозир Россияда қонуний ишлаш ва яшаш тўғрисидаги ҳужжати бўла туриб депортация қилинишга тайëр муҳожирлар ҳам йўқ эмас.

Москвадаги “Мемориал” инсон ҳуқуқлари ташкилоти ходими Баҳром Ҳамроев ноқонуний муҳожирликка чек қўйиш учун қонуний йўллардан фойдаланиш зарурлигини таъкидлайди.

Унинг айтишича, “Ноқонуний муҳожирликка қарши ҳаракат” вакиллари 4 ноябрь куни намойиш уюштирадиган бир вақтда Москванинг бир қанча нуқталарида ноқонуний муҳожирлар иштирокида ҳам норозилик акцияси ўтказилади.

4 ноябрь кунги юришда минглаб ëшлар билан бир қаторда Давлат Думасининг айрим депутатлари ва сиëсий арбоблар ҳам иштирок этиши кутилмоқда. Демак, режалаштирилган тадбирнинг ягона ташкилотчилари “Ноқонуний муҳожирликка қарши ҳаракат” вакиллари эмасга ўхшайди.
XS
SM
MD
LG