Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:47

Владимир Путин халқига ҳисобот берди


Президент Владимир Путин 25 октябрь куни телевидение орқали россияликлар саволларига жавоб қайтарди. Унинг халқ билан мулоқотини мамлакатдаги етакчи радиостанциялар ҳам трансляция қилди.

Россия президентининг халқ билан 25 октябрь кунги телерадио мулоқоти шундай форматда 2000 йилдан бери ўтказилаётган бешинчи тадбирдир.

В.Путин оддий россияликлардан телефон ва Интернет ёки SMS жўнатмалари орқали келган саволларга жавоб берди.

Расмий маълумотларга қараганда, савол-жавобни ўтказиш арафасида россияликлардан президент номига 2 миллиондан зиёд савол келиб тушган.

Бундан ташқари, бир қанча шаҳарлар билан уюштирилган телекўприклар орқали россияликлар президентга шахсан мурожаат қилиш имконига эга бўлди.

Ўтган йилги мулоқотдаги каби В.Путин бу йил ҳам гапни Россия иқтисодиёти эришган ютуқлар билан мақтанишдан бошлади.

Россия президентининг миллатларо муносабатлар масаласида айтганлари нафақат россияликлар, балки ўзбекистонликлар учун ҳам қизиқ бўлса керак. Чунки шу кунда юз минглаб ўзбек Россияда ишлаб, бола-чақа боқяпти.

30 август куни Кондопога шаҳрида руслар ва чеченлар ўртасида бўлиб ўтган миллатларо тўқнашувлар давомида икки киши нобуд бўлган эди. Кондопогаликлар чеченларни маҳаллий бозорларга якка ҳоким бўлиб олганликда айблаган эди. Мазкур шаҳардан келган саволга жавоб бериб, Россия президенти бундай можароларнинг олдини олиш учун мамлакат қонунларига зарурий тузатишлар киритиш лозимлигини уқтирар экан, жумладан, бундай деди:

“Бизга бузғунчилар ҳам, иккинчи томондан коррупционерлар ҳам керак эмас. Савдо соҳасида, деҳқон бозорларида тартиб ўрнатишимиз лозим. Миграция ва уларнинг меҳнат фаолиятини ташкил қилиш ишида тартиб ўрнатишимиз керак”.

Россия – Грузия муносабатларига доир саволларга жавоб берар экан, В.Путин Россия Абхазия билан Жанубий Осетияга кўз тикаётгани йўқ, деган фикрни уқтирмоқчи бўлди.

“Россия Федерацияси таркибига қандайдир янги ҳудудларни қўшиб олиш масаласида шуни айтиб қўйишим керакки, биз ўз ҳудудларимизни кенгайтиришга интилаётганимиз йўқ, ҳатто Совет Иттифоқи тарқаб кетганидан кейин ҳам Россия ҳудудига кўра дунёдаги энг катта мамлакатдир. Еримиз ўзимизга етади”, - деди президент.

Лекин айни пайтда В.Путин миллатларнинг ўз тақдирини ўзлари ҳал қилишга ҳаққи борлигини ҳам таъкидлаб ўтди.

Савол-жавоб давомида у Шимолий Кореянинг ядровий дастури масаласига ҳам тўхталди. Президент мазкур масала юзасидан ўтказилган олти томонлама музокараларда қатнашган баъзи давлатларни сўзлашувлар жараёнини боши берк кўчага олиб кириб қўйганликда айблади.

В.Путин Россиянинг собиқ совет республикалари билан муносабатлари истиқболлари тўғрисида ҳам гапирди.

“Биз нафақат ҳаракатларимизни мувофиқлаштириш, балки, биринчи навбатда, иқтисодиёт соҳасида интеграциялашиш йўлидан олға боришимиз лозим”, - деди президент.

Россияликларни В.Путин ўз номзодини навбатдаги президент сайловига қўйиш-қўймаслиги масаласи ҳам қизиқтирди. У бу саволга жавоб берар экан: “Қилаётган ишим ўзимга ёқади-ю, конституция қаторасига уч марта сайланишимга рухсат бермайди. Лекин ҳатто президентлик ваколатларимдан айрилганимдан кейин ҳам, қонунни ўз манфаатларимга мослаб олмасам ҳам, сиёсат билан шуғулланаётган одам учун жуда муҳим бўлган нарса – сизларнинг ишончингизни сақлаб қола оламан, деб умид қиламан”, - деди.
XS
SM
MD
LG